Ғайрат Мажид шеъри: МУАЛЛИМ

0
141
марта кўрилган.

Ҳаёт китобининг аввали, боши,
Тоғлардан мустаҳкам сабру бардоши,
Сизга салом бўлсин, қалблар қуёши,
Сўзларнинг гулидан изҳори дилим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Сиздан ҳарф ўрганиб ўй-мақсад ҳосил,
Инсон инсон деган мақомга восил,
Ҳаёт сабоқларин олиб муттасил,
Сиздан баҳра олиб яшайди кўнглим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Гулларнинг номини билдик сиз сабаб,
Дилларнинг ҳолини билдик сиз сабаб,
Йўллар мақомини билдик сиз сабаб,
Оламни танитди сиз берган таълим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Навоий сўз ичра муҳтарам, мумтоз,
Ул зот шеър аҳлига беназир устоз,
Устозга кўрсатган эҳтиром, эъзоз,
Бу мактаб меҳридан мунаввар йўлим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Бемор шифо истар Синодан ҳамон,
Ҳазрат Нақшбандан таралгай ирфон,
Юлдузлар илмида Улуғбек – султон,
Устозлар туфайли бўлгандир олим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Агар шогирд топса элда эътибор,
Ҳаммадан илгари сизсиз бахтиёр,
Ҳар дилнинг сизларга ташаккури бор,
Соғлик, умр тилаб ҳормайди тилим,
Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

GUJUM.UZ таҳририяти барча муаллимларни ва барча соҳа  мураббийларини касб байрами билан қутлайди. Саломатлик ва касбий фролиятида, ҳаётида  омадлар тилайди! 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.