Гулистон Матёқубова: ОТАМ ОЧГАН СЎҚМОҚЛАР

0
106
марта кўрилган.

Гулистон Матёқубова: Ота-она умр қўрғони. Улар тиклаган бу қўрғон фарзандлар ҳаётига умрбод ота-она меҳридек илиқ, покиза, ойдин нурларни қуёш каби сочиб туради.

Умр баёни таърифида

…Оёқларим ерга тегди Ерни севдим,

Кўзим осмонни таниди Кўкка эндим.

Хаёлларим юлдузларнинг орасида,

Бир қиз ўсди меҳр-муҳаббат қалъасида.

Умр баёнимнинг боши нурга тўлган,

Отам-онам орзусига мақсад бўлган.

Умрим отам очиб берган сўқмоқларда,

Кунлар ўтди эртаклар, топишмоқларда.

Ариқларда оққан сувга юзим чайдим,

Ниҳол ўсса бўйи билан мен улғайдим.

Китоблардан ёруғ нурга тўлди кўксим,

Гоҳ Кунтуғмиш, гоҳ Алпомиш ёнда ўзим.

Гоҳ Қирқ қизга ўзим сардор бўлиб юрдим,

Гоҳо Гулиқаҳқаҳ бўлиб хаёл сурдим.

«Минг бир кеча» эртаклари уммон эди,

Ой тўлишган оқшом сири армон эди.

Онам сочим қирқта ўриб қўяр эди,

Ҳар ўримин меҳр билан силар эди.

Завқланарди мен тўқиган қўшиқлардан,

Лой пахсали уйим гўзал кўшклардан.

Гўё баланд сарой эди – ойдин-ойдин,

Сўқмоқлари кенгаярди уфқларга тенг.

Сўқмоқларда катта ҳаёт барқ урарди,

Тушларимда фақат нурлар кўринарди.

Нурлар тўкди ёш дилимга муҳаббатни,

Севиб, ардоқладим Сафармуҳаммадни.

Нурлар ичра орзуларим тўлиб тошди,

Тўрткўл осмонида севдим ой, қуёшни.

Радиода Тўрткўл бўлиб сўзладим мен,

Тўлқинлардан ўзлигимни изладим мен.

Отам тутиб қўлларимдан Тошкент сари,

Бошлаб кетди умидларимдан илгари.

Орзуларим, мақсадларим сезди отам,

Мен интилган сўқмоқларда кезди отам.

Журналистлик тақдир экан, одамларнинг,

Тақдирига ҳамдам бўлди қадамларим.

Тўрткўл рўзномаси севган, қароргоҳим,

Халқ ичида бўлди ўтган ҳар даргоҳим.

Шаҳар, туман депутати қилди халқим,

Сўнг пойтахтга йўллаб дуо қилди халқим.

Ота макон ишончини оқлаш учун,

Ўз касбимга садоқатни сақлаш учун.

Пойтахт Нукус-Чимбойдан, то Устюртгача,

Сўнгра Аму бўйларидан Тошкентгача.

Олий Мажлис минбарлари кутиб олди,

Сенатор бўл, қизим дея халқ ишонди.

Гоҳ машаққат, гоҳ хиёнат синовлари,

Сабр, ирода берди умр ҳар онлари.

Эл юртимга керакли тақдирдош бўлдим,

Одамларга дардкаш бўлдим, сирдош бўлдим.

Садоқатим шеъриятга ошно қилди,

Сатрларга аждодларнинг руҳи сингди.

Халққа хизмат қилдим илҳом, меҳр топдим,

Сатрларга вафо тўла сеҳр топдим.

Ҳар онимни китобларга бахш айладим,

Сўздан юртни, юртдан сўзларим сайладим.

Қорақалпоқ саҳросида гулдай ундим,

Иссиғига, совуғига бирдай кўндим.

Китобларим туғилди қалб парчасидай,

Ватан руҳи яшнаб турди барчасида.

* * *

Умрим «Ҳаяжоннинг етти ранг»1и бўлди,

Умрим менинг «Нурли кунлар» 2 тонги бўлди.

Умрим менинг очди кенг, «Ойдин остона» 3,

«Бахт келтирган баҳор» 4 бўлди ҳур омона.

Умрим менинг «Юрак билан юзма-юз»дир5,

Умрим очган узун «Йўлларингга чиқдим» 6.

Умрим деди: «Айт менга Тўрткўл ҳақида» 7,

Деди: «Севиб қолгин»8 кўп ҳикмат, ақида.

Умрим русийзабон бўлиб тилга кирди,

«Прекрасное чувство» 9 туғён бўлди.

Бўлди «Земля отцов» 10 оталарнинг Ери,

Умр «Дарёга ботаётган қуёш» 11 нури.

Сўнгра, русча икки «Избранное»12,

Ҳар жилдида шеъру достон тизилди.

Умрим «Ойболдоқ» 13да – сулув қизлар ичра,

«Қалб зураати» 14 ўзим юрган излар ичида.

Умрим 70 баҳор бўлиб айланади,

«Сайланма» 15нинг учта жилдида сайланади.

Иккинчи жилдида қатор достонларим,

«Дарёга ботаётган қуёш» 16 ли онларим.

«Қуёш қизи ёки само садолари» 17,

«Гужумдан бир шоха» 18 ўтмиш нидолари.

Достон бўлди «Зиёга ботаётган дарё» 19,

«Қисмат қиссалари» 21 эса дилга тўтиё.

Умр садоси «Тафаккур томчилари» 22да,

Умр тошар одамлар орзуларидай.

 «Гулойим» 23ни саҳналарнинг гули қилдим,

Жасур ва мард қорақалпоқ ҳури қилдим.

«Қорақалпоқ соз дунёси сардори» 24 бор,

Яхшиларнинг кўнгли тўла баҳори бор.

«Эл отаси» 25 билан фахрланар юртим,

«Янгиланган Қорақалпоқ диёр» 26 кўрки.

«Излаганларим» 27 бор «Ватаннинг руҳи»да28,

Фаришталар уйғоқ юртнинг шукуҳида.

Умр – «Жиров қалби» 29 элнинг қўбизида,

Умрим давом этар ҳар ўғил, қизда.

* * *

Энди «Қайтмоқ учун кетмоқдаман мен» 30,

«Ота уйи» 28 томон етмоқдаман мен.

Мени кутиб турар «Муҳаббат юрти» 31,

«Уйғониш нашидаси» 32да бахтимни кўрдим.

Умрим «Жайхун ёқасида ўсган бойтерак» 33,

«Гулдаста» 34 ҳар гули орзули эртак.

Умрим «Кўксимдаги нур»дан35 безанди,

Яхшилар англади, меҳрим қозонди.

Кўксимдадир «Қорақалпоқ кенгликлари» 36,

Эл-юртимнинг дарду ташвиш, шодликлари.

* * *

Умрим, менинг сўзда шеърим, достонимдир,

Умрим менинг муродларим, армонимдир.

Умрим она тупроқ узра бир томчи қон,

Умрим Ватан меҳри, умрим шу юртга жон.

Тақдир азалнинг ёзмиши умрим,

Мен севган кенгликлар ёз-қиши умрим.

Умрим баёнига қўйилмас нуқта,

У бепоёнликдир, у мангу руҳда.

Авлодлар меҳримни сезарлар дилдан,

Авлодлар умримни қўймаслар тилдан.

Қизлар дер, «Сизга ўхшагим келар» 37,

Авлодлар мен юрган йўлларда юрар…

* * *

Севиб дерлар, «Гул бор Гулистон ичра»38,

Садоқат, фидолик меҳрли кучда.

«Махтумқули» 39 сўзлар ўзбек тилида,

Икки жилд китоби халқим қўлида.

Аждодлар биродар, дўстдир азалдан,

Таржимада беш юз эллик ғазал бор.

* * *

Умрим менинг, ҳур, муродбахш ҳаётимдир,

Умрим менинг шеърга тушган баётимдир.

Умрим замонимдан сирли – ҳикоя,

Авлодлар ҳаёти – ҳур пиллапоя.

Умрим баёнида яшар китоблар,

Ҳар сатри авлодлар учун хитоблар.

Умрим мангулиги эрур ҳар китоб,

Ўғилларим китоб ичида офтоб.

Умримнинг давоми сулув қизларим,

Невара, эвара менинг изларим.

Умр баёнимда тугамас шуур,

Умр-туғён, сабр, мақсад ва орзу.

* * *

Умр баёнимни ўқиб кўрдингиз,

Кўнглим ҳикоясин англаб билдингиз.

Ушбу ҳикояга қўярман нуқта,

Аммо нуқта бўлмас руҳда, шукуҳда.

Менинг ҳаётимда нуқталар бўлмас,

Асрларга ўтар ҳар ёниқ нафас.

Кўп ундовлар ичра яшаб юрарман,

Қайта туғилажак бахтим кўрарман.

Биламан умримнинг йўқдир поёни,

Ватанга тақдирдош умрим баёни.

Мендан қолган кўнгил нидо бўлажак ,

Янги авлодларга садо бўлажак.

Кенгаяди отам очган сўқмоқлар,

Обод бўлар нурли яқин-йироқлар.

Осиё уфқида янги Ой порлар,

Бу Ой Ўзбекистон! Дунёни чорлар.

Тупроғига сингар жон билан таним,

Менга Она бўлган ота Ватаним.

«1-38» – Муаллифнинг китоблари, достонлари ва муаллиф тўғрисидаги китоблар.

Таҳририятдан: Дарҳақиқат, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоираси Гулистон Матёқубованинг ушбу достони ота-онага, Ватанга бағишланган  гўзал ва оташин қасида. Ушбу муҳаббатни муаллиф ўз асарларининг номи орқали ифодалагани янада  завқ-шавқлидир. Шу билан бирга  шоиранинг ижодий фаолияти, шеъриятда ўзига зос услуби мавжудлиги ҳам   акс этиб турибди. Шоира Гулистон Матёқубова (Аннақиличева)га янада юксак ижодий чўққилар ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.