Ҳаёт- омонат, эзгуликка интилиб яшаш лозим,-дейди профессор Дилором Ёрматова

0
703
марта кўрилган.

Бирор юртнинг аёлини билмоқчи бўлсангиз, ўчоғидаги қўрини кўринг, – дейди халқимиз. Чунки, аёлни аввало оиладаги тутими билан баҳолашади. Самарқандликларда азиз меҳмоннинг оёғи остига қўй сўйиб, қайнатма шўрва пишириш анъанаси бор. Яна шуниси, эътиборга моликки гўштнинг энг ширин жойини азиз меҳмонга қўйишади.

Профессор Дилором опа Ёрматова ота-боболаримиз урф- одатларига монанд яшаётган аёллардан бири. Неча марта меҳмондорчиликка чорлаган бўлса, дастурхонида қишлоқча шўрва, лаганлар тўла гўшт ҳамиша бўлади.. “Тошкентда турсак ҳам самарқанча шўрва қилдим. Тотиб кўринг” – дея мулозамат қилади. Она қишлоғига борса, Самарқанд нонидан албатта дўстларига илинади. «Нон ёпганда бувиларим қишлоқнинг кексаларига ёки ўзига бирор ҳунарни ўргатган устозларига олиб чиқарди. Бу удум инсонни қадрлаш билан бирга гўзал эзгу -тилакларни ҳам ўзида ифода этади. «Иссиқ нондан берилган садақа эл-юртга келаётган бало-қазони қайтаради, оилани кўзгу суқдан асрайди» дея ўзига хос фалсафа билан мушоҳада қилади ва аждодларнинг урф-одатларига садоқат билан яшайди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида ёшларга экологиядан сабоқ беради. У қишлоқ хўжалиги соҳасининг фидойиси. Юртимизда соя, зайтун, буғдойнинг янги навларини етиштириш борасида катта ишларни амалга оширган олиманинг  республикамизнинг барча вилоятларини, қишлоқларини, далаларини пиёда кезган десак хато бўлмайди. Ўтган йиллар  ичида юзлаб ёшларни фан оламига етаклади, уларнинг илмий изланишларига кўмаклашиб, устоз мақомига эришди. Бироқ у ўзининг устози олдида ҳамон шогирд, вақти-вақти билан ҳисобот бериб туради. Зеро у боқий оламга ўтган бўлса-да…

 Аёллар даврасида  устозлар ҳақида гап кетди. Баъзилар аспирантларнинг раҳбарлари  кўп нарсаларни талаб қилиши ҳақида гапиришди. Дилором опа эшитиб турди-да, гуручнинг ичида ҳам курмак бор, барча устоз ҳам бир хил эмас дея, ўз устози ҳақида гапириб берди:- Номзодлик ишимга ёрдамлашаётган илмий раҳбарим, устозим Говрилов Евгений Потопович қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор эди. Фаолият бошлаган пайтимизда бир сўмка нарса кўтариб борганимни эслайман. Сўмкани олдимда очди. Ичидан икки ноннигина олди. Ва бошқасини қайтариб берди ва шундай деди: “Нондан улуғ нарса йўқ, майли уни оламан. Бошқасини олиб кетиб болаларингга едир. Болаларинг ризқини менга олиб келишинг нотўғри. Иккинчи марта буни такрорлама”.

Йиллар ўтди Мен уларнинг раҳбарлигида фан номзоди унвонини олдим. Яна уларнинг маслаҳати, кўмаки билан фан доктори бўлдим. Биз устоз билан ўтган йилларда ота-боладек бўлиб кетдик. У кишининг сўзлари, маслаҳатлари халқ  ҳикматларини эслатарди. Устозим ҳаётдан ўтиб кетган бўлса ҳам унинг ўгитлари ҳамон ҳаётимни ёритиб туради. Мана улардан баъзилари:

-Ён атрофингдаги одамлардан яхши фазилатларни изла, афсуски. уларнинг ёмон томонларини сендан бошқа айтувчилар ҳам бор.

-Ҳаёт жуда қисқа эканлигини унутма. Унинг омонатлигини ҳис қил. Токи уни сенга омонатга берган Оллоҳ элчисини юборганида ўтган умрингдан афсусланма.

-Ҳаётингда илоҳий деб ҳисоблаган ва муқаддас санаган нарсаларинг бўлсин. Яқинларингни зиёратига боришдан вақтингни аяма.

-Қалбинг ғамларга тўлганда, ҳаёт кўзингга тор бўлганда ўтганларнинг қабрини зиёрат қилиб, улар ҳақига дуолар ўқиб қайт, токи кўнглинг ором олсин.

Ҳозир Самарқандга борсам, устоз қабрини тез-тез зиёрат қиламан. Ўтган ойлар ичидаги янгиликларни айтаман. Худди тириклигида мени эшитаётгандек гапираман. Овоз чиқариб гапираман. Худди у киши мени аввалгидек эшитиб маслаҳат берадигандек туюлаверади. Аслида  бутун дардимни гапириб туриб, шу ерда қатъий хулосага келаман. Бу устознинг руҳий мададимикан, ёки менинг мулоҳазалариммикан? Буни ўзим ҳам билмайман. Лекин у ердан дардларим тўкилиб, маслаҳатлашаётган мавзуда бир қарорга келиб, руҳим енгил тортиб чиқишим аниқ.

Ана шундай пайтда устозимнинг ўгити эсимга келади. Тез-тез ўтганларни зиёрат қилиб туриш керак экан. Шунда одам бу дунё ўткинчилигини англайди. Оёғи остига қараб юришга ўрганади.

Дарҳақиқат, қора ер билан битта бўлиб ётган буюклар ўзлигимизни англашга ёрдам беради. Қабристон сукунатида кезиб, уларга назар ташласангиз бири мармар билан безатилган. Бирига баҳайбат ҳайкал ўрнатилган, бири оддийгина лой сувоқда, бири атрофига турфа гуллар экилган. Ўйлашимча ҳаётда ҳам одамлар ана шундай яшаяпти. Энг асосийси улар эътиқодига монанд умргузаронлик қилишяпти. Ана шу парваришларни шогирдлар, фарзандлар, уларнинг аждодлари амалга оширган. Бу меҳр, оқибат, ўтганларга ҳурмат, инсоний эътиқод бўлиб, аслида дунёни ушлаб турган ана шу эзгуликлардир.

Дилором опа донишмандларга монанд фалсафаона мушоҳада қилади. Бу албатта, халқимиз удумларига ишониб, анъаналарини улуғлаб, устозларни эъзозлаб яшаб келаётган турмуш тарзидандир.

Қут-баракали оила етакчиси Дилором опанинг бир келини, икки куёви бор. Невараларини санашга қўрқади.

Олиманинг омади ва ютуқлари изланишларини пировард натижада элга фойдаси тегишини кўзлашишидадир. Яна соғлом авлод тарбиялашда халқона удумларни авайлаб-асраб келаётганлигида деб ҳисоблаймиз. Дилором опа ёшларга ўргатади: «Бодом камёб, чунки, у жуда фойдали. У озуқа бўлиш билан бирга, шифобахш, ҳар куни 15 донадан еган кишининг кўриш қуввати ошади, хотира яхшиланади. Айниқса, аччиқ бодом ёғи буйрак ва қовуқдаги тиқилмаларни тозалайди. Бодом мағзининг қанд билан аралаштирилгани дармонсизлик, нафас сиқиши, бош айланиши ва йўталга даво сифатида  ишлатилади».

Дилором опа янги туғилган чақалоқ неварасини, шогирдларининг фарзандларини «бисмиллоҳ» дея қўлга олгандан кейин «Элга буғдойдек барака, соя ва зайтундекдек мева бергайсан» дея алқаб, танглайини кўтаради.  Чунки, бир умр зайтун ва соя ўсимликларини маҳаллийлаштириш ва улардан олинадиган шифобахш неъматлар ҳақида изланди “Зайтун таркибида одам организми учун зарур бўлган 102 хил модда бор. Унинг ёғи ошқозон ичак касалликларига, юрак фаолиятини яхшилашга, одам танасидаги холестиринни камайтиришга ёрдам беради. Унинг барги дамламаси ангина, нафас йўллари касаллигига фойда қилади.  Мевасини истимол қилинса турли хил шамоллашлар ҳамда бод касаллигининг олдини олади, – деб тавсия қилади .

Умри давомида Дилором опа ўнлаб, юзлаб шогирдларга устозлик қилди. Бироқ устозимдек ёшларга устозлик қила олдимми дея ўзига савол беради. Ва устозидек намунали ҳаёт кечиришга интилади. Қизи- Ҳуснобод Хушвақтова ҳам она изидан бориб, фанга меҳр қўйди. Бугунги кунда иқтисод фанлари номзоди бўлиб, Дилором опа билан ёнма ён фаолият юритяпти. Ҳуснобод онасини ҳам онам ҳам устозим деб алқайди. Ўз касби ҳақида тўлиб тошиб гапиради. Мен ёш олиманинг сўзларини тинглар эканман, эзгулик аввало оналарнинг қалбида, вужудида куртаклайди. Сўнгра авлодларга кўчади. дегим келади.

Дилором опа адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратади. У ”Айланайин ишқ” асарида аёл ҳақида шундай дейди: “Сени энг буюк сўз тузувчилар минглаб йиллар давомида тупроққа тенглаштириб келдилар. Тупроқ каби хокисор деб таъриф айладилар. Аёл кел сендай улуғни, сендай муҳтарамани Қуёшга тенглаштирай. Сен борлиқ табиатга жон ато этувчи Қуёшнинг бир бўлагисан. Дунёни абадийлик сари етакловчи, гўзаллаштирувчи, аёл, кўзларингдаги кулгу билан яхшиликларга ундайсан.

 Бу сатрлар олиманинг ўзига ҳам тарифу тавсифдек. Унинг феъли тупроқдек хокисор, интилишлари, эзгуликлари қуёшдек юксак!

 Кенг қамровли ижодий фаолият.

Дилором Ёрматова иссиқсевар ўсимлик зайтунни Ўзбекистон тупроқига, иқлимига, умуман шароитга мослаштириб кўпайтириш фикрини кўтариб чиқди. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматидан лойиҳа ҳам олди. Аввало, Сурхондарёдаги фермер хўжалигида ўстириб кўрди. Бир қишдан чиққандан кейин ушбу хўжаликка борса, новдалари кесиб олинган, зайтун дарахтлари фақат таёқ бўлиб қолган экан. Сабабини фермердан сўраса, ниҳол сўраб келишган деҳқончиликка иштиёқманд одамларга бўлиб-бўлиб бериб юборганини таъкидлаган.  Олима илмнинг қадрига етадиган одамларни излай бошлади. Зокиржон Машрабовни ана шу муносабат билан йўқлаб борди, учрашиб фикрини тушинтирди.

– Менга Бобурнинг «Бобурнома» асаридан зайтун ҳақидаги фикрларини ва зайтун ўстириш ҳақидаги олимларнинг китобларини олиб келинг,– деди фонд раиси.

Олима архив титкилаб, зарур маълумотларни турли хил олимларнинг китобларини топиб, олиб борди. Шундай қилиб зайтунни экишни бошлаб юборишди.

– Ҳамкорлигимиз ёмон бўлмади. Юринг ўз кўзингиз билан кўринг,– дея мени боғ сари бошлади Дилором опа.

Мен Бобур боғида гуркираб ўсиб турган зайтун дарахтларини кузатиб, ҳайратландим. Дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган зайтунлар қиши қаттиқ  юртимизда ҳам баргини тўкмасдан мана мен деб турарди. “Дарахт нихоллари уч қишни кўрди, юртимиз иқлимига, тупроқига ўрганишди”, дея хурсанд бўлади Дилором опа. Олима юзлаб зайтунни кузатиб, баргини сийпалаб, ўз фарзандининг камолини кўрган онадек фахрланади. “Ниҳол ҳам парваришталаб фарзанддек гап, уларга алоҳида эътибор  керак. Шунинг учун Зокиржон ака зайтунларга қарайдиган деҳқонларни ажратган. Мен уларга  парваришлашни ўргатиб, ишларини кузатиб бораман. Илмнинг қадрини ҳамма ҳам билавермайди, шунинг учун ҳам у кишига ҳурматим баланд”– дейди Дилором Ёрматова.

Қиш палласи. Иссиқхонада ўстирилаётган зайтунлар билан ташқаридаги зайтунларни солиштираман. Пленка остидагилари уч йилда жуда баландлаб кетган. Шундан ҳам уларнинг иссиқсевар эканликларини билиш мумкин. “Бироқ, ташқаридагилари ҳам тутиб кетди. Баргларини ушлаб кўринг. Иссиқ ўлкаларда булар арчалардек ёзин-қишин баргини тўкмайди, Бизда ҳам шундай турибди. Шохчаларининг учини қайириб кўринг, у инграйди, чунки тирик”–дейди фикримни уққандай Дилором опа.

Мен ҳам Дилором опа авайлаб ушлаганидек ушлаб кўраман. Дилором опа ҳамкорлик қилаётган Бобур номидаги фонднинг фаолияти жуда кенг қамровли эканлигига тан бераман. Беихтиёр Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Алининг Андижонга Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигига бағишланган тантанани очаётганида айтган сўзларини эслайман. ”Кишида исътедод-у юртга меҳр-муҳаббат бўлса, элга нафи тегадиган кўп иш қилиши мумкинлигини Зокиржон ака мисолида кўриб турибмиз”. Дарҳақиқат,  бу  айнан Зокиржон Машрабов учун  ўз ўрнида  топиб, айтилган сўз эди. Мен бу сўзларни Машраб ака Дилором опа каби  юртимизнинг ҳар бир фидойилари учун айтгим келади.

ИНТИЛИШ  ВА ИЗЛАНИШ

Дилором опа мени шогирди илмий изланишлар олиб бораётган генетика илмий текшириш институтига таклиф қилди. Олима шогирди Музаффар билан эайтунларни генидан кўпайтириб совуққа чидамли навини яратиш учун ҳаракат қилаётган экан. Миттигина куртакдан олинган ўсимлик кичкина ёпиқ шишачаларда парваришланар, унга тегишли дориворлар солиниб, олти ой униб чиқишига кўз тикишар экан. Униб чиққандан кейин у кўзланган натижани берадими йўқми бу ҳам муаммо экан. У ерда юзға яқин шишачада зайтунлар тажриба қилинаяпти. Улардан бир фоиз мақсаддаги ниҳол униб чиқса ҳам марра олимлар томонида экан. Ана ўшандан кўчат кўпайтиришаркан.. У ерда узумнинг, пахтанинг бошқа мева ўсимликларнинг совуққа чидамли навларини яратиш устида иш олиб боришар экан. “Узум бизда азал-азалдан ўсади, нега янги навини яратиш керак экан”, дейман беихтиёр, “Олимлар агар совуққа чидамли навини яратишса, қишда  узумларни тупроққа кўмиш шарт эмас” деди олима.

 Дилором опа жуда жансарак ўзи ишлайдиган  Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида  зайтунзорлар яратди. Мана уч йил бўлди улар ўсиб турибди. Фақат уларни қишда пленкага ўраб илдизининг устига қипиқлар ташлаб авайлайди. “Бу мени шахсий тажриба майдончам”,- дейди олима.

Фан оламда машҳур қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматовани  республиканинг барча фермерлари Соя опа, Зайтун опа деб эркалаб айтишади. Дарҳақиқат, олима ҳатто ўзининг электрон почтасига соя-оливия деб ном қўйган. Шунингдек, лойиҳа асосида фермерлар билан шартнома тузиб, буғдой арпа каби  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳосилдорлигини  ошириш, иқтисодий самарадорлигини юксалтиришга ҳаракат қилиб юради. Нотаниш фермерлар ҳам телефон қилиб, турли хил ўсимликларни парваришлаш  борасида маслаҳатлар сўрашади. Фермерлар олимани “энг билимдон, самимий, беғараз ёрдам беради” дея  бир-бирига тавсия қилишади.

Олима андижонлик фермер Алижон ака Ахмедов билан эртапишар ва ҳосилдор буғдой навларини экиб кўрди. Мана етти йилки Қўрғонтепадаги “Оқ-сув” фермерлик хўжалиги билан ҳамкорлик қилади. “Биз олимадан хурсандмиз, ҳамкорлигимиз туфайли йирик — йирик буғдой навига эга бўлиш билан бирга, ғаллазорларимизнинг ҳосилдорлиги ҳам 50 фоизга ошди,”-дейди фермер Алижон Ахмедов миннатдорчилик билан. Олима Хоразмда, Қорақалпоқистонда, Қашқадарёда самарали буғдой навларини экиб яхши натижаларга эришди.

“Айни кунда мамлакатимизда соя экиш борасида мамлакатимиз Президенти қарори чиқди. Бу менинг кўп йиллик орзуим”,- дейди олима. Ҳозир барча вилоятларда соя учун  ерлар ажратилиб, соя уруғи танланаяпти. Бу борада у фермерларга ёрдамчи, улар тез-тез опани экин майдонларига таклиф  қилишади. Уларга маслаҳатини беради, агротехника хусусида ўзи ёзган китоблардан кўпайтириб тарқатади.

Дарҳақиқат, унинг деҳқончиликка оид   кўплаб  китоблари чоп этилган. Уларнинг баъзилари фермерларга, баъзилари ўқув қўлланма сифатида  талабаларга мўлжалланган. Шунингдек, айни кунда у шафран борасида ҳам фермерларга кўмакчи бўлмоқда. Шафронзорларни барпо этиш тўғрисида мамлакатимиз Президенти  Қашқадарёга борганида гапириб ўтгач, яна фермерлар ўзлари маслаҳат олиб ўрганган олимага телефон қила бошлашди.  Олима ўсимликнинг  агротехникаси тўғрисида маслаҳатлар бериб, интернетдан қўлланма чивариб тарқатмоқда. У деҳқонларнинг ҳар бир илтимосига эътибор билан қарайди.

Илмий сафар

Олима иқтисод фанлари доктори Фотима Назарова билан ҳам ҳамиша ҳамкорлик қилиб келади. Бири экинларнинг ҳосилдорлигига, иккинчиси иқтисодий самарадорлигига эътибор беради. Уларни ана шу қизиқиш бирлаштиради. Улар мамлакат деҳқончилигига илмий ёндошиш борасида бир- бири билан маслаҳатишади. Фан оламидаги икки йўналишнинг соҳибаси бўлган олималар ҳамкорликлиги албатта мамлакат тарақиётига муносиб ҳисса қўшади. Улар илмни амалиётга жорий этишда бир бирига  ёндош. Фотимахон Назарова шундай дейди: Биз бир гуруҳ олимлар билан тажриба алмашишга Британияга  бордик. Хорижлик касбдошлар барча олимларнинг  исми шарифини ёзиб илмий ишлари тўғрисида интернет орқали сўровномалар юборишди.  Улар орасида биргина Дилором Ёрматованинг илмий мақолалари чиқиб келди. У давр билан ҳамнафас ишлайдиган олима бўлиб, илмий мақолаларини чет эл нашрларида чиқаришга ҳам алоҳида эътибор беради.Интернет билан ишлайди, Элекрон почтаси энг яқин ёрдамчиси.

 Дилором опа ҳикояси

Ўз умрини, оромини, тинчлигини ва ҳамма-ҳаммасини мамлакат қишлоқ хўжалигини юксалтиришга бағишлаган фидойи инсоннинг тафаккур оламини кенглигини унинг сўзларидан ҳам англаш мумкин.

Зокиржон ака билан бир неча йиллардан бери зайтун дарди-захматида биргалашиб ишлаб келмоқдамиз. Андижонга бир борганимда у менга фонд томонидан чоп этилган “Тарихи РАШИДИЙ” номли китобни совға қилдилар.  

Китоб жаҳон талабларига мос, тарихимизга монанд гўзал тарзда жуда серҳашам, чоп этилган эди.,. Тарихчи олим бўлмасамда уни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда 13-15 асрлардаги Марказий Осиё мамлакатлари тарихига оид қизиқарли  маълумотларга дуч келдим. Муҳаммад Ҳайдар Мирзо яъни Ҳазрати Бобурнинг жияни “Тарихи Рашидий” номли китобида Туғлиқ Темурхон давридан Ҳумоюн подшоҳ давригача бўлган уруш силсилалари, жангу-жадаллар, хийла-найранглар, меҳру оқибатлар ва бошқалар бир-бир баён қилинади.

Мени ушбу китобда қизиқтирган фикрлар подшоликлар ёки жангу-жадаллар эмас, балки шу даврдаги табиат, об-ҳаво, боғлар, дарёлар, тоғу-чўллар, ҳайвонлар, гуллар, иморатлар ҳақида тарихчининг сўзлари эди. Китоб 729 бетли бўлиб, унда тарихий ишончли маълумотлар билан бирга шу даврнинг табиатини- боғларини, гулларини  тасвирловчи манбалар ҳам кўп эди. Бу борада ўзим кутганимдан ортиқ гўзал маълумотларга эга бўлдим.

Бугунги глобал исиш ва иқлим ўзгариши даврида у маълумотлар жуда муҳимдир. Табиий фанлар олими сифатида мени икки нарса жуда қизиқтирди, Биринчиси генетикага оид бўлиб, ёзилишича Юнусхон Бодохшондан Искандар авлодларидан бўлган аёлга уйланади. Келиб чиқишини қаранг-а Искандар авлодидан бўлган она Юнусхонга ақлли, одобли, доно 5 қизни туғиб беради. Ушбу қизларнинг исмлари бизга жуда таниш, Қутлуғ Нигор бегим, Эсон Давлат бегим, Меҳр Нигор бегим ва бошқалар.

Иккинчиси, антропологияга оид бўлиб, 417 бетда қабристондаги одам суякларини солиштириб кўрганда, бугунги одамлар суякларига  қараганда уларнинг суяклари йирик ва катта эканлиги маълум бўлади. АиФ газетасида профессор Мулдашевнинг Ироқда олиб борган кузатишларида гигант одамлар суяклари топилганлиги тўғрисидаги мақоласига  тўғри келмоқда.

Шунингдек, китобда, жаннат мисол боғлар, ширин мевалар, ёввойи туялар, қўтослар, қум саҳролари ҳақида жуда кўп  хабарлар келтирилган. Тибет ғаройиботларини ўқиган киши ўзини Тибетда бўлгандек ҳис этади. Мухаммад Мирзо Ҳайдар Кашмир водийсини 4 бўлакка бўлади, бу борада ишонарли маълумотларни беради. Таржимонларимиз, захматкашларимизга шундай гўзал тарихий китобни моҳирона  таржима қилганлари учун узоқ умр тилаб қоламан” дея алқайди. Чунки китоб ёзиш машаққатини яхши билади.

Олиманинг қизиқишлари дунёқарашлари жуда кенг. Биз олима билан бир неча марта хорижга сафарларда бўлдик.  У ҳамиша ўша мамлакатларнинг наботат оламига катта эътибор беради.  Камёб уруғларни, навларни юртга олиб келиб экиб тажриба қилиб кўришга иштиёқмандлиги мени ҳайратлантиради.. Юртни қадрлашни ундан ўрганиш керак деб қўяман. Ҳаётни, ўз юртини, касбини севган киши ҳамиша улуғланаверади.

Айни кунда олима ўзбек халқининг маликаси ва шоираси Нодирабегим ҳақида тарихий бадиий  асарни ёзиб тугатди. “Раъно сиз адабиётчисиз, шу билан қадриятларни, тарихни яхши биласиз, мана бу ҳолатни шундай шарҳласам бўладими” деб тез-тез телефон қилиб қолади. Биз узоқ суҳбатлашамиз. Фикр алмашамиз. Телефонни қўямиз. Янада бир-биримизни соғиниб қоламиз. Икки вилоятда туғилган кишиларнинг туғишгандек бўлиб кетиши, бир-бирини истаб, бир-бирини излаб, бир-бирига эзгуликлар тилаб яшаши дунё гўзаллигининг бир зарраси эмасми?!

Дилором опа, қутлуғ айём етмиш ёшингиз билан муборакбод этаман. Ён-атрофингизга яхшиликлар улашиб яшаш тарзингизга кўз тегмасин дейман! Ўзингиз севган гуллар ва юксакликлар билан!

Раъно Зарипова,

 Республикада хизмат кўрсатган журналист

Муаллиф олган фотолар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.