Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё!

0
140
марта кўрилган.

Қадимий гўзал обидалардек, ҳикматли, сабрга ундовчи  ривоят: Бир подшоҳнинг оқил маслаҳатчиси бўлиб, неки воқелик бўлса, “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор”, деб қўяр эди.

Кунларнинг бирида дастурхон устида ўтирган подшоҳ қўлини кесиб олди. Атрофдагилар югуриб келишди. Подшоҳ маслаҳатчиси одатдагидек: “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор”, деди. Бу гапдан ғазабланган подшоҳ: “Қўлимни кесиб олишимда қандай ҳикмат бўлиши мумкин?      Уни зиндонга ташланг, таъзирини есин”, дея амр қилди. Аскарлар маслаҳатчини судраб кетишар, шу ҳолатида ҳам у : “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор, ҳикмати бор”, дея такрорлар эди. Маслаҳатчисининг гапларидан подшоҳнинг баттар энсаси қотибди. Ўзини зиндонга олиб кетишияпти-ю, яна тағин “Бунинг ҳам ҳикмати бор”, дейди-я, ахмоқ?! Зиндонда ётишда нима ҳикмат бўлиши мумкин?!”.

Кунлар ўтиб, ов мавсуми бошланибди. Подшоҳ аъёнлари билан ўрмонга кийик овига чиқибди. Маълумки, кийик ўта сезгир ҳайвон, шу боис подшоҳ, лак-лак аъёнларини узоқроққа қолдириб, ўрмонга ёлғиз кирибди.  Подшоҳ кийикни пойлаб, билдирмай таъқиб қилиб бора-бора қаёққа келиб қолганини билмай ҳам қолибди. Шу пайт ёввойи қабила кишилардан бир нечтаси подшоҳни асир олишибди. Подшоҳ овози борича бақирар, лекин аъёнларидан биронтаси унинг гапларини эшитмасди.

Ўша ёввоий қабилада бир одат бўлиб, нима асирга тушса, ҳайвонми-одамми – фарқи йўқ: уни қурбонлик қилишар экан. Подшоҳ ич-ичидан йиғлар, шу аҳволда ўлиб кетишидан қаттиқ афсус чекар, аммо тақдирга тан бермоқдан бошқа иложиси ҳам йўқ эди.

Бир пайт қабила орасида ғала-ғовур бошланибди. Ниҳоят, улар орасидан биттаси келиб, подшоҳнинг оёқ-қўлларини ечибди-да, “Бор кетавер! Бизга керагинг йўқ!” дебди. Подшоҳ ажабланиб: “Бу бир ҳийлами? Мен қочиб кетаётганимда ўлдириш режасими?” дебди. Қабила вакили шундай жавоб қилибди: “Йўқ. Сени битта бармоғинг кесилган экан. Биз айбсиз, нуқсонсиз, мукаммал одамни қурбон қиламиз”. Подшоҳ ортига қайтиб кетар экан, беихтиёр оқил маслаҳатчисининг гапини эслабди: “Бунинг ҳам ҳикмати бор, ҳикмати бор…”

Саройига келган подшоҳ отдан тушар-тушмас амр этибдики, зудликда маслаҳатчини озод этиб, ҳузуримга келтиринглар…Маслаҳатчи ҳузурига келгач, аввал ундан узр сўрабди. Сўнг: “Ажиб иш содир бўлди. Аллоҳ таоло мени кесилган бармоғим сабаб ўлимдан нажот берди. Бармоғим кесилишидаги ҳикмат нима эканлигини билдим. Лекин бошқа бир нарса менга жумбоқ бўлмоқда. Аскарлар сени қамоққа олиб кетишаётганида ҳам “Бунинг ҳам ҳикмати бор”, дединг. Хўш, бунинг ҳикмати нима?” дебди.

Маслаҳатчи: “Эй подшоҳим, овда доимо мени ҳамроҳ қилмасмидингиз?”. Подшоҳ: “Тўғри, фақат сен билан овга борар эдим”.

Маслаҳатчи: “ Агар мени зиндонга ташламаганингизда сиз ила овга чиққан, ўша қабилага бирга асир тушган бўлур эдикки, сиз бармоғингиздаги жароҳат сабаб ўлимдан қутилиб қолар, мени эса қурбон қилишар эди. Чунки менда жисмоний нуқсон йўқ, бармоғим ҳам кесилмаган”, дея жавоб берибди…

Подшоҳ Аллоҳ таоло амр этган тақдирдан яна бир карра ҳайратга тушди: “Э-ҳа, ҳар бир ёмонлик ортидан биз билмаган яхшилик ҳам бўлар экан…”

Ҳаётингизда учраган, бугунги кунингизни маҳзун ўтишига сабаб бўлган ҳар кандай вазият ортида ҳамда сизни норозилик ҳолатингизга сабабчи бўлган инсонларнинг қилмиши ортида бир хикмат яширинган. Буни вақти келганда англаб етасиз.

Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам ишончингиз, умидингиз сўнмасин.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.