Ибрат: ўзимга ачиндим…

1
191
марта кўрилган.

Кўп қаватли уйда тураман. Мавземизга кираверишда, “Шифокорлар шахарчаси”нинг кичик бозорчаси бор. Ўзи кичик бозор бўлса-да, бирламчи эҳтиёж маҳсулотларининг бари мавжуд. Шу бозорча кираверишида икки аёл пиширилган жўхори сотади. Улар ҳар куни икки қоп маккажўхори олиб келиб, тирикчилик қилишади.

Юзлари офтобдан қорайган, қўллари меҳнатдан дағаллашган аёллар оғир-оғир қопларни кўтаравериб эркак сифат бўлиб кетишган. Мунис аёлларнинг бири, ўзимизнинг жайдари, иккинчиси голланд навли жўхори сотади. Икковининг ҳам ўзига яраша мижозлари бор. Суҳбатлашиб қолсангиз ҳар куни қора қозонни қайнатишга етарли маблағ топишини айтиб шукрона билдиришади…

 Фарзандларим маккажўхорини яхши кўришади, кунига бўлмаса ҳам гоҳида уйга албатта, маккажўхори олиб кираман. Охирги кунларда  аёлларнинг бири кўринмай қолди. Бу орада, жайдари маккажўхори сотувчи аёлнинг савдоси қизиди. Аёлнинг даромади ҳам аввалги кунларга нисбатан ошгани табиий.  Бугун, иккинчи аёл яна савдога чиқибди, у ҳам бир чеккада, тирикчилик дардида, ҳорғин ҳолатда ўтириб савдо қиляпти. Саломлашиб, кўришиб, опа бормисиз, фарзандларим “голланд жўхориларингиз”ни соғинди, нега кўринмай қолдингиз деб кўнгил  сўрадим.

 Улар ҳам кулиб: “Эҳ мижозгинам, мени жўхорим “голланд” навли, юмшоқроқ, сал қиммат бўлса-да тез сотилади. Шеригимники жайдари, ширин бўлса ҳам сал қаттиқроқ, шунга сотилиши камроқ. Даладан қатнаймиз.  Ҳаммамизнинг дардимиз бир, қорақозон, тирикчилик…… Бизнинг уйда иккита сигир бор, сутини сотаман, жўхорини ён фермадан олиб, пишириб сотаман, болалар ейман дейди, хуллас амаллаб яшаяпмиз. Шеригимнинг тирикчилиги эса фақат  шу  жайдари жўхоридан,  у  тўй бошлаб қўйган, мен-ку  сутимни сотсам ҳам куним ўтади, Шеригимга моддий ёрдам бера олмасам, ҳеч бўлмаса, мен йўғимда кўпроқ жўхори сотиб, кўпроқ пул топсин деб чиқмадим, унга эса мазам бўлмади, деб қўя қолдим”…

Ушбу  аёлларда ҳалолликка қурилган савдо ва иймон тўла қалбни  кўрдим ва хурсанд бўлдим. Ўзимни сарҳисоб қилиб, негадир беихтиёр хаёлимга хазонрезги гуриллаб турган олов келди, ўзимга ачиндим…» Эзгулик учун саъй- ҳаракат қилишга ҳеч қачон кеч эмас» дея шивирладим беихтиёр… Тавсия мендан хулоса сиздан…

Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Жуда таъсирли мақола чиқибди, рахмат. Ха орамизда мана шундай инсофли, меҳрли ва оқибатли инсонларимиз бор. Нафақат ўзини ўйлайди, нафақат ўз манфаатини ўйлайди, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ва ёнидаги сафдошларини ҳам ардоқлайди, ғамҳўрлик қилади… Бу ҳақиқий инсоний фазилатларга эга бўлган ватандошларимизнинг бағрикенглигидан, виждонли эканлигидан ва садоқатли дўстларнинг борлигидан шукроналар айтишга ундайди… Албатта бу ёшларимиз учун ИБРАТ МАКТАБИДИР!!!

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.