Иброҳим Алайҳиссалом ва Намруд Алайҳиллаъна

0
1512
марта кўрилган.

Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган. Унда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилддан иборат бўлган ушбу бебаҳо дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмида  Иброҳим Алайҳиссалом ва Намруд Алайҳиллаъна қиссаси  билан танишасиз.

Қуръони каримда 14- сура Иброҳим пайғамбарга бағишланган бўлиб, у 52 оятдан иборат. Муқаддас китобимизда  Иброҳим Алайҳиссаломга бағишланган оятлар бошқа сураларда ҳам мавжуд.(Р.З; Н.С.).

Иброҳим пайғамбар алайҳиссалом.

Эвди туғған, эрнак эмган, тоғда турган Иброхим.

Юлдуз англаб, ойни тонглаб, кўкка инган Иброҳим,

Айди бир кун:”Эй, она айғил манинг тенгрим ким ул”,

Айди:”Манман” ”сенинг тангринг ким?” тею сўрған Иброҳим.

Ўш отанг ул” теди. Айтур:”Ким отамнинг тенгриси?”

Айди. ”Намруд тенгриси ким?”, тею яна сўрған Иброҳим

Етти еру кўкнинг ҳижобин очди Мавломиз анга,

Остин устун Арш, Сароға тегру кўрган Иброҳим.

Ўғлини қурбон қилурда кўкда ўтлаб семирган,

Куч фидосин Жаброилдин ерда бўлған Иброҳим.

Болта кўтаруб тилку суйган бутни сўйған очтуруб,

Эт едурған, от чиқарған, ўт ўчурған Иброҳим.

Иброҳим ибн Торих ибн Соруҳ ибн Арғус ибн Фолиҳ ибн Обир ибн Солиҳ ибн Артус ибн Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом. Иброҳим ва Абраҳом исми Абун раҳимун сўзидан келиб чиққан бўлиб, оқкўнгил ота деган маънони англатади. Иброҳим Намруд ибн Кавс ибн Канъон ибн Нуҳ подшоҳлиги даврида яшаб ўтган. Айтишларича, бутун дунёга эгалик қилган тўрт султон ўтган. Уларнинг иккиси Сулаймон ва Зулқарнайн ялавочлар мусулмон, Намруд ҳамда Бухтнаср кофир бўлишган.

Бир куни Намруд тушида тахтини қўчқор суриб ташлаганини кўрди. Тонг билан мунажжимларни йиғиб таъбирини сўради. Улар дедилар: бу йил бир ўғил туғилади. У сендан салтанатингни тортиб олади. У бу хабарни эшитгач, барча юкли хотинларни назоратга олди, ўғил туғса ўлдиртирди, қиз туғса қолдирди. Намруднинг Торих исмли бир бут ясовчи яқин маслаҳатчиси бор эди. Бутга ружу қўйгани учун Озор деб ҳам атардилар. Озорнинг хотини Иброҳимга юкли бўлди. У буни яширди ва вақти-соати етганида бир ғорга бориб бўшанди. “Кўз ўнгимда ўлдирганларидан кўра қуш-қуртлар егани маъқул,” – деди у.

Мавло Таоло Жаброилни етказди. Боланинг бармоғини оғзига солди. Сут энди. Одамзод боласи ойда улғайса, у кунда кун каби тўлишар эди. Онаси гоҳ-гоҳ келиб, эмизиб хабар олиб кетарди. Етти ёшга етганида уни уйга олиб келишди. У бир куни онасидан сўради:

­– Мен яшаяпман, нафас олаяпман. Яратувчим ким?

Мен, – деди онаси.

– Сени тангринг ким?

Отанг, -жавоб қилди онаси.

Иброҳим яна ажабланди.

Отамнинг тангриси ким?

Намруд.

Намруднинг тангриси ким?

Намруд барча одамларнинг тангрисидир, деб онаси уришиб берди.

Отаси боланинг саволларидан қўрқиб кетди. Яна тоққа олиб бориб ташлашни буюрди. Онаси уни яна ғорга элтди. У тоғлар орасида ёлғизликдан зерикар, ҳақиқатни билгиси келарди. Мени яратган эгам саждани ўргатмайдими, дея нидо билан кун кечирди. Тун бўлди. Зуҳра юлдузини кўрди, уни тангри деб ўйлади. У билан сўйлашди. Тонгда юлдуз сўнгач, кўнгли тўлмади. Эртасига тўлин ой чиқди. Унга сиғинди. У ботди. Қуёш чиқди, унга сиғинди. У ҳам ботди.

Шунда у “Мен ер ва осмонларни яратган зотга юзланаман, -дея хулосага келди. Оллоҳ унинг дилига солди: етти қат ерни, етти қат кўкни яратганга сажда қиламан, мусулмонман дея қайта-қайта такрорлади.

А раббун йабулу ас-аълабани а айнун бирасихи

Лақод залла ман балат алайҳи саълибу

Бариту мин аз-золли ва ош-ширки куллиҳи

Ва оманту биллахи аллази ҳува ғолибу

таржимаси:

Тенгрими бўлур бошинға тилку суйса бир соғин.

Кўзлари кўрмас қоронғу ҳам тили анинг оғин

Ман булардин кўп йироқмен, қулман Оллоҳ мавлога,

Қуршаниб қуллуқ қўрини берк тутарман ёрлиқин.

Онаси у тавбага келгандир деган умидда уни тоғдан яна уйга олиб кетди. Отасининг ёнида бут ясаб, уларни муҳофаза қилиб етти йил юрди. Бутхонага келганларга бутга эмас, бутун оламнинг яратувчиси ёлғиз Оллоҳга сиғинишга даъват этарди. Одамлар бу ҳақида отасига етказишар эди. Бир куни отаси Иброҳимга ўзи ясаган бутларни бозорга олиб бориб сотишни буюрди.

Сиз буларга нега сажда қиласиз? Бизни кўрмайдиган, эшитмайдиган, ўзини ҳимоя қилолмайдиган нарсага меҳр қўйишлик хато? Эй, отагинам, менга илм берилди, менга қулоқ солинг. Тўғри йўлга бошлайин, шайтонга ибодат қилманг. Тўғри йўлдан адаштирадиган ва Оллоҳга шерик қилинадиган нарсалар адаштиради. Мен ғолиб бир Оллоҳга имон келтирдим, – деди Иброҳим.

Агар сен худоларимни ҳақорат қилишдан тўхтамасанг, сени тошбўрон қилиб ўлдираман, мендан абадул абад узоқ бўласан, – деди отаси.

Иброҳим шаҳардан чиқиб, чўлу биёбонга бош олиб кетди. Оллоҳга сажда қилиб юрди. Отаси оламдан ўтиб, бутлар муҳофазаси Ҳозарга қолди. У Лут пайғамбарнинг отаси эди.

Уларнинг ийд куни бўлди. У кун бутхонага ош ва донлар келтиришар, бутларни қут-барака соҳиби деб билишарди. Ҳамма байрамни нишонлагани майдонга кетганида Иброҳим бормади. Бутхонга кириб уларга деди: Қани емайсизларми? Нима бўлди сизларга, гапирмайсизлар? Бутлар жим эди. Барчасини парча-парча қилди. Халойиқ қайтгач, Намруд сўради: Бизнинг маъбудларимизни хонавайрон қилган золим ким? Унга Иброҳимнинг иши эканлигини етказишди. Сен қилдингми, мудҳиш ишларни эй, Иброҳим? –сўради у.

Агар улар сўзласалар, ўзларидан сўранглар. Эй, ғофил бандалар! Сизлар Оллоҳни қўйиб бирор нарсада нафи тегмайдиган ва зарари ҳам йўқ оддий тошларга ибодат қиласизларми? Менинг парвардигорим шундай зотки, у тирилтиради ва ўлдиради.

Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман, – деди Намруд. Сўзини исботлаш учун маҳкумлардан бирига ҳаёт ином этиб, бирини ўлдирди. Иброҳим Намруднинг ахмоқлигига ҳайрон бўлди.

Менинг Оллоҳим қуёшни машриқдан чиқаради ва сен уни мағрибдан чиқариб кўр.

Намруд ҳайрон бўлиб қолди ва деди: Уни ёндиринглар ва ўз маъбудларингизга мадад беринглар.

Шу ерда садоқат ҳақида бир ривоят келтирилади: Иброҳимни ёқиш мақсадида минорадек ўтин тўпладилар. Ўтинларни от, эшак, туяда ташиб келмоқчи бўлдилар. Бироқ, улар бир қадам ҳам юрмадилар. Фақат хачир ўтин ташишга рози бўлди. Иброҳим уни лаънатлади. Шунинг учун унинг уруғи қуриди. Қалдирғоч оловни ўчириш учун тумшуғида сув қатнади. Иброҳим уни эзгу дуо қилди. Шунинг учун у бунги кунда эъзозда. Чумчуқ эса ўтинга ўтин ташлади. Иброҳим уни ҳам лаънатлади. Шунинг учун одамзод уни тутиб оловда қовуриб ейди.

Қирқ кеча қирқ кундуз олов гуррилаб ёнди. Устидан қуш учса қаноти, ёнидан одам ўтса оёғи куярди. Оловнинг баландлиги йигирма қари эди. Кофирлар Иброҳим пайғамбарни оловга қандай отишни ўйлашди. Шайтон уларга дўзахда кўрганини нуроний чол сувратида келиб ўргатди. Манжаниқ (палахмон) ясаб унга солиб отишни режалаштирдилар. Палахмон ер юзидаги биринчи қуролдир. Унгача одам боласи манжаниқдан фойдаланмаган. Иброҳимнинг оёқ қўлини етмиш ботмон тош билан боғлаб, палахмонга қўйдилар. Ундан сўрадилар: “Иброҳим қўрқмаяпсанми?”

Кимнинг қалбида Оллоҳнинг ўти бўлса қандай қилиб, у одамларнинг ёндирган ўтидан қўрқсин. Менинг қалбимдаги олов Оллоҳ таолонинг ўтидир. У сизларнинг ёндирган ўтингиздан кучлироқ. Сизларнинг ўтингиз эса бу дунёнинг оловидир. Манжаниқни босдилар, тош яъни Иброҳим отилмади. Қайта-қайта такрорладилар бўлмади. Фаришталар босиб турганини сезиб яна шайтон ўргатди. “Золим, фоҳиша хотинларни келтириб, эркаклар билан нахс ишни қилдиринг”. Шундай қилишди. Фаришталар қочишди. Палахмон отилди. У пайтда Оллоҳ таоло амри билан Жаброил етиб келди. Шайтон манжаниқни жаҳаннамда кўрган эди. Дўзахийларни чуқурдаги ўтга отардилар. У дўзахнинг ўзидан етмиш бора даҳшатлироқдир.

Эй, Иброҳим, тилагинг борми, деб сўради Жаброил.

– Сенга ҳожатим йўқдир. Аммо, Аллоҳнинг менинг ҳолимни билишлиги сўрашимга ҳожат қолдирмайди, – деди Иброҳим.

Эй, олов, Иброҳим учун совугил ва саломат бўл, – деди Жаброил.

Уламолар айтадиларки, совуқ ва саломат бўл демаса, Иброҳимни совуқ ҳалок қиларди ва оловга саломат бўл демаганида инсон ўтдан фойдаланишни, овқат пиширишни қиёматгача билмас эди, дейишади.

Жаброил ўт узра номозжой келтирди. У ерда Иброҳим намоз ўқиди. Ўт уни куйдирмасди. Атрофида биллур булоқ сувлар оқар, ёз чечаклари турфа ҳид таратиб товланар, хурмо ёғочи ям-яшил бўлиб турарди. Минорага чиққанлар бу ҳақида Намрудга етказишди. Намруд минорага чиқиб, оловнинг устини кузатди. Уни кўриб қаттиқ қўрқди. Ушбу дамда бошланган зилзила етти куну тун давом этди. Намрудга ўтнинг иссиғидан ер қимирлаётганини айтишганида оловга сув сепиб тўхтатишга интилдилар. Золимларнинг юзи, кўзи чўғ тафтида қорайди.

Иброҳим олов ичидан омон чиқиб келди. Золимлар қўлидан соғ-саломат чиққан Иброҳим Намрудни мусулмонликка даъват этди. У “вақт бергил, атрофимдагилар билан кенгашай,”– деди. Атрофидагилар “сени ҳамиша тангримиз деб келдик. Энди Иброҳимга қул бўласизми,”– деб кўнмадилар. – Нима учун ўтда куймади биласанми, чунки ота-бобомиз ўтга сиғинганлар, уни боболар руҳи қўллайди, дейишди улар.

Расул алайҳиссалом айтадики: Олти турлик кишиларни қиёмат куни дўзахдаги қайнаб турган чуқурга отарлар: биринчиси, султонлар қўлида бу киши бундоғ йўллиғ турар деганни, яъни ғийбатчини, иккинчиси, етим ҳақини еганни, учинчиси золимларни, тўртинчиси – ота–оналарини ҳақорат қилганларни, бешинчиси- зинокорларни, олтинчиси –худо йўлида садақа қилмай, зебу-зийнат, дабдабага ружу қўйганларни.

Намруд оловни ёққани Ҳозарга буйруқ берди. Қандай қилиб Иброҳимни йўқ қиламан. Ҳозар Лут пайғамбарнинг отаси эди. Ҳозар бир чуқур ковлашни ва уни тутунга тўлдиришни маслаҳат берди. Тубини тор, оғзини кенг қилиб, чуқурни сомон ва фойдасиз ифлос нарсалар билан тўлдирдилар. Ҳозар сомонга ўт қўйди. Мавло ёрлиғи билан шамол турди. Оловни ўчирди, чуқурдан бир кесакни келтириб Ҳозарни бошига солди. Томошага турганларнинг кўзи тутундан кўрмас бўлди. Иброҳим яна саломат қолди.

Сора розияллоҳу Иброҳим ёнига келди. Айтишларича Сора энамиз Намруд ёнидаги катта беклардан бирининг қизи эди. Яна айтадиларки, Ҳозарнинг қизи эди. У оқила ва доно бўлиб, Иброҳимдан сўради: Сен сиғинган Оллоҳинг кучли экан, агар унга сажда қилсам мени жаннатга доҳил қилурми?

Ҳа, эзгу йўлга бошлагай жойингни жаннатда қилгай, – жавоб берди Иброҳим.

Эй, Иброҳим, менга уйлансанг шарт билан мусулмон бўларман,– деди яна Сора.

Мени қалин пулим йўқ сенга бергани, – жавоб қилди Иброҳим.

Шариатинг бўйича мен нимани сўрасам бажарурсан. Шу сенинг қалин пулинг бўлади. – Дея жавоб қилди Сора энамиз.

Яна бир ривоятда айтилишича, олов ўртасидаги жаннатий ҳолни – чашмаю турфа гулларни кўриб, Намрудга мусулмон бўлиш истаги келади. Бироқ, атрофидагилар кўнмайди. Уни тутунга бўктиришни режалаштиришади. Лут алайҳиссалом бу хабарни Иброҳимга етказди. Улар кечаси шаҳардан чиқиб кетишади. Намруд йўлга соқчилар қўйди. Иброний тилда сўзлашгувчи одам ўтса тутинг деб буюрди. Ушбу тунда Оллоҳи Таоло амри билан барча тиллар айниди. Айтмишлар, 72 турли тил ўшанда пайдо бўлди.

Намруднинг ўпкаланиши ўтгач, Оллоҳ Иброҳимни Намрудни яна мусулмонликка даъват этишга йўллади.

Эй Намруд, бутга сиғинма, етти қат осмонимиз, етти қат ерни яратган Оллоҳ буюк зот бордир. Унга сажда қил. У ягонадир. Мен унинг элчисидурман.– Деди.

Мендан азиз ва улуғ тенгри борми? – деб Намруд ўзига бино қўйди.

Бор. У сени яратди, сенга мол дунё, салтанат берди, ер-у кўк тагриси удир, – дея жавоб берди Иброҳим.

Тенг – тенги билан сани тангринг билан жанг қиламан.– Жавоб қилди Намруд.

Намруд қурол-яроқ тайёрлай бошлади. Подшоҳнинг сўзи Оллоҳга етди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.