ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚМИ, ҚАРМОҚМИ?

0
27
марта кўрилган.

Ижтимоий тармоқларни музлаткичга ўхшатса бўлади: ичида ҳеч қандай янги нарса йўқлигини билсангиз ҳам, ҳар беш дақиқада очиб кўраверасиз. Тарки одат — амримаҳол деганларидек, ижтимоий тармоқнинг қармоғига илинсангиз бас, ҳушингиз вақт беҳуда ўтаётганини англагунича бир неча соатлар ўтган бўлади. Кичкинагина митти темир қутича бераётган ахборот кўлами жуда катта. Қақраб ётган чўл сувни қандай тортиб олса, миямиз ҳам керакли-кераксиз ахборотни шундай тортиб олади. Машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматов айтганидек, ошқозон мияга қараганда ақллироқ, чунки ошқозон кераксиз нарсани қайтариб чиқаради, мия эса ҳар қандай ярамас нарсани ҳам ютиб юбораверади.

Ижтимоий тармоқ биз учун ҳамма нарса: чексиз маълумотлар базаси, дўстлашиш майдони, янгиликлар улашувчи восита, ўйинлар олами, янги билимлар калити, реклама, бизнес учун катта имкониятлар эшиги. Афзалликларини санасак, тугамайди. Интернет ҳар бир соҳа учун муҳим аҳамият касб эта бошлади, чунки глобаллашув асрида яшаяпмиз.

Бугун бутун дунё аҳолисининг 63 фоиз қисми интернетдан фойдаланар экан. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоиз қисми фаол интернет фойдаланувчиси. Юртимиздаги энг кўп фойдаланиладиган тармоқ “Instagram” платформасидир. Тармоқ фойдаланувчиларининг асосий қисмини 18-35 ёш оралиғидаги қатлам ташкил этади. Бу кичик кўрсаткич эмас, албатта. Фойдаланувчиларнинг катта қисми ёшларни ташкил этиши яхшими ёки ёмон? Танганинг икки томони бўлганидек, ёш қатлам замонавий технологик билимлардан қанча устомонлик билан фойдаланса, тараққиёт жиҳатидан илгарилаш жараёни тезлашади. Бошқа тарафдан қарасак, бузғунчи ғояларга қарши ёшлар онгида етарлича иммунитет шаклланмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда улар онгида қабул қилинган ҳар қандай ғоя ёшларни ишонтириши, даъват этиши ҳаётга катта таҳдид эканлигини таъкидлаш керак.

Яқинда қизиқ бир маълумот ўқиб қолдим. Ижтимоий тармоқлар инсонни бахтсиз қилар экан. Нега дейсизми? “Instagram” саҳифасига бир қаранг-чи, ҳамма бахтиёр, ҳамма бекаму кўст, шундайми?

Аслини сўрасангиз, тамоман бошқа. Тармоқни кузата туриб, ҳаётингизни тафтиш қила бошлайсиз, нега ҳамманинг иши беш, сизнинг эса кетмонингиз учмаяпти?! Таъсир ўтказмайди, деманг, бу ҳолат бевосита таъсир қилади. Ўзингиз истаб-истамаган ҳолда ҳаётингизни таққослайсиз, турмушингиздан кўнглингиз тўлмайди. Бу эса тушкунликка сабаб бўлади.

Олимлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш болалар ҳамда ўсмирлар соғлиғида руҳий хасталик, депрессия каби салбий оқибатларга олиб келиши юзасидан огоҳлантирмоқда. Бу хавф фақат болалар, ўсмирларга эмас, катталарга ҳам бирдек кўланка солади. Қўрқинчли фильмларни кўп томоша қилган инсонларда руҳий мувозанатнинг бузилиши жуда кўп кузатилган. Тармоқларга ўрганган инсонларда эса ўзи яшаб турган ҳаётдан узоқлашиш, виртуал оламга қарамлик жараёни кучайиб бораверади.

Ўсмирлар ўзидаги ёлғизлик ҳиссидан халос бўлиш учун ижтимоий тармоқлардан “ёрдам” олмоқчи бўлишади. Лекин бу тескари ҳолатни, яъни ёлғизлик ҳисси кучайишини келтириб чиқаради. Хавфли жиҳати шундаки, ёшлар орасидаги ёлғизлик кайфияти юқори ўлим кўрсаткичлари билан бевосита боғланади. Шу ўринда бир фактни келтирсак. Кунига 2 соатдан кўп вақтини тармоқларда ўтказувчи ўсмирлар тенгдошларига қараганда ёлғизликдан икки баробар кўпроқ азият чекар экан.

Маълумот ўрнида, мобиль қурилмалар катта нурланиш манбаидир. Олимларнинг фикрича, ҳатто чўнтагингизда юрадиган телефон ҳам бош мия, юрак, жинсий тизимга ёмон таъсир кўрсатади. Унда нурланиш кучлилиги сабаб саратон касаллигини келтириб чиқаради. Соатлаб гаплашиш эса сурункали бош оғриғини юзага келтиради. Нафақат руҳиятингизга, балки соғлиғингизга ҳам шунча хавф туғдирадиган тармоқнинг салбий оқибатларини ҳар доим ҳам англаб етавермайсиз.

Барча соҳада етакчиликни қўлга олаётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини кўпайтиргани сайин тармоқ орқали жиноятлар ҳам ортиб бораётганлигини инкор этиб бўлмайди. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, унинг зарарларини ҳали тушуниб улгурмаган янги фойдаланувчилар фирибгарликдан кўп азият чекишади. Қизиқарли видеолар кўраётганингизда осмондан тушгандек “Даромад қилишни ўргатамиз” маъносидаги видеолар чиқиб келади. Ўтказиб юборсангиз, кейингиси чиқади. Қизиқиб, кириб кўрасиз. “Даромад топиш бўйича ўқитамиз” ёки “Пул тиксангиз, кўпайтириб олишингиз мумкин” қабилида гапириб, сиздан пул олишади. Алданганингизни дарров сезмаслигингиз мумкин, лекин англаганингиздан кейин дардингизни кимга айтасиз? Кузатувчи сифатида шундай видеоларга билдирилган муносабатларни эринмай ўқийман, фирибгарликдан жуда кўп одам азият чеккан бўлиб чиқади. Эҳтимол, бу борада ҳам маълум чекловлар керакдир.

Ўғрига ўз бойлигини қўшқўллаб тутқазган одамни кўрганмисиз? Ўша одам бугун — сизу биз. Ажабланманг, вақт дея аталган бебаҳо бойликни ўз қўлларимиз билан “ўғри”га тутиб беряпмиз-ку! Сиз ижтимоий тармоқни назорат қилмагунингизча тармоқ жиловингизни қўлида тутиб тураверади. Ҳар ишда меъёр бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳамиша оҳанрабодек ўзига тортиб турадиган тармоққа меъёр қўйиш унчалик ҳам осон эмас. Интернетни бекорга “ўргимчак тўри” дейишмаган, тўрга тушсангиз, қутулиб чиқиб кетишингиз учун озмунча ҳаракат қилмайсиз.

Ижтимоий тармоқдан фойдаланмаслик керак, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Бугунги замон кишиси учун интернет жудаям зарур. Янгиликни портловчи “бомба”дек эмас, янги имкониятлар калити, ундан эзгу мақсадларда фойдаланиш керак деб ёшларга уқтирмоқ лозим. Хавфли инсонлар фақатгина ҳаётда эмас, тармоқда ҳам етарлича топилиши, бу жиддий масала эканлигини тушунтириш, биринчи навбатда, ота-оналарга таълим ўчоқларда эса устозларга юклатилган улкан масъулиятдир.

Ирода РАҲМОНАЛИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси етакчи мутахассиси.

«Ҳуррият» газетасининг 2024 йил 18 сентябрдаги 37-сонидан олинди

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.