“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
363
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Савол: Яъқуб ва Юсуф ҳар иккаласи ҳам пайғамбар эдилар. Саксон йил айрилмоққа сабаб не эди?

Жавоб: Яъқуб ялавочнинг Мубашара номли хизматкори бор эди.  Унинг Башар деган ўғли бор эди. Улар бирга ўйнаб юрганида Юсуфга бир тарсаки урди. Юсуф йиғлаб, отасига келди. Яъқуб онт ичди. Башарни сотаман деб. Охир онасидан айириб сотди. Онаси Мубашшара бўзлаганича қолди.

Тагри тақдир қилди: “Эй Яъқуб сен Башарни онасидан айириб сотдинг, мен ҳам сени Юсуфдан айириб сотгайман. Барча билсинки, этни тирноқдан айириб бўлмас”.

 Айтишларича, Мубашшара ўғли доғида куйиниб кўр бўлди. Яъқубнинг ҳам кўзи кўрмас бўлди.

Бир кун Мубашшара  йиғлаб Яъқуб ялавочга келди. У Оллоҳдан сўради: “Илоҳий, Мубашшара ўғлини топгайми? Мен ҳам ўғлимни қучарманми?”

Хитоб келди: “Эй Яъқуб тақдир  Мубашшарага ўғлини учраштирмагунча сен ҳам ўғлингни бағрингга ололмассан”. Яъқуб ялавоч бу сўзни хизматкор аёлга айтди. У қувонди ва умидли бўлди.

Доимо Канъон йўли бошида ўтганни пойлаб ўтирарди.  Ўғли Башир Мисрда қул эди. Юсуфнинг тириклиги ҳақидаги хабарин билдиргани Рубил Башир билан йўлга чиқди. Башир олдинда кетарди.  Канъонга етганда онаси ўтирган уйчани кўриб, ундан сув илтимос қилди. Онаси сув берди. “Қайдан келурсан, қайга борурсан” сўради. Башир айтди: “Мисрдан келяпман, Канъонга борарман. Яъқуб ялавочга ўғли Юсуф ҳақидаги хушхабарни етказмоқчиман”. Онаси айтди: “Ёлғон айтяпсан?”

—Эй кампир, мени сўзимни нега ёлғон деяпсан?

—Мен ўғлимдан айрилганман. Яъқуб пайғамбар дуоси билан Мавло таоло хабар етказган Мубашшара ўғлини онасига қовуштирмагунча, Юсуфни бағрига қайтармайман деб. Менга ўғлим ҳақида хушхабар келмади, Яъқубга қандай хабар келиши мумкин?

—Онахон, отингиз нима, — сўради Башар.

—Мубашшара.

—Ўғлинг оти нима эди?

—Башир.

Бу суҳбатдан кейин Башар ўзини тевадан ташлади, онасининг оёғини тавоб этди.

—Мен сен истаган ўғлингман, — деди Башир.

Мубашшара ўғли билан қучоқлашгач, кўзлари очилди.

Айтмишлар, Рубил Мисрдан чиқиб, Канъонга йўллангач, Яъқуб ялавоч Юсуфнинг кўйлагининг ҳиди келди, — деб фарёд бошлади.

“Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман.  Агар мени ақлдан озган демасангизлар» 

Уйдаги қизлари айтди: Юсуф ғамида қаридинг, худо ҳаққи сиз ўша эски адашганлигингиздасиз. Ўша куни Башир Мубашшара  билан Яъқубдан суюнчи олдилар. Сўнгра Рубил етиб келди. Юсуфнинг кўйлагини отасини олдига қўйди. Яъқуб кўйлагини юзига суртгач,  кўзлари очилди. Рубилни қучди. Юсуф ҳақида сўраб-суриштира бошлади.  Рубил барча воқеани айтиб берди.

Савол: Ул кўйлакни кўзга суртмак билан Яъқубнинг кўзлари очилди. Ҳикмат не эди?

Жавоб: Айтмишлар Юсуф ялавочнинг иккита мўъжизаси бор эди. Бири соғу эди, нимани сўраса у жавоб берарди. Бири кўйлак эди. Иброҳим ялавочни Намруд алайҳиллаъна ўтга отганда мавло ёрилиғи билан Жаброил жаннатдан бир кўйлак келтирди. Иброҳимга кийдирса, уни ўт куйдирмади. У кўйлак Юсуфга мерос эди. Ундан кейин ўғлонлари келдилар. Яъқуб ялавочга айтдилар.

—Эй, ота, бизни гуноҳларимизни худодан сўра, бизлар бешак хато қилгувчилармиз. Яъқуб деди: “Мен  сизлар учун парвардиримдан  гуноҳларингизни кечиришни сўрайман”.

Савол: Яъқуб ялавоч ўғиллари Юсуфдан узр сўрадилар. У шу заҳоти Мавлодан гуноҳларини кечишини сўради. Оталаридан ўғиллари кечирим сўрашса дарров Оллоҳга  мурожаат қилмади.

Жавоб:  Юсуф йигит эди. Йигитларнинг кўнгли кенг бўлади. Қариларнинг кўнгли тор бўлади. Йигит билан кекса ўртасида фарқ бор.

Яна жавоб:  Яъқуб ялавоч кўнгли торлигидан дуони кейинга қолдирмади. У билардики, ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Дуонинг ижобати саҳар вақтидир, деб кейинга қолдирди. Улар кечанинг озгина қисмида истироҳат қилар эдилар. Саҳарлари улар Оллоҳлан гуноҳларини кечиришини сўрар эдилар.

Шундан сўнг Яъқуб ялавоч Канъондан кўчди. Барча оила аҳли, қариндошлари, уруғлари, қулу хизматкорлари билан Мисрга юзландилар. Мисрга уч кунлик йўл қолганида Юсуфнинг Афротим отли ўғли уч минг киши билан кутиб олди. Отдан тушиб, салом берди.

Яъқуб ялавоч сўради: — Бу ўғлон кимнинг фарзанди, кўнглимга ўтирди, Юсуфдан даракмасми? Юсуфнинг ўғли эканлигини айтишди. Уни қучди.

Юсуф ялавоч мени ҳурмат қилган киши от миниб, отамни кутиб олгани чиқсин, деб Мисрга жар солди. Тўрт минг киши отланди. Ноғора, карнай сурнай билан кутгани чиқди.

Қизил байроғи бор эди, қизил олтиндан, инжу  ва ёқутлар билан безатилган. Ул байроқни кўтарсалар, шабада эсар, кўк ларзага келарди. Уни халойиқ эшитиб бехуш бўлардилар. Юсуф ушбу аламни олиб отланди. Миср халқи томошага чиқди. Юсуф отасини от устида қучди.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.