“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
206
марта кўрилган.

 Уч йилдан сўнг Азизи Миср ўлди, Малик унинг ўрнини Юсуфга берди ва барча мамлакат ишларини Юсуфга топширди. Юсуф тўкин-сочинликда етилган етти йиллик ҳосилни омборга жамлади. Тўкин-сочинлик тугаб, қаҳатчилик бошланди. Етти йил ёғин ёғмади. Ерда майса ҳам унмади. Халққа  қийин бўлди. Бир ботмон арпа бир олтин бўлди. Халқни ишига яраша неъмат берарди. Фақирларга юз тева ошлик берарди. Бойларга сотар, баҳосини малик хазинасига соларди. Юсуфнинг қирқ ҳожиби (дарвозабонлар бошлиғи)  ва қирқ минг қулу  хизматкорлари бўлди. Миср халқи унга ишонарди.

 Айтишларича, қаҳатчиликнинг биринчи йили олтин,  кумушларини бериб, ноз-неъмат сотиб олдилар. Иккинчи йили идиш-соқиларини донга алмаштиришди, учинчи йили уйдаги яроғларини сотдилар. Тўртинчи йили ўрин-жойини сотдилар, бешинчи йили йилқи, подалар, олтинчи йили еру сувларини бериб ошлик олдилар. Миср атрофида ҳеч кимнинг сотарга нарсаси қолмади.

Еттинчи йил малик Юсуф билан сўзлашди: “Беш йил сотилган неъматлардан  уч йилгиси меники, икки йилгиси сеники” деб келишди. Юсуфга тегган икки йил ичида Юсуфнинг қариндошлари Канъондан ноз-неъмат излаб келдилар. Еттинчи йил кирди деса халқда нарса қолмади. Барчаси Юсуфга ўтди. Оч қолган халойиқ Юсуфга ўзларини, ўғил-қизларини сотдилар.

Охирги йилни халқ ҳар бир кунини санаб ўтказди. Охирги тўрт ойда омборда ҳам дон-дун қолмади. Юсуф Оллоҳга ёлборди. Жаброил хабар етказди. “Эй Юсуф, кенг майдонга чиққил, у халойиққа жамолингни кўрсатгил”. Юсуф кенг майдонга чиқди.  Тахтини қўйдирди ва юзидан пардани кўтарди. Халойиқ Юсуфнинг жамолини кўриб ош-нонни унутдилар. Баъзилар қирқ кун, баъзи қавмлар уч ой ош-нон емадилар, ошга, нонга, сувга муҳтожлик сезмадилар. Оллоҳ таоло Юсуфнинг кўнглига солди. Агар сени қул қилмасак, қулнинг қадрини қайдан билардинг. Бугун қулларнинг барини озод қилгайсан. Мунодий Миср халқига деди: ”Эй Миср халқи, барчангиз эру хотин, менинг қулим бормисиз? Бормиз жавоб қилди улар. Мен барча қулларни Оллоҳнинг марҳамати,  хушнудлиги учун озод қилдим”, – деди.

Нақл қилишларича, Юсуф Каънондан чиққанига 27 йил тўлган эди. Очарчилик йилларининг бешинчи йили эди. Ёқуб ялавоч ўғилларини Мисрдан озиқ-овқат олиб келишга жўнатди. Ўғиллари икки тевага ёғ, қурут, пишлоқ, юнг юклаб Мисрга келдилар. Юсуф қариндошларининг дон излаб келишини сезарди. Узун бўйли, басавлат йигитлар келса менга олиб кирасизлар деб соқчи ҳам қўйдирди. Ёқуб яловоч ўғиллари бир хил кийим кийиб савлат билан келишганида Юсуфга хабар етди.

Йигирма етти йил ичида Юсуф 50 марта хат жўнатди. Аммо Оллоҳ таоло хохиши билан у Ёқуб ялавочга тегмади. Қариндошлари келганида Юсуф уларни таниди, бироқ улар инисини танишмади. Юсуф ўзини танитгиси, Оллоҳнинг ёзмишларини айтгиси келди. Аммо, Оллоҳ таоло кўнглигига солди. Улар ғамгин бўлиб, мунгли бўлиб бош эгиб, озиқ-овқат излаб келдилар. Ҳозир юзига солсанг оғринадилар. Бағрингни кенг қил, ошлик бер, эзгу ишингни кўришсин. Юсуфга бу ният хуш келди. Юсуф уларнинг ҳорғин, тўнлари униққан, кийим- кечаки чанг- чунг ҳолда кўрди

– Қайдан келдингиз кимнинг ўғлонларисиз?

– Биз Каънондан келдик. Ёқуб ялавоч ўғилларимиз.

– Отангиз тирикми?

– Тирик.

– Нима иш қилур?

– Ялавоч Оллоҳ таолога қуллиқ айтади.

– Кимдан кимга ялавочдир?

– Ҳақдан халққа ялавочдир.

– Яловоч экан нега Миср халқига ялавочлик қилмайди?

– Каънон ва Каънон атрофидаги халқига ялавочлик қилади. Яна кўзи кўрмайди.

– Кўзи недан кўрмас бўлди?

– Юсуф отли ўғли бор эди. Уни жуда суярди. Ўғли йўқ бўлди, йиғлаб, кўзи кўр бўлди.

Юсуф жавобни эшитиб, ниқоб ичида йиғлади. Олтин тож, зар тўн кийган Юсуф у пайтда тахтда ўтирар, ўнг ёнида олтин тўқмоқ ушлаган минг нафар қул, чап томонида кумуш тўқмоқ ушлаган савлатли гўзал минг нафар қул турарди. Олдида минг қул қилич ушлаб турарди. Унинг юзи ўртиклик эди.

– Ўзингиз ҳам бир отанинг ўғилларимисиз? – сўради Юсуф

– Ҳа.

– Сиздан ўзга қариндошингиз борми?

– Ўн бирмиз. Бирини келтирмадик.

– Бир отадан ўн бир ўғлон. Бири биридан кўркли, бири биридан савлатли. Ҳавас қилса, арзийди. – деди ёнидаги бекларига.

Қариндошлар бу сўзни эшитиб хурсанд бўлдилар ва айтдилар: “Яна бир инимиз бор эди. Бироқ, у ғойиб бўлди”.

– Нетак ғойиб бўлди.

– Уч нафари бирдан жавоб бердилар: “Бири бўри еди деса, бири ўлди деса, бири кўйлагини қонли топдик” деди. Сўзлари турлича бўлди. Юсуф айтди: Булар жасус ёки ўғри бўлсалар керак, жавоблари айри чиқди, зиндонга солинг. Сўзларингизни тарозига солиб айтаман-ки, у қариндошингиз тирикдир.

– Биз жасус ҳам, ўғри ҳам эмасмиз, – дейишди улар.

Юсуф уларни уч кун уйда сақлади. Сўнгра кўнгли бўлмади, ҳар бирига бир тева буғдой берди. Ва яна отаси билан инисига ҳам алоҳида тевада озиқ-овқат юклатди. Яна айтдики, ҳар бирига йўлига етарли озиқ-овқат ҳам беринглар токи, уйларига боргунларича қопларини очишга ҳожат бўлмасин. Чунки, олиб келган юкларини ҳам қайтариб тевасига юклаган эди.

– Яна келар бўлсангиз, у инингизни ҳам олиб келинг, йўқса буғдой бермайман, – деди Юсуф.

Яхудо уларнинг каттаси эди У ”Бу малик Юсуфга ўхшайди. Отамизни ва унинг амалини, инимизни сўради”, – деди у. Иккинчиси деди: “Юсуфга бу мамлакатнинг подшоҳликни ким берар эди. Тирик бўлса, шу пайтгача, оти, хабари чиқар эди. Бизга ҳозир эзгулик қилмасди”. Яхудо яна айтди: “Ибн Яминни келтиринг деди-ку, у Юсуф”.

– Бу сўзингни қўй, – дедилар қариндошлар ва йўлига равона бўлдилар.

Ўғиллари қайтиб келганида Ёқуб ялавоч севинди. Ҳол сўради. Ўғиллари жавоб бердилар: “Миср малиги бизга эзгулик қилди, буғдой берди, сенга салом йўллади. Яна сенга битта, Яминга битта тева буғдой берди. Олиб борган нарсаларимизни қайтариб берди. Кейинги гал ибн Яминни ҳам олиб келишимизни сўради. Агар олиб бормасак буғдой бермас экан”.

Давоми бор.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.