ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛОВ Ёҳуд “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” расмий нашрини ўқиб

0
1214
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори  2017 йил 27 ноябрида эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш белгиланган ва ОАВларига ҳам кенг тарғиб этиш топшириғи берилган.

Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп қилинган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг икки ярим йиллик (1989 йил 24 июнь-1992 йил 4 январь) улуғвор даврдаги маъруза ва нутқлари жой олган. Икки ярим йил. Катта тарих олдида кичкина бир давр ҳисобланади. Бўлажак мустақил Ўзбекистон учун энг синовли, энг оғир ва энг масъулиятли даврлар бўлганлигини китобдаги ҳар бир сатрни ўқиб ҳис этасиз. Унда айтилган сўзлар, фикрлар ва ўз вақтда зудлик билан амалга оширилган ишлар 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асос бўлганлигини, мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратганини, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилганлигини қайта –қайта ҳис қиламиз.

Ушбу китобнинг биринчи мақоласида яъни мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” номли 1989 йил 24 июнда Ўзбекистон ССР Минстрлар Советининг Фарғона водийси областларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган Кенгашида сўзлаган нутқида ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ечимига, ёшларга, кадрлар тайёрлашга эътибор масаласига, аҳолининг иш билан бандлиги масалаларига алоҳида эътибор беради, ишга жойлаштириш учун одамларни икки сортга бўлиш мумкин эмаслигини, адолат мезони бузилиши эканлигини таъкидлайди.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг 1989 йил 19 августдаги ХУ1 пленумида сўзлаган нутқидан шундай дейди: ”Фарғона воқеалари ўзбек халқининг иродаси билан содир бўлмади. Бу воқеаларга тутуруқсиз ва ғаразли мақсадларни кўзлаб, ким қандай бўёқ бермасин, тарих албатта, ўзининг адолатли ҳукмини чиқаради. Байналминалчилик, меҳмондўстлик, яхшилик, қалб саховати ҳамиша ўзбек халқига хос фазилат бўлиб келди. Ҳалқимиз ҳеч қачон бошқа халқларга нисбатан душманлик кайфиятида бўлмаган. Бу қадимий ва ҳозирги тарихимиздан олинган кўпгина мисоллар билан исбот қилинган.(53- бет)

Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур” номли маърузасида эса барча муаммолар нималарга келиб тақалаётганини шарҳлаб шундай дейди: Ҳозир шундай вазият вужудга келдики, у жамиятни янгилаш учун курашаётган барча кучларни бирлаштиришни талаб қилмоқда Одамлар асло кечиктириб бўлмайдиган муаммолар-озиқ овқат, транспорт, савдо, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши, меҳнат режими ва унга ҳақ тўлаш, дам олиш шароитлари каби муаммоларнинг ҳал этилишини кутмақдалар.

Дарҳақиқат, ўлкамиздаги оғир вазиятни чинакамига ўнглаш, юртдошларимизнинг ҳаётга қарашини, бугунги ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш учун аввало, уларнинг иқтисодий, моддий аҳволини яхшилаш, заруриятини чуқур англаган республика раҳбари аҳоли учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган жуда катта бир масалани-одамларга таморқа ер бериш масаласини кун тартибига қўйди. Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди. 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди. Бу мураккаб масалага ана шундай ақлона ёндошув туфайли мамлакат бўйича минг-минглаб одамлар уй-жойли, ишли бўлишди. Бозорларда маҳсулот кўпайди. нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олини олишга эришилди.

Ислом Каримовнинг «Тил элни бирлаштириши лозим»(1989 йил 25 октябрь), «Ўзбекистонда президент институтининг жорий этилиши тўғрисида”(1990 йил, 20 июнь), «Мустақиллик декларациси”(1990 йил, 24 март), «Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллиги тўғрисида”(1990 йил, 21 июнь), «Демократия қонунга ва шахсга ҳурмат демакдир» (1991 йил, 4 июль), Халқимизнинг фикри биз учун олий мезон (1991 йил, 28 август)каби чиқишларида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида аввалбошданоқ асосий устувор йўналишларга айланган масалалар- тинчлик ва барқарорликни сақлаш, миллатларора ҳамжиҳатликни асраш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш, миллий армияни шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини янги асосда барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий –сиёсий ҳаётни эркинлаштириш, аҳоли саломатлиги, илм – фан, таълим-тарбия, маданият ва спорт жабҳаларига эътибор қаратиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш каби кўпдан кўп долзарб вазифалар мустақиллигимизнинг пойдевори қўйилаётган ўша даврда ҳар томонлама ўз ифодасини топган эди. Улар фақат маърузаларда қолиб кетмади.

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Президентининг фармони билан 1991 йил 25 августда Республика Ички Ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасаруфига олинди. Ўзбекистон ССР Ички Ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги комитети, Прократураси ва Адлия органлари, шунингдек, республика ҳудудида жойлашган ички қўшинлар, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва қўшилмалари партиядан холи қилинди. 1991 йил 29 августда Республика Президентининг фармони билан Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги бутун мулки республика мулки, яъни умумхалқ мулки деб эълон қилинди.

Мамлакатимизда Президентлик институтининг жорий этилиши  Ўзбекистоннинг давлат суверенитетини ва мустақиллигига эришиш йўлида қўйилган нафақат тарихий қадам, балки чинакам сиёсий ва маънавий жасорат намунаси бўлганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Китобдан ўрин олган чиқишларнинг аҳамиятга лойиқ, ғоят муҳим жиҳати шундаки, уларда мамлакат раҳбарининг доимо ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, маррани баланд олиб фаолият юритгани алоҳида кўзга ташланади. Китобни ўқир эканмиз, юртимиздаги мавжуд ҳолатни тубдан ўзгартириш, Ўзбкекистонни нафақат иқтисодий, балки том маънодаги суверен ва мустақил, келажаги буюк давлатга айлантириш, Бирлашган миллатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб, дунёҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаш, халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитлари яратишдек бугунги кунда реал воқеликка айланган улуғ мақсадларнинг тамал тоши ўша йиллардаёқ қўйилганлиги яққол исботлаб турибди.

Ушбу ктитобдаги тарихий материалларнинг каттагина қисми бевосита миллий тикланиш, миллий ўзликни англаш, маънавият масаларига бағишланган. Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини асраб авайлаш ва ривложлантириш, мустабид тузум даврида таъқиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва қурбон ҳайити, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш, улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш борасида фикр мулоҳазалар айтилди. қарор ва фармонлар берилди.

Соғлом авлод- мамлакатимиз келажаги” деган шиор ўша йилларда ҳаётга кириб келди. Масалан, “Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур” номли маърузасида ёшлар масаласига алоҳида эътибор бериб шундай дейди: Авангард бўла оладиган ёшларнинг сиёсий ташкилотини қайта тиклаш зарур, ёшларнинг майда-чуйда ишларга аралашишидан дўстона ҳамкорлик қилишга ўтиш даркор. Ҳаммамиз ёшлар орасидаги вазиятни ўрганишимиз, ва билишимиз, улар ўртасида чинакам етакчиларни тайёрлашимиз, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда, чинакам ватанпарвар ва байналминалчи инсонларни тайёрлашда уларга ёрдам беришимиз лозим (62 –бет).

Тил элни бирлаштириши лозим” номли маърузасида шундай дейди: Ўз она тилини билмайдиган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади (69- бет).

Китобдаги маъруза “Ўзбекистон дунё харитасида ўзига муносиб жой олди” номли Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари 1Х сессиясидаги(1992 йил,4 январь) маърузаси билан якунланади. Унда шундай дейилади: Жаҳонга, бутун дунёга олиб чиқадиган йўлимизни кенгайтирамиз. Сизларга маълум тараққий этган мамлакатлар учта муҳим масалага эътибор беришмоқда: инсон ҳуқуқлари, демократия ва сармоя учун кафолат масаласи. Биз ана шу масаларларни эътиборда тутиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиш чораларини кўряпмиз.

Масалаларнинг айнан шундай қўйилганлиги тўғри бўлганлигини бугунги кун ва бош қомусимизда белгиланган сатрлар уни ифодалаб турибди. Конституциямизнинг 14- моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”, деган ҳуқуқий норма белгилаб қўйилган.

Китобдаги маърузаларда билдирилган фикр ва мулоҳазалар, Президент қарори ва фармонлари Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий нормаларнинг замини ва асослари эди, десак хато бўлмайди.

Конституция барча фуқароларнинг қонун олдида ҳуқуқий тенглигини ҳамда қонуннинг устуворлигини кафолатловчи асосий ҳуқуқий ҳужжатдир. Ватаннинг давлат суверенитети (I-боб), халқ ҳокимиятчилиги (II-боб), Конституция ва қонунларнинг устунлиги (III-боб) акс эттирилган.

Конституция миллатимизнинг тилига давлат мақомини берди (4-модда), давлат халқ иродасини ифодалаб, унинг манфаатларига хизмат қилиши (2-модда), халқни давлат ҳокимияти манбаи сифатида эътироф этди. (7-модда). Унда ижтимоий ҳаётда сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларни хилма-хиллиги кафолатланди (12-модда), инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати дахлсиз олий қадрият деб эътироф этилди (13-модда).

Конституцияда инсон энг мўътабар мавқега кўтарилди. Эътибор қилсангиз, “Асосий принциплар” (Биринчи бўлим)дан сўнг дарҳол “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” (Иккинчи бўлим) бошланади. Кейин эса “Жамият ва шахс”, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”, “ Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши” (Учинчи, тўртинчи ва бешинчи бўлимлари) жой олган.

Иккинчи бўлим“Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланади. “Инсон ва фуқароларнинг дея бош қомусимизда тилга олишидан мақсад нафақат мамлакатимиз фуқароларининг балки мамлакатимизда яшаётган фуқаролиги бўлмаган инсонларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини эътиборга олади.

Конституциямиз, бир томондан, миллий тафаккуримизнинг, динимизнинг адолат, бағрикенглик, саховат, тўғрисўзлик каби қадриятларимизни ўзида акс эттирса, иккинчи томондан, унда халқаро ҳуқуқ меъёрлари, умуминсоний қадриятлар уйғунлаштирилган. Икки ярим йиллик улуғвор бўлган даврни кузатсангиз ана шу масалаларга аълоҳида эътибор берганлигини ҳис этасиз.

Ҳа, ушбу масалаларнинг ҳар бирига 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлган Конституциямизда алоҳида эътибор берилган ҳуқуқий нормалар мавжуд.

Дарҳақиқат ушбу расмий нашрнинг сўзбошисида таъкидланганидек, бугунги кунда тараққиётнинг ўзбек модели деб ном олган ривожланиш йўлимизнинг асосий принциплари, умуммиллий шиорга айланиб кетган ”Ўзбекистон келажаги буюк давлат”,”Мустақиллик бу аввало ҳуқуқдир”, “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг”, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун”, ”Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди”, ”Биздан озод ва обод ватан қолсин”, “Соғлом авлод мамлакатимиз пайдевори”, “Ёшлар мамлакатимизнинг келажаги”, “Соғлом она-соғлом бола” каби машҳур иборалар сокин кабинетларда эмас, аксинча, ана шундай шиддатли кунларда, шиддатли курашларда, тинимсиз баҳс ва мунозараларда, аччиқ ҳаётий тажрибаларда туғилганини англашда ушбу китоб ғоят муҳим манба вазифасини бажаради.

Раъно ЗариповаЎзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.