ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ РОЛИ

0
2403
марта кўрилган.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Халқимиз тилида китоб ўқиб билим ва муносиб тарбия олиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”. Бундай ҳикматли нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ва китоб ўқишни канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.

Донишмандлардан бирига: “Инсон китоб ўқиш орқали саодатга эришиши мумкинми?”деб савол беришганда, у: “Китоб ўқишнинг ўзи саодатдир”, дея жавоб берган экан. Фарзандларимизга ана шу саодатни тилаймиз. Аввало китоб мутолааси ҳақида икки оғиз сўз. Инсон китоб ўқиётган кишини дунёни идрок этаётган, қалбига назар ташлаб ўзлигини англаётган, умуман айтганда, эзгулик қасрининг эшигини оҳиста қоқаётган одамга ўхшатамиз.

Муқаддас битикларда ҳам аввало сўз бино бўлган, деб айтилади. Сўз бу илм олмоқ, умрнинг мазмуни-моҳиятини, дунёнинг сир-асрорини маърифат билан англашни билдиради. Айниқса, ёшлар учун китоб мутолааси ўта муҳимдир. Чунки, китоб ўқиш, илм олиш орқалигина инсонда бадиий тафаккур, дид ва қараш шаклланади. Ҳақиқий адабиёт тўғрисида мутолаа тасаввурга эга бўлмай туриб, ҳаётнинг мазмунини, қадр-қимматини англаб бўлмайди.

Китоб мутолааси инсон тафаккурини оширади, ҳаётга теран кўз билан қарайди. Эътибор берган бўлсак, сўнгги вақтларда ёш авлод, болалар интернет ва турли ижтимоий тармоқларга қизиқиб кетиб, кўп китоб ўқимай қўйган эди. Бу билимсизликдан дарак беради. Бугун ватанимиз жадал ривожланаётган бир даврда аждодларимиз, донолар фикрида ўз аксини топган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки ёш авлоднинг ҳар томонлама шаклланишида китоб мутолаасининг ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп етиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилинди. Бу ҳужжатда аҳолининг кенг қатламини китоб ўқишга жалб қилиш, китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб етиш, вояга етган фарзандларимизни боғча ёшидан бошлаб китобга меҳрли қилиб  тарбиялаш, китоб маҳсулотларининг мазмунига эътибор бериш, уларни чоп етиш сифатини яхшилаш, турли мазмундаги китоблар билан тўлдирилган китоб дўконларини кўпайтириш, китоблар фондини янада бойитиш кўзда тутилган.

 Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онг-у тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бешта ташаббус йўналиши асносида китобга меҳр-муҳаббат кучайтирилди. Натижалар самараси ўлароқ болалар ўртасида турли тадбирлар китобхонлик кечаларида беллашувлар ўтказилиб ижобий натижаларга эришилмоқда. Кўп китоб ўқиган китобхон турли йўналишларда моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда, жумладан қимматбаҳо буюмлар, ҳатто, машиналар совға қилинмоқда.

Таълим муассасаларида бу жараён ўқувчиларнинг билим даражасини оширишга, ақл-заковатини кучайтиришга ёрдам бермоқда. Шунинг учун ҳам ёшларни ҳар томонлама фикрлайдиган, маънан етук, ҳар қандай ахборотларни ақл билан таҳлил эта оладиган, баркамол инсон қилиб тарбиялаш бизларнинг асосий вазифамиздир.

Умуман бугун психолог-олимларимиз китоб ўқишнинг фойдалари ҳақида камида қўйидаги сабабларни кўрсатмоқдалар:

  1. Китоб ўқийдиган одамнинг сўз бойлиги катта бўлади. Чунки китоб ўқилганда киши оддий кундалик ҳаётда ишлатилмайдиган сўзларни ҳам учратади. Бу сўзнинг маъносини луғатдан излаш ҳам шарт эмас, зеро китоб умумий мазмунидан сўзнинг маъноси ҳам келиб чиқади.
  2. Китоб ўқиш бошқа одамлар билан мулоқот қилишга ёрдам беради. Яъни китоб ўқиган одам ўз фикрларини чиройли, аниқ, ёрқин ифодалаш имконига эга бўлади. Бир нечта мумтоз адабиётни ўқишнинг ўзида ҳам кишида гапириш санъати бир қадар ривожлангани сезилади. Шу тариқа киши яхши суҳбатдош бўла олади, одамларда ўзи ҳақида яхши таасурот қолдиради.
  3. Китоб ўқиш инсонни дадиллаштиради. Китоб ўқиган инсоннинг ўзига ишончи ортади. Чунки китобдан олган илмлари унга мадад беради. Атрофингиздаги одамларда эса сиз ҳақингизда яхши тасаввур ўйғонади. Бу эса сизни янада журъатли қилади.

Хулоса қилиб айтганда, китоб бизнинг ҳозирги ҳаётимиздир. Унга ҳамма муҳтож… қариялар, ўрта ёшлилар, ёшлар ва ҳатто болалар ҳам. Ҳамма гап улар учун китоб танлашда, биз ҳаммадан олдин номуносиб танланган китобларни ўқиш ҳеч нарса ўқимагандан кўра ёмонроқ ва зарарлироқдир, деган фикрга қўшиламиз. Китобларнинг танланиши одамнинг фикр дунёсини, унинг ҳаётий қадриятларини очиб беради. Биз келажагимиз бўлмиш ёш авлодни таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароит яратиш, соғ-саломат улғайтириш, уларга ота- она каби меҳр бериш олий мақсадимиз. Болаларнинг баркамол шахс бўлиб улғайишида уларнинг ҳаётида китобнинг роли беқиёсдир. Улар қачон китобга меҳр беради деган саволга ягона жавоб бор. Қачонки болаларга ўзларининг дунё қараши ва ёшига мос китоб танлай олсак, болада китобга муҳаббат уйғотади. Аслида, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўспирин ўқувчилар ўз адабиётларини тўғри танлаганларида, улар яхши ўқийдиган бўлади. Бизнинг вазифамиз эса бунга кўмаклашишдир.

У.Х. Шомирзаев, Шайхонтоҳур тумани Ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.