«Жомиъ аҳком ас-сиғор» – болалар ҳуқуқи ҳимоясига бағишланган асар!

0
401
марта кўрилган.

 Жиззахлик буюк фиких Маждуддин ал-Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари битилганига саккиз асрдан ошди. Ушбу мумтоз асар мазкур йўналишдаги алоҳида ёзилган илк ҳуқуқий манбадир. 

Тарих фанлари номзоди Муслим Атаев устозга деб менга ўз ижодидан бўлган учта китоб бериб юборибди. Уларнинг бири 2013 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси лавозимида фаолият юритган Усмонхон Алимов(охирати обод бўлсин) ва тарих фанлари номзоди Муслим Атаевлар томонидан нашр этилган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари эътиборимни тортди. Ушбу алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзим илмий иш олиб борган Ҳожи Халифанинг «Кашф аз-зунун» асарида танишган эдим.(ваф. 1067/1657 й.). Китоб қадимий қўлёзма ҳолида, инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилган эди. Зеро, саккиз юз йил олдин ёзилган китобни ўрганиш ва таржима қилиш осон иш эмас. Игна билан қудуқ қазигандек машаққатли иш. Ушбу китобга тажрибали ҳуқуқшунос, юридик фанлари доктори Акмал Саидовнинг сўзбоши ёзганлиги асарнинг аҳамиятини янада оширган эди.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари нега эътиборимни тортди? Ўзбекистон аҳолисининг 48,2 фоизини 15 ёшгача бўлган болалар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай эътиборнинг моҳиятини англаш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритиши биланоқ баркамол авлод тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов: «Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир» – деб таъкидлади. Бу борада умумхалқ ҳаракатини бошлаб берди.

Халқаро болалар ташкилоти ЮНИСЕФ томонидан ғарб оламини болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор бериш юзасидан биринчилардан бўлгани ва ҳозир ҳам болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишда бошқаларга ўрнак бўлётгани таъкидланади. Дарҳақиқат, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига етарли аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Джебб томонидан асос солинган «Болаларни қутқаринг» Халқаро Кенгаши, кейинчалик «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация» (1959), «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция» (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботидир.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, бизнинг мамлакатимизда болалар ҳуқуқига бағишланган асарлар қадим-қадимдан мавжуд бўлганини алоҳида фахр ва ифтихор билан қайд этиш лозим. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда ҳам катта эътибор берилганлигини Маждуддин ал-Уструшанийнинг 1228 йил 28 июлда ёзиб тугатган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари тасдиқлаб турибди. Ушбу асар мазкур йўналишдаги алоҳида ёзилган илк ҳуқуқий манбадир.

Юртимизнинг нуфузли алломаси Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг шогирди Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал- Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини ҳуқуққа оид «Китоб ал-фусул», «Жомиъ аҳком ас-сиғор», «ал-Фатово», «ал-Қуруд ва-д-дуюн» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» каби асарлари ташкил этади. Шулардан «Жомиъ аҳком ас-сиғор»нинг бугунги кунда дунёда ўн битта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан чет эл кутубхоналарининг фондларида сақланувчи олти нусхаси илм оламида яхши маълум. Ушбу асар туркиялик, мисрлик, ироқлик, германиялик, америкалик олимлар томонидан ўрганилиб, Ислом оламида бир неча марта чоп этилган. Аммо асарнинг Тошкентда сақланаётган беш нусхаси илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолиб келган. Ўзбекистонда эса унга мустақилликдан кейин эътибор берила бошланди. Фиқҳ илмининг(ҳуқуқшунослик) ривожига муносиб ҳисса қўшган аллома Уструшанада(Жиззах вилояти) туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Маждуддин ал-Уструшанийнинг ҳаётлик даври Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади. Маждуддин ал-Уструшанининг ҳаёти ва ижодига эътибор берсангиз яна бир бор бизнинг Шарқда оилавий қадриятлар, илмга бўлган интилиш ниҳоятда кучли бўлганини англайсиз. Алломанинг илмий-маънавий дунёқарашининг шаклланишига оилавий муҳитнинг таъсири кучли бўлган. Олим бир неча авлод фақиҳлар сулоласининг давомчиси бўлган. Алломанинг отаси Жалолуддин Маҳмуд ибн Ҳусайн ал-Уструшаний, амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Уструшаний, тоғаси Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмадлар ислом илм-фанининг турли соҳаларида самарали ижод этиб, бой илмий мерос қолдирганлар. Онасининг бобоси «Шамс ал-аимма» («Имомлар қуёши») шарафли унвонга эга бўлган. Аллома ўзининг асарларида аждодларининг фикрларидан кенг фойдаланган.

Маждуддин ал-Уструшанийнинг ислом оламида кенг тарқалишининг сабаби уларнинг ҳаёт воқелиги билан реал боғлиқлигидадир. Унинг ҳаёти ва ижоди мўғуллар истилоси даврида фиқҳий илмларни сақлаб қолиш, уларни муҳофаза қилиб, фиқҳий қонунчиликни кейинги авлодларга етказиб берган уламо сифатида баҳоланди. Зеро, у «Жомиъ аҳком ас-сиғор» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарларида 132 фақиҳга ва 115 фиқҳий асарга мурожаат қилган. Юқорида берилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Маждуддин ал-Уструшаний ўзигача ижод қилиб ўтган энг мўътабар ҳуқуқшуносларга мурожаат қилган. Ўзигача яратилган деярли барча асарлардан фойдаланиб, ўз асарларини яратган. Аллома мурожаат қилган фақиҳларнинг аксарияти мовароуннаҳрлик ҳанафий мазҳаби вакиллари бўлиб, улар ўз даврининг энг забардаст олимлари ҳисобланган.

Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далиллар ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан биридир.

Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Асарда «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Асарда бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам бола ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Онанинг болани эмизиши, энага ёллаш, устоз-шогирдлик мақоми, мерос, ҳатто болани калтаклаш мумкинми деган масалалар ва бошқа муаммолар ҳал этилган.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволарни яъни қонун-қоидаларни йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.

Асар 1289 фатводан(қонун-қоида) иборат бўлиб, уларни шартли равишда, ибодат, ахлоқ, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган қисмларга ажратиш мумкин. Бу асар материалларни жойлаштиришнинг янги тартибини ишлаб чиқишда ўзидан аввалги уламолар фикрларини жамлаб, кейинги авлодлар учун эса маълум шакл-шамоил яратиб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Олим ҳар бир асарида ҳаётда кўп учрайдиган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни айнан бир йўналишда атрофлича мукаммал ёритган. Масалан, биринчи ёзган «Китоб ал-Фусул» асарида фақат қозиларга(судьялар) тааллуқли масалаларни, иккинчи асари «Жомиъ аҳком ас-сиғор»да вояга етмаган болаларга тааллуқли фатволарни бир китобга жамлаган. Бунда Маждуддин ал-Уструшанийнинг мавзуни ёритишга мақсадли ёндашуви, мавзу чегарасини аниқ танлаб олиш тамойили белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда бутун жаҳон оммаси мўътадиллик тамойилига катта эътибор қаратмоқда, чунки кўпчилик экстремистик ва террорчилик ҳаракатлари айнан мўътадиллик тамойилини тушунмаслик ва унга амал қилмаслик оқибатида содир этилади.

Ислом дини нуқтаи назаридан мўътадилликка ёндашув ва хусусан фиқҳий масалаларда мўътадиллик тамойилининг намоён бўлиши барчада катта қизиқиш уйғотади. Маждуддин ал-Уструшанийнинг мўътадиллик тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ва унинг динда ҳаддан ошиш каби салбий оқибатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини излаш ва ўрганиш қай даражада бўлганлиги долзарбдир.

Маждуддин ал-Уструшаний шариатда собит туриш лозим бўлган асосларни муҳофаза қилган ҳолда, ҳаётнинг шароит, замон ва макон ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисмида маълум қоидалар асосида янгиланиб туриш тарафдори бўлган.

Умумлаштириб айтганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, фарзандлар тарбияси, болаларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари, вазифалари бурчлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.

Нодира Саъдуллаева, Ўзбекистон Давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.