Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган. Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдли ушбу бебаҳо асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Китобда айтилишича Каъбанинг яратилиши Одам Ато даврига бориб тақалади. Ҳозирги Каъба ўрнида Одам Ато Байт-ул Маъмурнинг биносини бунёд этди.. У Нуҳ пайғамбар давридаги тўфонгача турди. Тўфон олдидан азоб суви тегмасин деб Жаброил Байт-ул Маъмурни тўртинчи қат кўкка кўтарди. Сўнгра Шом вилоятидан тоғу тошларни келтириб, Байт-ул Маъмур ўрнида уй яратди. У Иброҳим пайғамбар давригача турди. Оллоҳдан Иброҳимга Байт-ул Маъмур ўрнида Каъба бино қилишга фармон бўлди. Иброҳим Илоҳийга у ер қай ердалигини билмаслигини айтди. Тангри Каъба ўрнича булут парчасини жўнатди. У Каъба ўрнига соя ташлади. Улкан кўланкага тенг ўринда Каъбани бунёд этди. Нуҳ пайғамбар кемасининг тахтаси бирла томини ёпди.
Баъзилар айтмишлар: Бир илон келиб, у ерда чўлғаниб ётди. Ундан андоза олиб Каъбани бунёд этди.
Яна айтишларича, овоз эшитилади: «Эй, Иброҳим, беш тоғдан тош келтириб, у билан бино қилғил. Сино, Зино, Хиро, Лубнан, Жадий». Маккада тош кўп эди. Беш тоғдан тош келтирилишида қандай ҳикмат бор? Оллоҳ Таоло кимки бу ерга келиб беш вақт намоз ўқиса, тавоф қилса, беш тоғ оғирлигича гуноҳи-ёзмиши бўлса, барини кечириб, бандасини ярлақалар экан.
Жаброил тоғдан тошларни қўпорди. Фаришталар ёрдамга келдилар. Тош кесгач, Жаброил Исмоилни Оллоҳ Таоло фармони ила тош устига қўяр, тош йўрғадек Иброҳимга келарди. Қайси тош яроқсиз, бесўнақай бўлса Иброҳимнинг қўли теккач, мармардек силлиқ ва гўзал бўларди. Пайғамбар тўрт томонини тўрт калима айтиб жойлаштирди. «Субҳоналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва ла илаҳа иллалаҳу, аллоҳу акбар». Қуръон сурасида ҳам айтиладики, икки калима тилга енгил, аммо Оллоҳ қошида тарозудан оғир ва у икки калима шуки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳи ал-азим». Тилга енгил, тарозида оғир, дейилганида ҳикмат не? Мол-дунёнинг ортиши охират зодининг камайишидир, мол ва дунёнинг камайиши эса оҳират зодининг зиёда бўлишидир. Ушбу тасбеҳ ва тахлилни айтиб юрсанг, жаннатга дохил бўларсан. Бу тил енгиллигидир.
Яна дунё оғирлигини қадамга берди. Узун кун юрсанг дунёни кезиб чиқа олмассан. У қадам оғирлиги, аммо келажакдаги ишлар тўғри бўлади. Одимларнинг оғирлиги тилга берилса, тилнинг енгиллиги қадамга берилса кўз очиб юмгунча уч минг йиллик сиротдан кечилади.
Мўминнинг таоат-ибодати тарозининг бир палласига, ёзуқларини иккинчи палласига қўйилса, ёзуқлари(тақдири) ортиқ келгай. Яна тоат-ибодат палласига етти қат кўкни, етти қат ерни қўйганлар. Яна ёзуқлари — тақдир битмиши оғир келгай. У пайтда ҳаводан бир парча қоғоз учиб келиб, тоат палласига қўнса, у барча тоатлардан, етти қат кўкдан, етти қат ердан ортиқ келгай. У қоғозни очиб қарасалар ушбу калима битиклик экан. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдихи, субҳаноллохи ал-азим”. Одамнинг қадами оғирлигининг тилга берилгани ушбу калимадир.
Каъба битгач, Иброҳим айтди:
– Эй парвардигоримиз, ҳар нарсани билгувчи, эшитгувчи ўзингсан. Биздан шу ишни қабул қил. Сен уларга ўзларидан пайғамбар юборки, у одамларга сенинг каломингни ўқиб берсин. Ва китобингни, хикматингни ўргатсин ва уларни покласин. Хақиқатда фақат сен ғолиб, ҳикматли ва азизсан.
Хабарда келур: Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом сўзи: Мен отам Иброҳимнинг дуоси, Исо башорати ва онам Оминанинг тушиман.
Жаброил келди, ёрлиқ келтирди: ”Одамларга ҳаж ҳақида хабар бер”. Иброҳим Қуббайс тоғига чиқди.
Ва даъват этди:
– Эй, одамлар, дархақиқат Оллоҳ таоло сизлар учун бир уй қуриб қўйди. Ва уни зиёрат қилиб туришни буюрди. Бас, зиёратга келинглар.
Ота пуштидаги, Она раҳмидаги мўмину мўминотлар жавоб бердилар: Лаббай, эй, Худо, лаббай, эй шериги йўқ, лаббай хақиқий мақташликка лойиқ. Неъмат ва ҳукм фақат сенга хосдур. Сенга ҳеч бир шерик йўқдур.
Айтишларича, кимки у пайтда жавоб айтган бўлса, йўқсил бўлса ҳам ҳаж ўтагай. Ким жавоб бермаган бўлса, қанчалик кучли ва бойвачча бўлса ҳам ҳаж ўтамагай.
Бу ривоят инсонни эзгу амаллар билан яшашга, инсофли, диёнатли, имон-эътиқодли бўлишига даъват этади. Инсон эзгу-амаллари, фидоий меҳнати билан ўз тақдирига ўзи таъсир эта олишини ифодалайди.(Р.З.;Н.С.)