Мен китоб ўқиган кезларимда ором оламан, кўнглим тинчланади, хотиржам бўламан. Шунинг учун ўйлайман-ки, инсонга китобдан яхши дўст йўқ. Зеро, у сенга миннат қилишни билмайди, ҳар куни қўлингга олмасанг ҳафа ҳам бўлмайди, аммо бил-ки ўқимаган кунинг сен ютқазгансан.
Китоб ташвишларни унуттиради, сени тўғри йўлга солади. Ўқимасанг у сенга термулиб тураверади ва жимгина сени кутади, фақат тиллари йўқ-ки овоз чиқариб сўйласа. У сенинг овоз чиқариб ўқишингни кутади, унинг қўллари йўқ, аммо инсон деган буюк зот уни ўз қўлларига олишини кутиб интизор бўлади. Қўллари йўқлигидан қийналади, ичида ўйлайди қани энди қўлларим бўлса, ёнимдаги шу дўстимнинг қўлларига сакраб чиқиб олардим.
Эй дўстим, сотиб олган кийимларининг эскиради, тилла зиракларинг шакли-шамоили урфдан қолади, муйна пальтоларингни куялар ейиши мумкин. Фақатгина жавонларга териб қўйган китобларинг хизматга маслакка шай тураверади. Фақат қўлга олсанг бас. Мазмун-моҳиятли китоб асрлар оша яшайверади. Элга эзгу хизмат қилаверади. Мана бунга 26 аср олдин ёзилган “Авесто” насклари далилдир. Дунёнинг машҳур кутубхоналарида ҳам бундан 6-7 аср олдин ёзилган қўлёзмалар ҳам мана мен деб, зиёли инсонни кутиб турибди.
Авлодлар алмашади. Одамзот йўқлик сари йўл тутади. Китоблар эса нур таратиб тураверади, Илм манбааси китоб мутлоқ эскирмайди. У бизнинг сирдошимиз, ҳаётдаги йўлдошимиз, йўлимизни ёритувчи устозимиздир. Ана шу мураббий бўлмиш китоб дунёга улуғвор нигоҳ билан қарашга ўргатади. Ўзимиз яшаб турган кичик дунёни асраш ва севишга ундайди. Эзгуликка чорлайди. Эзгулик эса дўстликни, аҳилликни пировардида тинчликни таъминлайди.
Ҳар бир кишининг беминнат маслаҳатгўйи, сирдоши, устози бўлган китобларни севишга болаларимизни ўргатайлик.