Оилавий китобхонликни юксалтириш бошқа мамлакатларда қандай кечмоқда?

0
846
марта кўрилган.

 Ўзбекистонда уч йилдан бери барча жабҳаларда улуғвор янгиланишлар кечмоқда, халқимиз буни хуррамлик билан кутиб олмоқда. Мамлакатимиз Президенти бор кучи билан халқнинг мутолаа маданиятини ва интелектуал салоҳияти юксалтиришга ҳаракат қилмоқда. Китобхонликни турли йўллар билан халқ онгига синдириш ва китобга бўлган қизиқишни ошириш йўлида узлуксиз янги усуллар қўлланилмоқда.

Аждодларининг илмга бўлган қизиқиши ва тадқиқотлари жаҳон фан оламида алоҳада из қолдирган алломаларимизнинг бугунги фарзандлари, албатта бу борада янги ютуқларга эришади.

 Яқинда тақдир тақозаси билан Америка қўшма штатларига сафар қилдим.  Ушбу юртда китоб ўқишга бўлган қизиқиш қандай эканлигини билишга жуда қизиқдим. Бунинг учун АҚШнинг кутубхоналарига бордим. Шарлотта шаҳрининг паркида жойлашган кутубхонага боришни ўйлаганимда дарҳол ўзимиздагидек  паспортларимни ёнимга олдим, чунки бизда қайси кутубхонага борсанг албатта паспорт сўрашади.

 Кутубхона биноси икки қаватли эди, биринчи қаватда эшик олдида ҳеч ким йўқ, биров биздан кимсизлар нега келаяпсизлар деган саволни бермади, мени ҳадиким  бироз тарқалди. Мен билан бирга борган шеригим биринчи қаватдаги ёш болалар учун мутола қилинадиган  махсус залга кириб кетди, мен эса ҳадик ва ҳаяжон билан иккинчи қаватга кўтарилдим. Секин кириб келиб теварак атрофимга қарадим, уч нафар кутубхона ходимлари хизматда  эди. Китобхонлар эса компьютер олдида, столда ёки оддий юмшоқ ўриндиқларда бемалол ўтириб олиб  мутаола билан банд.

 Секин юриб, кутубхона ходимлари ёнига бориб, менга рус тилидаги адабиётлар керак десам, бирданига икки ходима менга ёрдам бериш учун рус тилидаги адабиётлар жойлашган бўлинмалар ёнига етаклашди ва русча китобларнинг иккита бўлинмаси билан таништиришди.

Мен у ердаги китобларни кўздан кечириб, ўзимга маъқул келган олти дона китобни танлаб олдим. Энди яна ўйладим менга булар карточка очиши керак, у холда албатта расм сўралади, ўзим билан расм олиб келмабман деган савол мени қийнаб турарди. Китобларни олиб яна кутубхоначилар ёнига келдим, шунда улар “сиз  биров билан келганмисиз” деб сўрашди. Ҳа, ёнимда бу ерда тўрт йилдан бери яшаётган Шарлотталик шеригим борлигини айтдим. Шунда улар сиз китоблар билан танишинг, шу ерда фойдаланиш мумкин бўлганларини  қараб чиқинг, зарурат бўлса уйга олиб кетасиз деб мени тинчлантиришди. Фақатгина кетишдан олдин шеригингиз бизга келсин китобларни биз у кишининг номига расмийлаштирамиз деган сўзларни айтиб мени хотиржам қилишди.

Мен ўзимга қулай бўлган юмшоқ мебелли жойни танладим ва китобларни кўздан кечирдим. Ёнимдаги китобхон ўзининг шаҳсий компьютерини қувватлантириб ишлаб ўтирарди. Розеткалар шунлайгина гиламдан чиқиб турибди, фақат темир қопқоғи бор бўлиб, ўз мутолаасини тугатган одамлар кейинчалик мавжуд темир қопқоқни ёпиб қўйишаркан. 

Мен уч соатлар чамаси китобларни ўқиб кўздан кечириб бўлдим ва ўзим билан учтасини олиб кетмоқчи бўлдим. Шунда шеригимни излаб пастки қаватга тушдим, биринчи қаватда хожатхона жойлашган бўлиб, озода, ёруғ  барча заруратлар-қоғоз, совунлар билан таъминланган эди. Болалар кутубхонаси йўлаги эса турли хил кичкинтойлар чизган расмлар билан безатилган ва болалар ўйинчоқлари қуйилган эди. Демак шу жойдан болалар кутубхонаси бошланади, кўнглимдан кечди. Аслида бу болалар ҳали мактабда ўқимайди ҳам, барчаси кичик ёшда, мен билан борган қизча ҳам тўрт ёшда бўлиб ҳали мактабга бормаган, аммо барча ҳарфларни танийди, ёзишни ҳам билади. Болалар кутубхонаси бўлимида болалар учун рангли қаламлар, бўёқлар, рангли қоғозлар, турли хил китоблар, ўйинчоқлар мавжуд, бу ерда ушбу нарсалардан жажжи китобхонлар бепул фойдаланиш имконига эгадирлар.

 Оталари ёки оналари, баъзилари бувилари билан келишган бўлиб, улар биргаликда, жамоа бўлиб ёки якка ҳолда суратлар чизиб ўйнашмоқда. Кутубхона ходимлари эътибор  кўрсатиб, қоғозларни  кесиб гуллар ясашни ўргатмоқда. Залнинг  иккинчи томонида эса бир гуруҳ болалар расм чизиш билан банд. Ёши катта китобхонлар эса болаларини машғулотларга қўйиб, ўзлари учун мўлжалланган кенг хонанинг бир томонида  бемалол китобларини олиб, юмшоқ диванларда ўтиришиб ўқишмоқда.

Мен бундай қулайликлардан ҳайратга тушдим. Нега-ки, кутубхонага ташриф буюрувчиларга эътибор катта, оилавий мутола учун имкониятлар юксаклигидан ҳайратландим. Катталар китоб ўқигунича, болаларни турли машғулотлар билан таъминлаб, ўйнатиб ўтиришса китобхон оила учун бундан ортиқ бахт борми! Ота-онанинг вақтлари, болаларнинг қизиқишлари эътиборга олинган. Оилавий мутоланинг энг гўзал намунаси шу бўлса керак деб ўйладим. Ахир бу муҳит ҳар қандай болани мутолаа маданиятини юксалтиришга, китобга меҳр қўйишга ўргатади. Ахир бизнинг ота-боболаримиз момоларимиз  китобхонлик кечалари уюштиришган ва унга ўз болалари билан бирга боришган. Масалан, Алишер Навоий китобхонлик давраларига онаси билан борганлигини, Ҳамид Олимжон бобоси билан борганлигини меҳр-муҳаббат билан эслаб ёзиб қолдиришган. АҚШда кўрганим эса оилавий мутоланинг замонавий кўриниши эди.

 Дилором Ёрматова, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, прфесссор

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.