КОНСТИТУЦИЯМИЗ – тинч ва фаровон  ҳаётимизнинг тамал тоши!

0
578
марта кўрилган.

Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, юртимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Аниқроқ айтганда, у миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Дарҳақиқат, Бош Қомусимиз инсон манфаатларини таъминлаш учун хизмат қиладиган инсонпарвар фуқаролик жамиятининг, адолатли ҳуқуқий давлатнинг, демократик суверен йўлимизнинг ҳуқуқий асосига айланди десам мутлақо муболаға бўлмайди.

Янги Ўзбекистон ёшларининг Конституция ва қонунлар ҳақидаги билимини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишда ҳар йили ахборот-кутубхона муассасаларида махсус режа асосида анъанавий ўтказиб келинаётган Конституция ҳақидаги давра сухбатлари, учрашувлар, беллашувлар ва кўрик-танловлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Конституциямизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», деб белгилаб қўйилганлиги мамлакатимиз аҳолиси ва айниқса ёшларига яратилган кенг имкониятларнинг намунасидир. Бош қомусимизда мустаҳкамланган билим олиш ҳуқуқи ва илмий ижод эркинлигини таъминлаш борасида сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганлигининг ўзи ҳам таълим, тарбия масаласи давлат сиёсати даражасидаги масалага айланганини исботловчи воқеадир.

Асосий қонунимизда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг қамровда кўрсатилиши давлатимизнинг ёш авлодга яратиб берган улкан имкониятларидан далолатдир. Чунки Конституциямиз, унинг асосида қабул қилинган қонунлар мазмунини яхши билиш ёшларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам бериш билан бирга уларда қонунларга ҳурмат ҳиссини оширади.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигига бағишлаб “Конституция — тинчлигимиз ва фаровонлигимиз асоси”, “Ватанимиз тараққиётида Конституциянинг ўрни”, “Қомусимиз – асосий қонунимиз!”, “Барча қонунларнинг тамал тоши бу Конституциядир” каби мавзуларида ўтказилган оммавий тарбирларимиз ҳам ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.  Айниқса замонавий ахборот технологияларидан, янги лойиҳалар асосида тайёрланган видео-роликлар марказимизнинг барча каналларига жойлаштирилди ва кенг китобхонларда яхши таассуротлар қолдирди. 

Ўтказилган тадбирларда мазкур қомусий ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти, унинг ҳар бир моддаси фуқаролар манфаатларига хизмат қилаётгани, айниқса, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятларнинг ҳуқуқий асоси ўз ифодасини топганлигини ёш китобхонлар онгига сингдиришга алоҳида урғу берилди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизнинг Асосий қонуни барча соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, юртимизнинг бугунги юксак тараққиётини таъминлаш, ҳар биримизнинг умуммиллий ҳамда умуминсоний ғояларни ўзида мужассам этган мақсадларимизни рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз тинчлигимиз, барқарорлигимиз, сиёсий ва ҳуқуқий эркинлигимизнинг буюк тимсоли сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гаровидир”.

Ҳафиза Каримова, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори, Маънавий-маърифий ишлар аълочиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.