Коррупция – жирканч ҳодиса, ҳалоллик – гўзал фазилат!

0
491
марта кўрилган.

Республикамизда ҳуқуқий тарғибот соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган демократик жараёнларда аҳолининг, жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.

Тинч ва обод юртимизда инсон бахт-саодати ва фаровонлиги йўлида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти нафақат фуқароларнинг сиёсий онги, балки уларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

Ҳуқуқий маданият жамиятнинг илғор ҳуқуқий ғоялар ва қонунлар, билим ва кўникмаларни қабул қилишга тайёрлигида, шунингдек билимлар кўникмалар ва амалдаги ҳуқуққа муносабатида ўз ифодасини топади. Ҳуқуқшунос олимларнинг фикрича, ҳуқуқий маданият – фуқаролик жамияти аъзолари ўз ҳуқуқий билимлари ва кўникмаларини ўзлаштирувчи ёки ривожлантирувчи ижодий фаолиятнинг муайян хусусияти ва даражасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инсоннинг ҳуқуқий маданияти аввало оилада шаклланади, таълим жараёнида сайқаллашади. Инсон мустақил ҳаётга қадам қўйганида эса янада такомиллашади. Бинобарин, шахснинг ҳуқуқий маданияти ривожланишида оиланинг, маҳалланинг, таълим муассасаларининг, том маънода эса давлат ва жамиятнинг тутган ўрни шак-шубҳасиз каттадир.

Глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари кучайган, ахборот хуружлари авж олаётган мураккаб шароитда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришда миллий менталитетнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Мамлакатимизда асрлар давомида синовлардан ўтиб келаётган ва миллий қадриятларга асосланган беназир ахлоқий нормаларимиз  бор. Аммо ана шу бебаҳо одоб-аҳлоқ ва қадриятларимиз меъёрларига путур етказиш ҳолатлари афсуски, кундалик турмушимизда учраб  туради.

Менинг назаримда, инсон ҳаётида оилада кўрган тарбияси унинг келажак тақдирини белгилайди. Ҳалоллик, бировнинг ҳақини емаслик оғир гуноҳ эканлигини болалигидан қалбида жо қилинган кишидан ёмонлик чиқмайди. Унинг ана шу гўзал фазилати бутун умрини безайди, камолотга етказади. Бу эса ўз-ўзидан юрт тараққиёти, жамият ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

 Таъмагирлик, ўз хизмат лавозимидан фойдаланиб, пора олиш эвазига жиноят содир қилиш ҳоллари  энг аввало юқорида таъкидлаганимиздек, ҳуқуқий маданияти паст ва қонунларни яхши тушунмайдиган  айрим  инсонлар томонидан содир этилаётгани сир эмас. Ваҳоланки,  жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда, коррупция ҳолатларининг олдини олишда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш  муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 4 январдан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги  Қонуни кучга киргани  ва мазкур Қонун  ижроси юзасидан 2017 йил 2 февралда  Президентимизнинг “Коррупцияга қаршуи курашиш тўғрисидаги” ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилингани  муносабати билан ўқувчи-ёшларнинг хабардорлигини таъминлаш мақсадида дарс жараёнида мазкур муҳим ҳужжатлар мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинишига эришилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,  жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида  коррупция долзарб масалалардан бири эканлиги эътироф этилмоқда. Коррупция чегара билмайди, бироқ у жамият тараққиётининг барча жабҳаларига,  қадриятлар тизимига кириб бориб,  одоб-аҳлоқ меъёрларига путур етказади. Эркин ва демократик  тамойилларга, фуқароларнинг  ҳокимият органларига ишончини йўқотади,  давлат, жамият ривожига  тўсқинлик қилади.

Шу боис ёшлар ўртасида  ҳуқуқий тарбияни яхшилаш педагоглардан катта масъулият ва тажриба талаб этади. Таълим жараёнларида бу соҳада мамлакатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётий далиллар асосида тушунтирилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтиришда таълим йўналашида “Оила, мактаб ва маҳалла” дастурининг ёшлар ҳуқуқий маданиятини янада оширишдаги аҳамияти катта. Фарзандлар тарбиясида энг аввло оиладаги тарбия ва унга  узвий равишда мактаб, маҳалла, ҳамда жамоатчиликнинг ролини ошириш масаласи энг  самарали усуллардан саналади.

Элёр ПАЛВАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти  бошқармаси ходими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.