Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер 80 ёшга тўлиши муносабати билан адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.
Адабий анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир олиб борди.
Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков очиб берди.
Сўзга чиққанлар, жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ботиржон Эргашев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, Чирчиқ давлат педагогика университети проректори, шоирнинг шогирди Баҳодир Ҳусанов, таниқли журналист, шоирнинг дўсти Ирисмат Абдухолиқов ва бошқалар шоирнинг ижодий фаолияти ва шеъриятининг аҳамияти, таржимонлик фаолияти тўғрисида фикрларини билдириб, юбилярни табриклади.
– 12 ёшда эдингиз, отамиздан етим қолганимизда Сизга осон бўлмаганини ҳис қилардим, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоирнинг синглиси Ҳабиба Шерова. – Биринчи шеърингиз «Чиноз ҳаёти» газетасида босилганидан сўнг катта ижодий қувват билан ёзишга киришдингиз. Уйимизнинг шундоқ рўпарасидаги ўша газета таҳририятида меҳнат қила бошладингиз. Раҳматли бувим, онам эл эъзозидаги ардоқли инсон бўлишингизга ишонардилар. Мана, бугун шу кунларга етиб турибмиз. Дунё тургунча туринг, ака!
Тадбирда гўзал куй-қўшиқлар янграб, адабий кечага янада файз бағишлади.
Абдулла Шер ижодига бағишланган адабий анжуманлар Тошкент вилояти бўйлаб давом этади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Абдулла Шер ижлдидан армуғон:
Мен шоирман, Егише Чаренц…
Егише Чаренц
Мен шоирман, мен — Абдулла Шер,
Барлосларнинг саркаш фарзанди.
Айтгил Осмон, айтгил она Ер:
Ўз асримга менми асранди?!
Дедиларки: «Зўрдир ганж кучи,
Эгилиб ол, унда шон, мулк бор!»
Эгилдиму, қаламим учи
Юрагимга қадалди илк бор.
Лаънат айтиб бундай устозга,
Тутдим, шундай, йўллар баридан.
Кўкламларни етаклаб ёзга,
Чиқмоқ бўлдим Вақтнинг қаъридан.
Юксаклар деб ёндим ошуфта,
Сомон йўли ҳушимни олди.
Аммо киприк санчилган шифтда
Чатнаб кетган ёш юлдуз қолди.
Қаҳ-қаҳ урди умр бўшлиғи,
Ўт қўйганда орзуга армон.
Яллиғланган йиллар қўшиғи
Ёндиради бўғзимни ҳамон.
Мен ёнаман: на ёв, на дўстим
Қорайтолган уфқимни ерда.
Мен оловман: зулматни тўсдим, —
Ватаним деб чўғландим шеърда!
МУҚАДДИМА
Қишга тўқий дея қасида
Дўст тутиндим бугун осмонга.
Оқ фаслнинг ҳикмат дарсида
Боқдим умр деган карвонга.
Фаслларни оралаб ўтган
Шу карвонга яна юк ортдим.
Балки, менмас, ўзгани кутган
Шеъриятнинг енгидан тортдим.
Кулиб боқди менга шеърият,
Рангларини кўрдим бор-йўқнинг.
Чулғади-ю оловли ният,
Тафти бўлдим қордаги чўғнинг.
Қорга ўраб илҳомни, қишжон
Келтирганда яшнади байтим.
Мен куйладим, энгашди осмон,
Осмон бўлиб қўшиқлар айтдим.
GUJUM.UZ cайти жамоаси ҳам шоир Абдулла Шерни қутлуғ ёши билан қутлайди. Сиҳат саломатлик, бардавом ижодий кайфият тилайди.