Лут набий алайҳиссалом қиссаси

0
10332
марта кўрилган.

Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.

Рабғузий китобида Лут ялавочга алоҳида бағишлов мавжуд. Зеро, у Қуръони Каримнинг “Ал-ҳаққа”, «Аъроф» сураларида пайғамбарлар қаторида тилга олинади: “Остин-устин қилган шаҳарнинг хабарлари уларга келмадими? Келган эди, уларга пайғамбарларнинг равшан мўъжизалари билан”.  Муқаддас китобда Ал-муътафикат-тўнтарилган дейилишидан мақсад Лут алайҳиссалом қавмининг қишлоқ ва шаҳарларининг  гуноҳ ишлари туфайли тўнтариб қўйилганлигидир.  Йўлтўсарлик, хиёнаткорлик, бир-бирини гуноҳга  чақириш, энг мудҳиши бир жинснинг қўшилишини улар биринчи бўлиб қўллаганлари учун Оллоҳ уларнинг қишлоқларини ва шаҳарларини остин-устун, чилпарчин қилади. Аллоҳ таоло аввало уларни ёмон ишлардан қайтариш учун Лут пайғамбарни юборди. Лекин улар осий бўлдилар(Р.З.; Н.С.).

 Лут ибн Ҳазар ибн Борих ибн Хорон. Лут ялавоч Иброҳим пайғамбарнинг онаси томонидан қариндошининг ўғли эди. Ўрдун ерида Иброҳим пайғамбарга замондош бўлиб яшади. Фаластин билан Ўрдун ораси бир туну кунлик йўл эди.  Лутнинг хотини кофира эди. Ўрдун худудида бешта улуғвор шаҳар мавжуд эди. Додума, Ошура, Севам, Содум, Суъар. У ўн беш йиғочлик ер эди (бир йиғоч тахминан 9 км.масофа). Бу вилоятда боғдорчилик, чорвачилик жуда мўл-кўл бўлиб, халқни ризқи тўкин- сочин эди.

Мавло азза ва жалла уларни Қурони Каримда муътафиқот деб айтади. Маликнинг оти (вилоят раҳбари) Садум ибн Муштам,  вазирининг  оти Курмуз эди. Барчаси бутга сиғинардилар. Энг улуғвор тўртта бут бор эди: Ябд, Масҳур, Қуб, Қут. Идрис ялавоч давридан ул кунга қадар улар учун бутлардан гўзалроқ маъбуд йўқ эди.

Бу ерда дунёдаги барча мева-чева, ноз-неъматлар етиштириларди. Йил сайин неъматлар етилса, саҳродан, Чину Мочиндан, Бахто, Қолҳар, Дарланд, Хирзон вилоятларидан барча ҳалойиқ ўз боғига келгандек сайлга  келишарди. Турли ноз-неъматларни йиғиб, қишда уйларига қайтардилар.

Бир йил Мавло Таоло синов учун изғирин юборди. Ноз-неъматларни совуқ урди, натижада ризқ-насиба  кам бўлди. Ёз келганида эса ҳамишагидек халойиқ у ерга кела бошлади. Улар “бу йил неъмат бўлмади, келгусида мўл-кўлчилик бўлса, яна улуш-кавсан берурмиз” деб қайтардилар. Баъзилар кўнмадилар. Маликка келиб айтдилар. Уларнинг Зевол деган катта бутлари бор эди. Малик деди: “Зеволга боринг сиғининг, сизни қутқаргай, бир йўл кўрсатгай”.

Иблис Хосхос  отли девни юборди. У Зеволнинг оғзига кирди. “Эй, менинг қулларим анчадан бери менга қулоқ тутсангиз эди. сизга бало келмасди. Неъмат излаб келган кишиларнинг эркакларини тутинг уйга қамаб бирга бўлинг, шунда ўзлари қочадилар”.

Иблис уларни йўлдан уриш ниятида хушсуврат йигит сифатида қошига чиқди. Бохил исмли киши уни кўриб, уйга тортди. Иблис билан фоҳиша иш қилди.

 Ҳикоят: Иблис Одам Атони яратган Оллоҳ таолога сажда қилмади. Мен нурдан, Одам тупроқдан  яралди, дея манманлик қилди. Оқибат эса Лут ялавоч аҳлига эрмак бўлди.

Яна бир ривоятда айтилишича, Иблис бировнинг боғига ўғри бўлиб киради. Эгаси уриб ҳайдайди. Яна киради, яна уриб ҳайдайди, яна кирди. Учинчи марта келганида фоҳиша иш қилди. Иблис уларни ана шундай мудҳишликка ўргатиб олди. Бу мудҳиш иш барчасига одат бўлиб қолди. Мушриқларни уйда сақлаш анъанага айланади. Айтишларича, уларда ўн хил ярамас урф-одат мавжуд эди: ёй бирла тош отмоқ, собкина ўйини, ич-тўн боғларини кенг қилмоқ,  тўннинг орти ва ён томонини ёриқ қилмоқ, сакич чайнамоқ, бармоқ билан тошни тузга солмоқ, чанг урмоқ, қўчқор уриштирмоқ, ливотат (ўз жинси билан жинсий алоқа қилмоқ).

Эркаклар ушбу ўн турли ёмон ишлар билан бўлиб, аҳли аёлига  қарамай қўйдилар. Иблис уларнинг хотин- қизларини ҳам йўлдан оздирди. Кампир сувратида келиб, уларга ҳамдард бўлди. “Бизнинг эрларимиз хушсуврат йигитлар билан алоқа қилурлар. Биз нима қилайлик?”. Иблис уларга йўл кўрсатди. Улар аёллар билан эркакдек ётадиган бўлишди. Аёлларга бу иш хуш келди, бири-бирига қовуша бошладилар. Ҳаёт тарзи кўп йиллар шундай кечди. Эркаклар эркаклар билан аёллар аёллар билан ётадиган бўлишди.

 Ўша пайтда Лут Муқаддаса ерида уйли-жойли бўлиб яшарди. Бир куни Жаброил йигирма яшар йигитдек  унинг қошига келди. Салом берди. У алик олди.

– Сен кимсан? – сўради.

– Мен Жаброил ал-амин.

Лут қўш ҳайдашдан тўхтади ва сўради: Эй, Жаброил не хабар келтирдинг?

– Мавло таоло сенга салом йўллади, Муътафикат аҳлига боргил, ливотат қилмасунлар. Соч-соқол юлдириб, ич-тўн боғин кенг қилмасинлар. Аёллари ҳам бир-бири билан қовушмасинлар, бутга сиғинмасинлар. “Ла илаҳа иллалоҳу ва иннака Лутан расуллохи”  деб имон келтирсинлар. (Оллоҳ ягона бошқа бирорта маъбуд йўқ, Лут Оллохнинг элчисидур).

Лут қувонди, шукрона айтди: – Қандоқ яхши Эга ва қандоқ ҳам яхши Мададкор, -дея жавоб қилди Лут.

У Иброҳим ялавочга елдек учиб келди. Хушхабарни етказди. Иброхим сўради:

– Қайси вилоят аҳли?.

– Барчадан ёвузроқ муътафикат аҳли.

Иброҳим ялавоч: “Тангрининг фармони ҳақдир. Унга бўйсун”, – дея қўллаб-қуватлади.

Лут имон келтирди. Иброҳим уни дуо қилди: “Эй, Оллоҳим у менинг  яхши қўшним эди. Сени измингга топширдим. Ўзинг ёрлақол. Яна омон-эсон кўришишлик насиб этсин”.

Лутнинг Қоила, Роҳила отли икки хотини ва Зуъулу, Ирсама, Бақто исмли уч қизи бор эди. Раъда отли теваси ва Дина отли ити ҳам бор эди. Лут кўч-кўронини ортиб, муътафикат аҳли яшаётган ерга беш йиғочлик  бўлган Омурога етиб тўхтади. У ерда чодир тикди. Муътафикат аҳли хуш суврат йигит излаб юрганида Лутни  кўрдилар. У ҳақда Маликка хабар бердилар: “Солиҳ эркак икки аёл билан келди”. Омуро халқи Лутни ушламоқ бўлдилар. Лутнинг теваси ва итининг қўлида юз минг киши ҳалок бўлди. Баъзилари қочди. Маликка хабар келди. У ўз вазири Кармуни жўнатди. Вазир беш юз йигити билан келди.

– Отинг не?–деб сўради вазир.

– Отим Абдуллоҳ.

– Не ишга келдинг?

– Ялавочликка келдим.

У Маликка бўлган суҳбатни етказди. Жаброил яна келди: Садумға бор айтгил, сени Оллои Таолонинг ялавочи деб билсин.  Лут Малик саройига ўнг томонида тева, сўл қанотида ит билан кириб келди. Улар ҳеч кимни Лутга яқинлаштирмас эдилар. Малик ўрнидан турди.

–  Отинг не?

– Отим Абдуллоҳ.

– У не маънони билдиради?

– Тангри  қулиман деган маънони англатади.

– Сен кимсан?

– Тангри расулиман.

– Расул не дегани?

– Оллоҳнинг элчиси, расули дегани. Оллоҳ таоло ягона, ундан ўзга маъбуд йўқ, мен унинг ялавочиман.

– Бу сўзга гувоҳинг борми?

– Гувоҳим ушбу тева бўлади.

–Тилсиз тева ҳам гувоҳликка ўтарми? –деди Малик.

– Теванинг гувоҳлиги Оллоҳнинг қудрати билан бўлар.

– Айтгил, гувоҳлик берсин,–деди Малик.

– Эй, Раъда гувоҳлингни кўрсат.

Мавло Азза ва жалла тевага тил ато қилди. У “Оллоҳ ягонадир, Лут унинг расули” дея гапирди.

– Малик “гувоҳ қўш бўлар. Яна бири қани? ” – деб сўради.

– Эй, Дина, айт,– деди Лут.

– Оллоҳ ягона, тенги йўқдир. Лут унинг расулидир.

– Мен ҳеч бунақасини кўрмаган ва эшитмаган эдим. Эй аҳли беклар, сиз нима дейсиз?

– Эй, Малик у жоду қиляпти, –деб жавоб берди беклари.

– Эй, Абдуллоҳ, сен бу сўзни молу дунё учун айтар бўлсанг, сўра истаганингни берайин.

– Эй, Малик, менга Оллоҳнинг фармони азиз. Агар-ки, ўз жинсингиз билан қовушарсиз, йўлларингиз бекилур. Ушбу иш Оллоҳга хуш келмас.

– Эй, Лут, гапингни қайтиб ол, бўлмасам элдан ҳайдаймиз,– деди беклар.

– Бу ифлос иш сизлардан бошланди. Авваллари бу фоҳишалик йўқ эди. Аммо,  осий қавм бу даъватни рад этди.

– Эй, Лут, гапинг рост бўлса, Оллоҳнинг азобини келтир,– дедилар масхаралаб.

У Жаброилга мурожаат қилди: яна даъват этавер,– деди Жаброил. Лут муътафикат аҳлини қирқ йил даъват этди. Бирор кимса мусурмон бўлмади. Шунда улардан умидини узган Лут Оллоҳга сиғиниб, дуо ўқиди. Дуо ижобат бўлгач, Лут алайҳиссаломнинг уйларига уч хушсуврат йигит кириб келди.

Иброҳим пайғамбар Лут ялавоч кетгандан кейин безовта бўлиб қайғурди. Ҳар кун меҳмон кутди. Меҳмон билан бирга рўзасини очарди. Хабар бўлмади. Жаброил келди:

– Эй, Иброҳим, сен Лут учун мунча қайғурасан. Уни сақловчи Оллоҳ эмасми?

– Оллоҳим, тавба қилдим.

        Ўн иккинчи кун хушсувратли ўн икки  йигит кириб келди. Меҳмонларга атаб яхши кўрадиган молларини сўйди. Меҳмонлар олдига таом қўйиб, бемалол ейишсин, дея чиқиб кетди. Иброҳим  кирса таомга  тегилмаган. Сўради:

– Нега емадингиз?

– Баҳосини билмаймиз, емадик.         

 –  Бахоси шуки, бисмиллоҳ билан бошланг, таом еганда “ал-ҳамдулиллоҳ” денг.

– Биз таом емаймиз.

Иброҳим қўрқди. Меҳмон ош емаса, душманлик ниятида бўлади.

– Қўрқма, биз фаришталармиз, сенга хушхабар келтирдик. Сорадан Исҳоқ исмли ўғлинг бўлур. Сора уни эшитиб деди: Оллоҳим мен туғаманми? Аҳволим: етмиш яшарли кампир бўлсам. Эрим эса чол.

– Оё, сен Худонинг қудратидан таажжуб қиласанми?

Жаброил қуруқ ёғочни Соранинг қўлига  берди. У Соранинг қўлида кўкарди, барг ёзди. Эй, Сора, қуруқ дарахтни қўлингда кўкартирган Оллоҳнинг сенга ўғил бериш қийин эмас.

Иброҳим сўради: –    Сизлар кимсизлар?

– Мен Жаброилман, Бу Мекоил ва 10 нафар фаришта.

– Не мақсадда келдингиз?

– Лут қавмини ҳалок қилгани келдик. Лут ва оиласи бир хотинидан ўзгаси қутилади.

– Уларда юз киши мусулмон йўқми?

– Агар уларда юз киши мусулмон бўлса, Оллоҳ бало жўнатмагай эди.

– Ўн киши мусулмон йўқми?

– Ўн киши мусулмон бўлса ҳам бало келмасди.

– Битта мусулмон йўқми?

– Агар битта мусулмон бўлса-да, Оллоҳ ўз балосини юбормасди. У ерда Лут оиласидан бошқа мусулмон йўқ.

Фаришталар ярим тунда Лут пайғамбарнинг эшигини қоқдилар. Туннинг учдан бири кечган пайт эди. Жаброил айтди: Қўноқ қабул қилармисан?

Қавмнинг кирдикорларини яхши билган пайғамбар уларни кўриб хижолат чекди. Бироқ, дардини айтолмади. Лут уларни уйга киритди. Қизларига тезроқ таом тайёрлашни буюрди ва тонг оқармасдан жўнатиб юбориш ниятида эди. Меҳмонлар хотиржам ўтиравердилар. Уларни Лут ялавоч ва унинг хотинларидан бошқа ҳеч ким кўрмади. Тунда қизлар таом тайёрлагунча хотини Воила олов ёқиб хушсуврат йигитлар келганидан кофирларга хабар берди. Бир пасда Лут саройига осийлар етиб келдилар. Кофирларнинг икки улуғи бор эди. Лут уларга айтди:

– Сизларга қизларимни жуфти ҳалолликка берайин. Аммо меҳмонларим олдида мени уялтирманглар, шарманда қилманглар,– дея илтижо қилди.

– Бизни қизларинг қизиқтирмайди. Меҳмонларни бермасанг, тортиб чиқарамиз, зўрлаб оламиз, – деди улар.

Лут йиғлаб Жаброил фариштага рўбаро бўлди.

– Нега йиғлайсан? – сўради Жаброил.

Лут машъум хабарни етказишга уялди, номуси келди. У надоматлар чекди. Тангрига ялинди. У киши нима қиларини билмай, ноиложликда турганида йигитлар ўрнидан туришди.

– Қўрқма, эй, Лут биз тангрининг фаришталаримиз. Сени қутқаргани келдик. Улар сенга зарар етказа олмайди,– деди Жаброил.

Ўша пайт кофирлар эшикни синдириб ичкарига кирдилар, Жаброил бир ҳовуч тупроқ олиб, уларга сочди. Тўрт юз кофирнинг кўзи кўр бўлди. Улар бир-бирини уриб-суриб, уйдан чиқа бошладилар.

Тонг отарда Лут мусулмон хотинини тевага миндирди. Икки қизи, теваси ва ити бирла Мекоил фаришта уларни ўн йиғочлик ерга элтиб қўйди. Жаброилга ёрлиқ бўлди, бир кичик қанотини ёйди. Лут қанотларининг устига чиқди. Жаброил фаришта Лут қавми истиқомат қилаётган етти шаҳарни осмонга кўтариб, сўнгра тўнтариб қўйди. Уларнинг ҳар бирида юз минг киши яшарди. Товуқларининг, ҳайвонотларининг фарёди фалакка етди. Кўк ларзага келгандек қаттиқ ун қилди. Осийларнинг товуқлари, йилқилари, қора моллари Мавло ёрлиғи билан тўнтарилган ернинг остидан чиқдилар. Оллоҳдан фармон келди. Жаброилга тепгин деб. Жаброил тепди. Тошлар одамларнинг устига зарб билан туша бошлади. Биринчи тош Лут ялавочнинг кофир хотини Воиланинг бошига тушди. Дўзахга энди. Хитоб келди:

– Эй, Жаброил бу ерни тўнтарган сенмисан ё менми?

Жаброил сажда қилди: Илоҳий, тавба қилдим. Жинояткор қавм битта ҳам қолмай ҳалок бўлди. Уларнинг диёрлари тўнтарилиб, шўр сувли кўлга айланди.

Уламоларнинг нақл қилишларича, ҳозирги Ўлик денгиз Лут қавми яшаган диёр ўрнида пайдо бўлган. Ҳа, Аллоҳнинг амрини инкор қилиш, гуноҳ ишларни содир этишнинг оқибати шундай бўлади. Ақллилар бундан ибрат олиши шарт. Шунинг учун ҳам ушбу қиссалар Қуръонда зикр қилинади. Бўлиб ўтган воқеалар, улар қаламга олинган қисса ва ҳадислар ҳамма учун ўрнак, эслатма, тўғри йўлга даъват бўлиши лозим. Уларни ибрат қулоғи билан эшитиб, эзгуликни қалбга синдирмоқ лозим. Осийларни – гуноҳкорларни жазолашдан мақсад Оллоҳнинг синов ва сийловларидан ўтишда ўзига хулоса чиқариб олишдир (Р.З.,Н.С.).

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.