Mеҳрибон ТИЛЛАЕВА:Тақдир чорраҳаларида

0
178
марта кўрилган.
 Раъно исмини болалигимдан бери яхши кўраман. Балки “Меҳробдан чаён” романидаги Раъно образи ёқиб қолгани учундир. Билмадим, бу исмда қандайдир сеҳр, жозиба борга ўхшаб туюлади менга. Яна қизиғи шундаки, ҳаёт йўлларимда жуда кўп Раъноларни учратдим, бари кўнглимга ўтиришди, барида гўзал фазилатларни кўрдим. Талабалигимнинг илк кунида шаҳрисабзлик Раъно исмли қиз билан танишиб, ажралмас дугона бўлиб қолдик, ҳозир орамизда масофа узоқ бўлса-да ҳисларимиз ўша ўша, бир- биримизни соғиниб йўқлаб турамиз. Кейинчалик яна исми жисмига мос бўлган Раънолар билан танишдим.
Ҳозир эслаётганим, ушбу эссени ёзишимга сабабчи бўлган инсон мендан ёши анча катта бўлган андижонлик Раъно опамдир.      Раъно опам асли хоразмлик, тақдир тақозоси билан Андижонга келин бўлиб кетган. У кишини танимасимдан олдин қўлимга шеърлари келиб тушган. Тўғрироғи танишларимдан бири “бу шеърларни ўқиб кўринг, сизга албатта ёқади” деб бериб кетганди. Самимиятга  йўғрилган мисралар, Хоразм ҳақида соғинч билан  ёзган  сатрлари юрагимни жизиллатди. Бу аёлни излай бошладим. Қарангки, кўнгиллар бир- бирини излайди, кўнгил сезади деган гаплар рост эканми, кутилмаганда таҳририятимизга чиройли аёл кириб келди. Сийрати сувратига монандлиги боис, дарров “эл” бўлиб кетдик.
У туманимиздаги Қотоғон қишлоғида туғилиб ўсганлиги, турмуш ўртоғи Мухтор Сотиболдиев  тиббиёт институтини тамомлаб, ўз юрти Андижонга эмас, Қўшкўпирга ишга юборилганлиги, бир -бирларига кўнгил қўйиб турмуш қуришгани Булоқбоши туманида истиқомат қилишлари ҳақида гапириб берди. Сўзлари орасида ўз юртини, одамларини жуда соғинганини тез – тез такрорлади. Ижод намуналари жамланган китобни ҳадя қилди. У “Хоразм соғинчи” деб номланарди. Нари- бери ярим соатлик танишувдан сўнг энг яқин қариндошлар каби хайрлашдик. Шу- шу Раъно опам билан ўзаро телефон ва хатлар орқали мулоқотларимиз бошланиб кетди.
Орадан йиллар ўтди. Хонамдаги телефон жиринглади. Қўлимга олдим-у таниш ва дилга яқин овозни эшитиб қувониб кетдим. Салом -аликдан сўнг “Мен юртимга келдим, келинг бир кўришайлик” деган сўзларни айтди, мен андижонлик опамнинг истиқболига шошилдим. Ахир дунёда меҳрдан гўзал нима бор! “Миллий тикланиш” ДП туман Кенгаши раиси шогирдим Шаҳнозахонга ҳам эзгуликни илиндим. “Юр сени бир ижодкор, шоира опа билан таништираман” деб айтдим ва биргаликда учрашувга келдик.
 Оламда дийдордан ширин нима бор?  Унинг таърифига тил ожиз, айниқса узоқ йиллар кўнгилга яқин одам билан кўришолмай юриб, учрашгандаги ҳолатни тасвирлаш қийин.
– Икки кун бўлди келганимга,-деди шоира опамиз, сизни, Шаҳнозага бир қараб қўйди-да. сизларни кўрмасдан кетолмасдим, ўзи бирравга келгандик. Аввалгидай эмасман, ёшим ҳам саксонга яқинлашиб қолди, эҳҳе, умр оқар сувдек ўтиб кетди-я. Юртимни, яқинларимни, сизларни соғиниб келдим. Раҳматлик Мухтор акам ҳам Хоразмни яхши кўрардилар, “одамлари беғубор, кўнгилларида гард йўқ” деярдилар. У киши оламдан ўтгач, кўнглим ҳувиллаб қолди.  Бутунлай бу ерга кўчиб келай дейман-у, у ёқда боаларим набираларим, мени Андижонга боғлаган ришталар бор. Келолмайман.
     Опа билан суҳбатлашар эканмиз, ёши саксонга борган бўлса-да унинг серғайратлигига қойил қолиб ўтирдик. Аллоҳ томонидан сийлаб берилган умрни ҳар ким турлича яшаркан. Опа ҳаётини безаб яшаб келяпти. Узоқ йиллар Булоқбоши туман ҳокимлигида ишлаган, газетага муҳаррирлик қилган, пенсияга чиққанидан сўнг эса тумандаги маънавият ва тарғибот бўлимида фаолият юритган, яна бир қанча жамоат ишлари…оила. бола- чақа тарбияси дегандай.
 – Ҳозир ҳам бекор ўтирмайман, тумандаги тарғибот тадбирларида маърузаларим билан қатнашаман, Жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар даврасига кириб бориб учрашувларда суҳбатлар уюштираман, -деб қўяди опамиз ўзаро гурунг орасида.  Умр дегани ўтиб кетаяпти, одамдан бир из қолиши керак-да ахир. Бир танишимни биламан, умри ўтиб боряпти, бирор ҳунар ўрганган эмас, Фарзандлари катта бўлиб қолган. Умри фақат тўрт девор орасида ўтаяпти. Тўғри, тўй- томошаларга бориб туради. Лекин инсон бундай бекорчи бўлиб яшамаслиги керак. Агар учрашиб, суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз, ҳаётдан нолий бошлайди. Ношукурлик эмасми бу деб қўяман. Умрида бирон китоб ҳам ўқимаган. Шунақа ҳам яшаш бўларкан-да.
Суҳбатимиз узоқ давом этади. Ҳаж зиёратига борганини эшитгандик, шу ҳақда сўрасак,  “ҳа Аллоҳга беадад шукур, насибамизда бор экан”деб қўйди. Беихтиёр  Ҳажга бордим деб ўзини бировлардан баландроқ қўйиб гапиргувчилар, ўз исмини унутиб Ҳожибобо ёхуд Ҳожиона номи билан яшаётганлар  хаёлимдан ўтди. Умрида бирон савоб ишга қўл урмасдан, дилозорлик билан яшаб юрганлар Ҳаж зиёратини адо этсалар-да, мусулмон бўлиб қолармидилар?  Ҳа, энди бу бошқа гап…
 Бизнинг Раъно опамиз эса ёниб- жўшиб китоблар чоп қилдиргани, ҳар йили ўзлари яшаётган ҳудудга яқин бўлган ҳарбий қисмга бориб аскарлар билан суҳбатлар ўтказиб уларнинг ҳолидан хабар олиб туриши, шеърлар ўқиб ёшларнинг кайфиятини кўтаргани ҳақида ҳикоя қиларди. Фақат ҳар гал қай мавзуни тилга олмасин, охирида “Хоразм барибир яхши-да, хоразмликларни яхши кўраман, қандай яхши инсонлар яшайди бу юртда” деб қўяди. Болалигида ота – онасидан олган тарбияси, устозларининг сабоқлари боис ёт элга келин бўлиб борса-да ўрнини топганини таъкидлайди.
  Вақт ўтиб борар, учрашувимиз ҳам адоғига етиб қолди. Шаҳноза бу суҳбатлардан анча баҳра олгани сезилиб турар, унинг қиёфасига боқиб мамнунлигини сездим. Опа ҳам ўз навбатида шундай ёш, ижодкор қиз билан танишганидан хурсанд бўлди. Ёшлар бизнинг келажагимиз деб таъкидлади. Соғинч билан дийдорлашган эдик, яна шу алфозда хайрлашдик. Раъно опам бизга ўзгача руҳ бағишлади.    
“Ўзи Раъно исмлилар бошқача бўладими, дея яна хаёлга берилдим. Тошкентда истиқомат қилувчи журналист опам Раъно Зариповани ҳам беихтиёр эсладим. Бир қанча китоблар муаллифи, “Қисаи Рабғузий”ни эски туркий тилдан замонавий ўзбекчага таржима қилган опам. У ҳам Хоразмни жуда севади. Гап исмдами, балки қалбдадир.
     Хайрлашдик, Хоразмни соғинган Раъно опамнинг кўнгли бироз таскин топгандек бўлди, назаримизда. У соғиниб келди ва соғиниб Андижонга кетяпти, яна юрагида соғинч билан яшайди. Ўзи туғилиб ўсган маконга бўлган меҳри қон- қони ва жон- жонига сингиб кетган. Шоира опамиз бизга ўша меҳрни улашгандек, атрофимизга назар солиб яшашга, умрни беҳуда ўтказмасликка чорлаб кетгандек туюлди гўё. Биз ҳам саксонга кирамизми, саксонга кирганимизда ҳам худди Раъно опамдек ёниб туришга куч тополамизми? Буни энди Аллоҳ билади, лекин ёниб яшайдиган, юртини юрагидан севадиган инсонлар бор экан, биз улардан руҳ ва далда олаверамиз. Хоразмга яна келинг Раъно опа!
Mеҳрибон ТИЛЛАЕВА,  “Ҳаёт кўзгуси” газетаси муҳаррири
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.