МЎМИНЛИК ШАРАФИГА КИМЛАР ҲАҚЛИ бўлади?

0
68
марта кўрилган.

МЎМИНЛИК ШАРАФИГА Қуръони каримнинг Тавба сураси, 112-оятида таъкидланганидек, «Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаргувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!

Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар:

«Тавба қилувчилар» — билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларга чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар.

«Ибодат қилувчилар» – Роббларига доимий равишда, ихлос билан ибодат қиладилар, Унинг амрларини бажариб, наҳйиларидан қайтадилар.

«Ҳамд айтувчилар» – яъни Аллоҳ таолога ҳамду сано ва мақтовлар айтиб, шукр қилиб яшайдилар.

«Рўза тутувчилар» — бу ҳам мўмин банданинг энг улкан сифатларидандир. Аллоҳнинг розилиги учун ўз ихтиёри билан емоқ-ичмоқ ва турли лаззатли ҳамда шаҳватли нарсаларни тарк этиш олийжаноб сифатдир.

«Рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар» – намоз ўқувчилар, яхшилаб ўқувчилар. Намоз диннинг устуни бўладию, мўмин кишининг асосий сифати бўлмасмиди?

«Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар» – буни шариат тилида амру маъруф, наҳйи мункар дейилади, яъни мўмин киши фақат ўзини ўйлайдиган худбин шахс бўлмайди. Балки ўзига етган яхшиликларнинг бошқаларга ҳам етишини ўйлайди. Бунинг учун амалий ҳаракат ҳам қилади. Чунки Ислом дини унга ўзгаларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни фарз қилгандир.

«Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир». Дунёдаги ҳар бир яхшию ёмон ишни Аллоҳ таоло Ўз дини орқали баён қилиб, чегаралаб кўрсатиб қўйгандир. Мўмин инсон ана ўша чегаралардан чиқмайди. Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига тўғри амал қилиб яшайди. Ушбу сифатларга эга бўлганлар – мўминлардир.

Эй Пайғамбар: «Ва мўминларга хушхабар бер!» Мазкур сифатларни ўзларида мужассам қилганлари учун улар икки дунёнинг саодатига сазовордирлар.

“Тафсири Ҳилол” китобидан.

Азиз юртдошлар, рўза айёмингиз муборак бўлсин. Юртимизни, хонадонларимизни эзгуликлар чўлғасин! Аллоҳ  ҳар биримизни коронавирус балосидан  ўз паноҳида асрасин. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.