Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан хоразмлик шоир, тарихшунос, таржимон ва давлат арбоби Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда.
Сценарий муаллифи Гўзалой Матёқубова, постановкачи режиссёр Муроджон Одилов ижодкорлигидаги фильмни суратга олиш жараёни «Ичон қалъа» тарихий мажмуасида давом этяпти.
Огаҳий тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли 1809 йили Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида туғилган ва 1874 йили вафот этган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган шоир араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Шарқ классиклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган.
1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон (1825—42) Огаҳийни Муниснинг ўрнига мироб этиб тайинлаган. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтдаижодини ҳам ташлаб қўймаган.
Огаҳий жанр имкониятларига ижодий ёндашиб, уларни такомиллаштирган: ўзигача бўлган 7—8, 10—12 байтли ғaзал ёзиш тартибини 23 байтгача етказган, мустазод жанрининг қўш орттирма мисрали янги шаклини кашф этган. Шоир арузнинг жуда кўп баҳрларидан фойдаланган. Унинг ғазаллари «Шашмақом»нинг ҳамма куйларига тушади, Хоразм халқ оҳангларига мос келади.
Огаҳий «Риёз уд-давла» («Салтанат боғлари», 1844), «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи», 1845 — 46), «Жомеъ ул-воқеоти султоний» («Султонлик воқеаларини жамловчи», 1857), «Гулшани давлат» («Давлат гулшани», 1865), «Шоҳиди иқбол» («Иқбол гувоҳи», 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон (1843—46), Муҳаммад Аминхон (1846 — 55), Сайид Муҳаммадхон (1856—64), Муҳаммад Раҳим II (1864—1910) ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.
Ҳужжатли фильм ижодкорларига омадлар тилаб қоламиз.
GUJUM.UZ