МУҲИДДИН ОМОН шеъри: ФИДОЙИ ЖОНЛАР

1
1643
марта кўрилган.

 МУҲИДДИН ОМОНнинг публицистик  бағишлови  элу юрт саломатлиги йўлида жонини тикиб, тунларни тонгларга улаётган фидойи зотлар азиз шифокорларга шарафномадир. Ўзингизни, оилангизни, эл-юртни, жумладан шифокорларни ҳам қайғуринг, яқинларингиз даврасида уйда  бўлинг. Бу дамлар ҳам ғанимат. Мутолаа қилинг.

Бу ҳаёт ҳамиша имтиҳон, синов,

Гоҳ ҚУЁШ чарақлар, гоҳи, дўл, қиров.

Ногоҳ ғусса келса,ногоҳ босса ёв,

Ҳамиша топилгай марди майдонлар,

Элга жони фидо, чин қаҳрамонлар!

 

Ёғий душман  доим тиғ билан келмас,

Очиқ уруш билан,туғ билан келмас,

Баъзан бало –офат жонга қилар қасд.

Шундай чоғ кўксини қилиб қалқонлар,

Майдонга чиқади чин қаҳрамонлар!

 

Азал шундай бўлган,шундайдир ҳамон,

Эзгулик йўлида фидо айлаб жон,

Ҳар бири аскардир,Ватанга посбон,

Омон бўлсин, улар –марди майдонлар,

Эл дардига дармон,чин меҳрибонлар!

 

Сарҳадлардан қувиб, ўлат вабони,

Мингта дардга топиб минг бир давони,

Руҳин шод этгайлар  Ибн Синони ,

Табаррук инсонлар, чин фидокорлар,

Сизга таҳсин,олқиш, эй шифокорлар.

 

Ким ҳаким дегайдир, ким атар табиб,

Барчангиз эл аро суюкли, ҳабиб,

Тунни тонгга улаб, бедор ўткариб,

Бахш этган  беморга малҳами жонлар,

Омон бўлинг, азиз шафиқ, инсонлар!

 

Халол ризқ тутгайдир  касби корингиз,

Элнинг бахти асли — Сизнинг борингиз,

Оламни қутқармоқ чин шиорингиз,

Табаррук инсонлар, чин фидокорлар,

Сизга таҳсин,олқиш, эй шифокорлар!

 

Биламиз, аёндир жангнинг поёни,

Мардлар халос қилгай дардманд дунёни,

Зиёдан ёришгай юртнинг осмони,

Шубҳасиз бу жангда ғолиб шунқорлар

Сафининг сарбони — Сиз шифокорлар!

 

 Эл аро тинчликдир эзгу  ғоямиз,

Шавкатли шу Ватан таянч қоямиз,

Сиз билан мустаҳкам бор ҳимоямиз,

Табаррук инсонлар, чин фидокорлар,

Сизга таҳсин,олқиш, эй шифокорлар!

Ўзингизни, оилангизни, эл-юртни, жумладан шифокорларни ҳам қайғуринг, яқинларингиз даврасида уйда бўлинг.  

 

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Раҳмат Муҳиддин !
    чунки духтирларга атаб шеър ёки қасидалар ёзиш унутилган эди.
    Бугун шу беором инсонлар туфайли уйимизда тинч ва бехавотир ўтирибмиз. Омон бўлсин шу азиз инсонлар.деб профессор Дилором Ёрматова

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.