Мулоҳаза учун мавзу: ЯХШИ ГУМОНДА БЎЛИНГ!

0
220
марта кўрилган.

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.
Бир куни унга хотини: — Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман, — деди.
—  Нима учун бундай деяпсан?” — сўради у.
— Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди — деди.
— Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди, — деб жавоб берди Толҳа хотинига.
Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:
— Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу — соғлом қалб эгасининг фоний дунёда роҳатда, охиратда эса сийловда эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!!!
Салаф солиҳлардан бири: “Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман”. — деган экан.
Уламолар айтадилар: “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.
Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: “Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” — дегин”.

ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлим бошлиғи Дилдора МАВЛЯНОВА тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.