МУРОД РАХМОН ижодидан: АНДИЖОНГА БОБУР КЕЛГАНМИШ… (Хаёлий достон)

0
666
марта кўрилган.

Заҳриддин Муҳаммад Бобур улуғвор ижоди ва буюк салтанатида яратилган гўзалликлари билан жаҳон аҳлининг ҳамон ҳайратига ҳайрат, қувончига қувонч қўшиб келмоқда. Ана шу гўзалликларни кузатганимда халқимизнинг «яхшидан ном қолади» деган ҳикмати беихтиёр хаёлимдан кечаверади. Яна бир гўзаллик шуки, дўстларимиз ижтимоий тармоқлар орқали Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан бир-бирига , айниқса ёш авлодга аллома ҳақидаги згуликларни  улашаверади. Қуйидаги ажойиб бағишлов ҳам дўстларнинг дўстларга илинган ажойиб шеърий сатрларидир. 

Кўк гумбурлаб, Ой сурилганмиш,
Ажиб оппоқ нур ёғилганмиш.
Йўл очилиб, гул сочилганмиш,
Шоҳ тулпори бирдан елганмиш…
Андижонга Бобур келганмиш.

─ Салом юртим, эй азиз ҳалқим! ─
Она ерга қилибди таъзим,─
Кечир, сендан жуда кўп қарзим…─
Кўзга соғинч ёши тўлганмиш.
Андижонга Бобур келганмиш.

Ҳамма шоҳга чиққанди пешвоз,
Олқиш, қутлов, севинч… эҳтирос,
Дийдор бўлди дилларда эъзоз,
Гўё йигит бўлиб қолганмиш.
Андижонга Бобур келганмиш.

Шоир ухлаб, уйда уйғонди,
Ота-она васлидан қонди…
Боғда гуллар териб, қалб ёнди,
Сулув қизлар ўраб олганмиш.
Андижонга Бобур келганмиш.

Лол қолди у кўриб диёрин,
Қумсади ишқ, ёшлик баҳорин…
Бирга ўсган илк дўсту ёрин –
Топиб, ғоят хурсанд бўлганмиш.
Андижонга Бобур келганмиш.

Бошга шундай тақдир битмаса,
Нетарди ёв таъқиб этмаса?
Не бўларди шоир кетмаса?!
Кетиб, қалби юртда қолганмиш…
Андижонга Бобур келганмиш.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.