Мустақил Ўзбекистон Давлат мадҳияси тарих саҳифаларига муҳрланган кун – Бугун ўша кундир!

0
170
марта кўрилган.

 Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат гимни қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Бугун ўша кундир!

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI сессиясида 1992 йили Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Худди шу сессияда 10 декабрь куни Мустақил Республикамизнинг Давлат гимни ҳақидаги Қонун ҳам тасдиқланди.  Мана шунга ўттиз бир йил тўлди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига конституция куни муносабати билан йўллаган табригида шундай дейди: “ Албатта, бу йилги байрам ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, мамлакатимиз ривожида алоҳида маъно-мазмунга эга. Бу, аввало, шу йил 30 апрелда миллий тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилингани билан боғлиқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади. Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди”.

 Мамлакатимиз Президенти халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш лозимлигини таъкидлаб, шу муносабат билан халқимиз олдида турган энг муҳим устувор вазифаларни яъни саккизта йўналишни белгилаб бердилар.

Еттинчи йўналишда “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш, мақсадга мувофиқлигини таъкидлади: “Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинди. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилиши лозим. Шунинг учун давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этишимиз зарур”.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда мамлакатнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритилди… Дунё миқёсида “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бораётганлиги ҳақиқат! 

Қомусимизнинг 5-моддасида давлат рамзлари белгиланган. Улардан бири Давлатимиз мадҳиясидир. Бугун Ўзбекистон мадҳияси қабул қилинган кун! Мутал Бурхонов мусиқаси, Абдулла Орипов шеъридан иборат гимн халқимизнинг фахрига, ғурурига айланди. Зеро, миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни, юксалтиришга хизмат қилади.  Уларнинг ҳар бири-катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир. Бу айни ҳақиқат! Мамлакатимиз бош Қомуси ва гимни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI сессиясида  депутат сифатида қатнашган болаларимнинг отаси, Республикада хизмат кўрсатган журналист Намоз Саъдуллаевнинг уйга қувонч билан кириб келганлигини ҳамон эслайман. У ҳаяжон билан шундай деган эди: ”Мустақиллик том маънода мустаҳкамланди. Кечаги кун Конституциямиз қабул қилинган бўлса, бугун мадҳиямиз тарих саҳифаларига муҳрланди. Энди у мамлакатимизнинг рамзи сифатида жаҳон сиёсат майдонларида жаранглайди. Ватан мустақиллиги, тинчлиги, фаровонлиги, тараққиёти абадий бўлсин.  Энди ягона Ватан, ягона тақдирмиз» деган эди. Ва у завқ-шавқ билан Чўлпоннинг йиллар давомида таъқиқланган оловли шеърини жаранглатиб ўқиган эди.

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир

Халқ қўзғолса куч йўқдирким тўхтатсин,

Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Миллий ғурур, миллат ифтихори у кишини руҳлантирган эди. Миллий ғурур шундай кучли руҳий ҳолатки, у туфайли тарихий яхлитлик, тил, маданият, маънавият, иқтисодий ҳаёт ва келажак бирлиги миллат вакилларининг қалбида чуқур ўрин олиб,  миллий бирдамлик туйғусини уйғотади. Миллий бирдамлик эса етук ва мукаммал маънавий фазилат сифатида қадрланади.

Мустақил Ўзбекистон гимнининг мақсад-муддаоси мурғак жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод-мақсадлар мезонларига мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир.

Бундан кўп йиллар олдин журналист сифатида Шовот туманида мустақиллик шарофати билан янги очилган хусусий болалар боғчасига кирдим. Қўлини кўксига қўйиб гимнни куйлаётган жажжи болаларни кўриб тўлқинланиб кетдим. Улар орасида эндигина тил чиқараётган жажжи гўдаклар ҳам бўлиб, улар ҳам завқ-шавқ билан гимнга жўр бўлишаётган эди. “Ҳар кунги фаолиятимизни гимни куйлаш билан бошлаймиз” – деди тарбиячи. У пайтларда хусусий мактабгача муассасалар эндигина ташкил этилаётган даврлар эди.

Бу гўзаллик, меҳр-муҳаббат қалбимни нурлантирди. Мени невараларим ҳам гимнни билармикан деб ўйланиб қолдим. Тошкентга қайтгач, катта неварам Расулбекдан гимнни ёддан ўқиб беришни сўрадим. У қўлини кўксига қўйиб бирор сатрини туширмасдан ифодали ёдлади. Унинг ёнида турган иккинчи неварам Ойбек эса “бувижон мен энди гимнни сизга куйлаб бераман” дедида қўлларини кўксига қўйди. У куйлашга бошлаганида ёнида турган неварам Мадина ва жиянларим ҳам қўшилди. Хонани бир қучоқ болаларнинг қўшиқлари қамраб олди. Менинг қалбим эса яйради.

Ҳа, бу дунёга ҳар биримиз меҳмонмиз! Фақат Ватанимизгина мангу! Инсондаги эзгулик, яхшилик қолади. Имон-эътиқод эса абадий! Ана шу эзгуликни, имон-эътиқодни авлодлардан авлодларга узатувчи авлод ҳам бугунги болаларимиздир!

Зеро, эндиликда Истиқлолни авайлаш ўзлигини авайлаш эканлигини ёшу қари билади. Истиқлол билан, юртимизга қадриятларимиз, анъаналаримиз баҳор қалдирғочлари янглиғ қайтиб келди. Маданиятимиз, санъатимиз, тарихимиз, ғуруримиз, миллийлигимиз қадр топди. Гимн бизнинг миллийлигимизни ҳам ўзида ифода этади.

Гимн янграяпти. Мен нимани қалбга туяман?!… Тонг билан телевизорни қўяман. Гимнни эшитиб туриб кундалик фаолиятимни бошлайман. Мен нимани қалбга туяман?! Ватанимизнинг узоқ ўтмишдан садоси – маънавияти, маданияти, маърифати дунё каби қадимий ва улуғворлигини қалбга туяман! Аждодларимиз меҳнатининг маҳсули бўлмиш ғоят қимматли ва энг қадимий қўлёзма “Авесто”даги гўзал битиклар ҳам ана шундан далолат беради. Мамлакатимизда асрлар мобайнида яратилган, ривожлантирилган ғоят катта илм, мўъжизакор ижодий меҳнат ҳам бор. Жаҳон илм дурдонасига беҳисоб ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Фарғоний, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур, Имом Бухорий,  Нажмиддин Кубро каби буюкдан  буюк алломаю саркардаларимиз билан фахрланаман!

Гимн янграяпти… Мен нимани қалбга туяман?!. Қайта тикланган гўзал ва улуғвор тарихимиз, истиқлол берган буюк ўзгаришлар, юрт кенгликлари, янги Ўзбекистон-янги ислоҳотлар кўз олдимдан ўтади. Шиғил-шиғил етилган мевали гўзал боғларимиз, улуғвор осмон ўпар биноларимиз, саф бўлиб учаётган турналардек кенг ва равон кўчаларимизда тизилган миллий автомашиналаримиз, она заминимиз туҳфаси-ғиштга монанд сап-сариқ товланаётган тиллаларимиз, тандирдан янги узулган нондек кўзни қувонтирувчи нашрларимиз кўз олдимдан бир-бир ўтади.

Юртимиз мадҳияси янграганда… болаларимизнинг кўзларидаги ёлқинланган учкунлар, халқаро спорт майдонларида ҳилпираётган байроғимиз ва уни кўтариб ғалаба наъшидаси ила гир айоанаётган гўё қанот чиқариб учадигандек қувнаётган болаларимиз гавдаланади. Ахир Ватан мустақиллигигача жаҳон спорт майдонларида жавлон урган биргина боксчимиз Руфат Рисқиев бор эди.  Ҳозирчи санаб улгурмайсиз.

Гимн оҳанглари таралаётганда… Мустаққиллигимиз тимсоли мамлакат Президентининг халқаро сиёсат майдонларига ташрифи вақтидаги янграган Ватан тимсоли байроқимизнинг ҳилпираши ифтихор туйғуларига чўлғаб тўлқинлантириб юборади. Сиёсий раҳбаримизнинг халқаро минбарларда байроғимиз остида ўзбек тилида ўқиётган мараърузалари, мунозаралари гавдаланади.

Гимн янграганда… Ўттиз бир йил ичида босиб ўтган йўлимиз босқичма-босқич амалга оширилган тарақиёт йўлимиз, ўзбек модели, ҳаракат хариталари янги Ўзбекистон– янги иқтисодиёт кўз олдимиздан бир-бир ўтади. Мамлакатимиз эришган даражалар жаҳоний мезонларга муқояса қилинганида қувончларимиз гавдаланади…Юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми охирги 6 йилда 1,5 марта ўсди. Тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди. Саноатдаги ўсиш 40 фоиздан зиёд ошди. Жорий йилда ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 134 триллион сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 5,6 баробар кўпайди. Мамлакатимиздаги кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижалари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага, Матбуот эркинлиги индексида 28 поғонага, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 13 поғонага кўтарилди. Булар куни кеча мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон халқига конституция куни муносабати билан йўллаган табригида тилга олинган рақамлар!

Мадҳия янграганда… Истиқлол билан халқимиз бошқа халқларнинг гўзал тажрибасидан, умуминсоний қадриятларидан ўрганиб, ўзининг илдизларига – халқ салоҳиятининг муносиб ўзанларига, асрлар давомида қарор топган ахлоқий мезонларга суяниб, ўзига хос, ўзига мос йўлни танлаб олди. Агар эътибор берсангиз нафақат одамзотнинг, балки миллатларнинг, давлатларнинг ҳам яшаш тарзи, юксалиш аъмоллари ана шундан иборат! Изланиш, ўрганиш, яратиш… Зеро, юксалишни кўзлаган ҳар қайси мамлакат ўзи белгилаган ёруғ манзил сари босқичма-босқич қадам қўйиб, ўз қадриятларига ва жаҳон тажрибаларига таяниб юқорилаб бораверади. Шу маънода давлатимиз ҳам мустаққилликни мустаҳкамлаш жараёнида мураккаб йўлни босиб ўтди.

Гимн янграяпти… Ватанимиз гимни остида спорт майдонларида юксалган, ҳилпираётган байроғимиз ва уни жаҳон спорт майдонларида янгратиш шарафига эришган қувонч-у ҳаяжондан кўзлари чақнаган ёшларимиз гавдаланади. Бунинг замирида эса озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш мақсади жамулжам бўляпти…

Мадҳия янграяти… Бизда эса эртанги кунга ишонч туйғуси кучаяди, у қалбларга қувонч, вужудларга ҳайрат, руҳиятга шижоат бахш этади.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.