Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига бағишлаб ўтказилаётган Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остидаги ижодий ишлар танловига
Бугун мамлакатимизнинг барча гўшасида энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Зотан, халқимизнинг асрий орзуси бўлган истиқлол шарофати туфайли юртимизда жамият ҳаётининг барча жабҳасида кенг кўламли ўзгаришлар рўй берди, одамларнинг турмуш даражаси юксалди, дунёқараши ва тафаккури ўзгарди, эртанги кунга бўлган ишончи ортди.
Мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: Биз муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизни, умр йўлдошларимизни ҳамма вақт ҳам ҳурмат қилиб келганмиз, лекин уларнинг биз учун нақадар қадр-қимматли, жондан азиз ва меҳрибон эканини англаш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш мустақиллик йилларида янги босқичга кўтарилди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга қаратилаётган устувор эътибор натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Биргина мисол: Парламентлараро иттифоқ (ПИ) расмий веб-саҳифаси 2021 йил учун «Сиёсатда аёллар» инфографикасини эълон қилди. Унда аёлларнинг турли мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматларидаги вакиллигига оид статистика келтирилди. Парламентлараро иттифоқ маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 45-ўринни эгаллаб турибди. Республикамиз шу маънода ПИга аъзо 130 дан ортиқ давлат, жумладан Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиё мамлакатларидан ўзиб кетди.
Бундан ташқари республикамиз аёллар парламентга раҳбарлик қиладиган ва ҳукумат таркибига кирадиган давлатлар рўйхатига киритилган. Қайд этиш керакки, хорижлик ҳамкорлар Сенат Раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилаётган Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолиятини юқори баҳоламоқда. Албатта, ушбу эътирофлар мустақиллик шарофатидандир!
Дарҳақиқат, мустақиллик – тенглик сари қўйилган биринчи қадам. Чунки тенглик бўлмаган жойда ким кимгадир тобе бўлади. Мутелик бор жойда ҳукмронлик, ўзгалар ҳисобига яшаш каби иллатлар пайдо бўлади. Тенглик одамларнинг ўзаро муносабатларидан тортиб мамлакатлараро муносабатларгача ҳамма нарсани меъёр-мезонга солади, турли камситишлар ёки ортиқча тобеликларга чек қўяди.
Мустақиллик бутун халқнинг узоқ йиллик интилиши туфайли қўлга киритилган буюк ғалаба, катта тарихий аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади.
Мустақиллик — улуғ неъмат. У бизга ҳар ким ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берди, республикада адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилиги барпо қилишга имконият яратди, Ўзбекистон халқаро миқёсда ўзини танитиш, барча давлатлар билан тенг ҳамкорлик қилиш имкониятини қўлга киритди, бозор иқтисодиётига ўтиш учун шароит барпо этилди, мулкка муносабат ўзгарди, халқнинг маънавий уйғониши учун тўла имконият яратди. Юрт тарихи, қадриятларимиз тикланди.
Аёлларимиз эъзозда. Тинчликда ўтган ҳар бир кун, ҳар бир дам азиз… Мактабда ўқиб юрган кезларим, кўпчилик хотин-қизлар далага чиқишарди. Қуёш бош кўтармасдан, то қош қорайгунча кетмоннинг “тақ-туқ”и тинмасди. Ҳатто ёш болали аёллар ҳам дов-дарахт тагидаги “дала-боғча”га чақалоғини қолдириб “норма” бажарар эди…
Айниқса, “пахта иши” деб аталган сиёсатни ўз кўзи билан кўрган инсон сифатида ёдимга тушади: Ишхонадан пахтага чиқиш мажбурий эди, ноябрь, декабрь ойларида ғўза танасини оппоқ қор қоплаган паллада ҳам олдинда эркаклар юриб, катта ёғоч билан қорни қоқишарди биз аёллар қўлларимизни пуф-пуфлаб иситиб, музлаб қолган пахта қолдиқларини не машаққатлар билан терар эдик.
Шукрона айтиш керакки, мустақилликка эришгач барчаси ортда қолди. Хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар этиб турадиган аёл зотига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина давлатимизнинг энг олий ва шарафли мукофоти – “Ўзбекистон Қахрамони” унвонига 16 нафар аёл муяссар бўлгани тасдиқлайди. Мустақиллик йилларида Фан доктори илмий даражасига эга бўлган 271 нафар, фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлган 1411 нафар хотин-қизларимиз турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, 2020-2021 йилларда олий таълимдан кейинги таълим тизимини мувофиқлаштирувчи Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтган, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган жами хотин-қизлар сони 2456 нафар, таянч докторантурада 1185 нафар, докторантурада 80 нафар, мустақил изланувчилар эса 964 нафардан иборат эканлиги келгусида янада етук ва салохиятли аёлларимиз сафини кенгайишидан далолат беради.
Дарҳақиқат, опа-сингилларимизнинг сидқидилдан, фидойилик билан фаолият олиб боришлари албатта Юртбошимиз ва хукуматимиз томонидан эътироф этилмоқда. Масалан, мустақиллик йилларидаги яратилган ҳуқуқий қонунчиликдаги имкониятлардан фойдаланган 20 нафар аёл Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатида аъзо, 48 нафар аёл Қонунчилик палатасида депутат сифатида фаолият олиб бормоқдалар.
Яна бир эътирофни таъкидлаш муҳимдир. Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол оила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, уларнинг кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармони қизларимиз учун янги истиқболлар эшигини очди. Натижада, 2000 йил ҳамда 2021 йиллар мобайнида мамлакатимиз хотин-қизлари орасидаги 361 нафар иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти муносиб тақдирлангани биз аёллар қалбини янада фахр ва ифтихорга чулғайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қароридаги эзгу ғояларнинг таъсирчанлиги.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ўқир эканман, ҳаёлимдан истиқлол берган имконият, шарт шароитлар натижасида эришилган юксак ютуқлар, тинчлик осойишталик ва халқаро экспертларнинг эътирофлари каби ўйлар бирин-кетин ўта бошлади.
Қарорда бугунги кунда олиб борилаётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини, аввало, биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканлигини, янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ва марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигига урғу берилган.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳеч бир мамлакат ўз мустақиллигига осонгина эришган эмас. Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаб олишимиз керак бўлади.
Таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган бош мақсад, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, деган эзгу ғоя асосида айнан мустақилликни асраб авайлаш, яратувчанлик ва бунёдкорлик ғояларини ёшлар онггига сингдириш ҳамда ватан тақдирига даҳлдорлик ҳиссини камол топтириш муҳим ўрин тутади.
Мустақиллигимизни янада мустахкамлаш, ёшлар тарбияси, маънавий юксалиш йўлида ўзининг кучли билими ва юксак малакаси билан мамлакатимиз ёшларига, қизларга ўрнак бўлаётган Олий Мажлис Сенати раиси Т. Норбоева, Соғликни сақлаш вазири ўринбосари Э. Баситхонова, Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор ва Турон фанлар академияси академиги Д. Ёрматова, давлат ва жамоат арбоби, юрист О. Ахунова, юридик фанлари доктори, профессор, захирадаги полковник С. Ахмедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Турон фанлар академияси академиги Р. Зарипова, Иқтисод фанлари докторлари, профессорлар: Ш. Абдуллаева, Ф. Назарова каби юзлаб сафдошларимиз, фаол аёлларимиз бизнинг фахримиздир!
Айниқса, қарорда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак ва ёрдам бериш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг акс этганлиги янада бизни қувонтиради.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқларга эришилди. “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этилиши, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойиҳаларнинг жорий этилиши натижасида аҳоли бандлигини таъминлаш каби амалий ишларнинг ўрин олганлиги бизга ва айниқса ёшларга нафақат ғурур-ифтихор, айни чоғда куч-қувват бағишлайди, эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлайди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” Ушбу шиорни ўқиб қалбим фаҳр ва ифтиҳорга тўлди. Ҳаёлимдан ўтган ширин туйғулар ила қулоғим остида: истиқлол берган имконият натижасида фарзандларни камолотга етказиб, Ҳаж сафарига бориб, зарурий амалларни адо этиб, тинч ва осойишта юртда яшаётганига отахон-онахонларимизнинг шукроналик дуолари; бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратиш бахтига сазовор аёлларимизнинг ҳам оилада, ҳам жамиятда ўз ўрнини эгаллаб, иқтидорини номоён этиб, ҳаётидан розилик ила кулиб турган юзлари; соғлом туғилиб, соғлом турмуш тарзи яратилган оилада, миллий қадриятлар қадрланган маҳаллада, энг асосийси кучли билим олишга, ҳоҳлаган касбини эгаллашга барча шароитлар яратилган юртда яшаб, жаҳон ареналарида билим ва қобилиятини номоён этиб, Ўзбекистоннинг шон-шухратини дунёга тараннум этишга яратилган имкониятлардан мамнун бўлган Токиодаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев каби жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроқини юксакларга кўтарган ёшларнинг қувноқ овози жаранглади, кўз олдимда уларнинг ёниб турган кўзлари гавдаланди.
Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Bilim»
ахборот-кутубхона маркази директори,
Маънавий-маърифий ишлар аълочиси