Ҳозирги кунда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари олдида турган асосий мақсад – маънан етук, яратувчилик, ижодий қобилиятга эга, билимли, эркин, ҳаётсевар, мустақил шахсларни тарбиялаш ва ривожлантиришдир. Бу мақсадларни амалга ошириш ўқувчиларнинг китобхонлиги даражасини оширишга сифат жиҳатдан янгича ёндашувни талаб қилади.
Ушбу фаолиятда махсус дастурлар, ўқувчи ва ёшларни мутолаага жалб этиш йўли билан самарадорликка эришиш мумкин.
Бу борада Хоразм вилоят ахборот- ресурс марказида китобхонликни тарғиб этиш ва китобхонликка жалб этиш мақсадида инновацион (ноанъанавий) усуллардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича Сеҳрли сандиқча, Сторисек (Тарих қопчаси), Букроссинг (китоб айланиши), Кўк чамадон ўйинлари ташкил қилинди. Мазкур ўйинларнинг асосий вазифаси ўқувчиларнинг бўш вақтларида китоб мутолаа қилишларини таъминлаш, китобхонликни энг муҳим маънавий, маданий эҳтиёж сифатида оммалаштириш йўналишидаги фаолиятга инновацион ёндашувларини ривожлантиришдир.
“Сторисек” яъни Тарих қопчаси номли ўйинида қопча ичига энг сара қизиқарли ранг-баранг расмларга бой бадиий китоблар солинди. Бунга қўшимча қилиб мазкур китобларнинг компакт дисклари, юмшоқ ўйинчоқлар ҳам солинди. Компакт дисклар бу – эртакнинг ёки бадиий асарнинг овозли шакли бўлиб, ўқувчиларни билимини бойитади. Юмшоқ ўйинчоқлар китоб қаҳрамонларини жонлантиришга, унинг образини танишга ёрдам беради. Бу ўйин кичик ёшдаги болаларга манзур бўлди. Сторисек болаларни китоб ўқишга бўлган интилишини кучайтиришга ва китоб ўқишни ўргатишга ёрдам беради.
Марказда фаолият олиб бораётган “Моҳир қўллар” тўгараги томонидан “Сеҳрли сандиқча” ясалди. Бу “Сеҳрли сандиқча” жуда ҳам чиройли, ёрқин рангли сандиқча бўлиб, унга болалар севиб ўқийдиган машҳур ёзувчиларнинг энг сара асарлари, фикр-мулоҳазалар дафтари, талаб -тилаклар билдирилган хатлар солинади. Бу сандиқча вилоят мактаблари бўйлаб айланиб юради. “Сехрли сандиқча” ўсмирларнинг вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ўйлаб топилган.
Сеҳрли сандиқча ҳозирда Урганч шаҳридаги 1, 6, 7-сон мактабларга олиб борилди. Сеҳрли сандиқча ҳар бир синф ўқувчилари ўртасида 10 кун давомида ўқиб чиқилади. Синфда ўқилган китоблар юзасидан суҳбат бўлиб ўтади ва китобдан олган таассуротларини фикр-мулоҳазалар дафтарига қайд қилишади ва талаб -тилаклар билдирилган хатлар сандиқчага солинади. Шу тарзда синфлар орасида китоблар галма-гал айланиб чиқади ва ундан барча ўқувчилар баҳраманд бўлишади. Бу сандиқча ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Марказда ўқувчилар қалбида адабиётга бўлган ҳавасни кўчайтириш мақсадида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими, Урганч шаҳар ҳокимлиги маънавий-маърифий тарғибот бўлими, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятимиздаги таниқли шоирлар ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. Болалар шоири Оллаберган Пўлат, драматург Қ.Муҳаммадризолар билан учрашув кечалар шулар жумласидандир. Учрашув кечаларда ўқувчилар ўзларининг шеъриятга бўлган қизиқишларини намоён этиб, таниқли шоирларнинг шеърлари қаторида ўз ижод намуналаридан ҳам ўқиб берадилар.
Ўқувчиларда актёрлик қобилиятларини ўстириш, иқтидорли китобхон-ўқувчиларни аниқлаш мақсадида “Эртаклар яхшиликка етаклар” номли саҳна кўринишлар ташкил қилинмоқда. Унда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола ” қиссаси, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарларидан саҳна кўринишлар намойиш қилинмоқда.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини фойдали ва мазмунли ўтказиш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларни ҳунармандчилик ва қўл меҳнатига ўргатиш мақсадида “Моҳир қўллар”, ёш ижодкорларни аниқлаш ва бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатиш мақсадида “Ёш мусаввир” тўгараклари ташкил этилган.
Янги технологиялар кун сайин ривожланиб, мамлакатда ахборотлаштириш жараёнлари тобора илдам қадам ташлаётган ҳозирги даврда ёшлардан тезкор фикрлаш, янги маълумотларни зудлик билан топиш ва ўзлаштириш талаб этилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда фойдаланувчиларга интернет орқали хизмат кўрсатиш имкониятларини ошириш, уларнинг янги замонавий технологиялардан фойдаланиш билимларини шакллантириш мақсадида “Компьютер саводхонлиги” тўгараги ташкил этилган.
Тўгаракларга ўқувчилар дарсдан сўнг келиб, дастлабки кўникмаларни ўзлаштирмоқда, китоб мутолаа қилиб маънавиятини бойитмоқда. Фарзандининг бўш вақти фойдали ва мазмунли ўтаётганидан ота-оналар ҳам мамнун.
Ёшларнинг келажакда баркамол инсон бўлиб етишишлари учун, ўқувчиларнинг онгини ёт ғоялар эгалламаслиги учун, улар қалбида китобга меҳр уйғотиш биз АРМ ходимларининг асосий вазифаларимиздан биридир. Бундай тадбирлар ўқувчиларнинг мутолаага бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун олтинга тенг бўлган бўш вақтини телевизор кўриш, компьютер, телефон титкилаш билан ўтказаётган юзлаб ёшларни келажакда китоб ўқиб тарбия топаётган биргина китобхон бола бошқариши мумкин.
Назира Рахманова,
Хоразм вилояти ахборот- ресурс маркази директори