Наргиза АСАДОВА: Бахтинисо МАХМУДОВАни эслаб

0
235
марта кўрилган.

Юрагимга меҳр қачон кириб келганлигини билмайман. Баҳордек кўркам, куздек ҳаловатли туйғуларнинг киприкларимга қайси он инганини-ку эслолмайман. Кўнглимдаги титроқлар қаламга кўчган, илк бор мутолаа завқидан ҳаяжонга тушган пайтларим бу мовий осмон жуда кенг, турналари сероб, замин яшил рангларга тўла эди. Бироқ унинг шеърларини ўқиб, меҳрим қай палла тушиб қолганлигини, туғишган синглимдек, биродаримдек бўлиб қолганига унча кўп бўлмади. Уни эсласам шеърлари қалбимга қўшиқдек қуйилиб келаверади.

Муҳаббат жон муҳаббат,
Дунёим тўла тилсим.
Ўпкалама, ранжима,
Сендан олдин йиқилсам.

Шеъри қисмат бўлган синглим Бахтинисо. Сен бу дахри-дунни қай рангда кўрдинг экан. Бундай гўзал, бетизгин ёруғ хаёлларга қай вақт ошно бўлдинг? Оний бахт, умрлик дард, туганмас умид, чексиз андух билан бунга қандай эришдинг. Ожиз вужудингни тик тутишни, ачиниб қараганларга табассум қилишни кимдан ўргандинг? Йўқ, аслида бу дунёнинг ўткинчи ҳавасларига банд бўлган, юраги тош деворлар янглиғ қотиб бораётган, оромбахш, беҳаловат туйғулар номини-да билмайдиган кимсаларга шундай яшаш мумкинлигини сен ўргатиб кетдинг.

Уфқ дунёсига дил берди жоним,
Усиз яшамоққа йўл берди жоним.
Қонимни тун билан тўлдирди жоним,
Гуллардан қарз бўлдим ранглар олдида.
Оғир карвонларга дуч келиб бағир,
Кўзлар сағир бўлди, нигоҳлар оғир.
Томчилар юлдузга айланди охир,
Тўкилиб юраги гунглар олдида…

Мунглиғим… Гуллар, кулгулари биллур тонглар, етти минг тусда товланадиган бахтлар аслида сенинг олдингда ҳижолатмиди? Сен барини англардинг-у, аммо синиқ табассум, умидли овоз билан барчага ёруғ сўз айтмоққа мудом шай эдинг. Бу норосо оламнинг ношукур одамларига фурсат ғанимат эканлигини, тонг ва шом ораси Сирот кўприги қадар йўл эмаслигини жимгина фахмлатдинг.

Кўзларимни юмиб олдим
Бу дунёнинг ҳасрат тўла кўзларига қарамайман.
Ҳайрат тўла кўзларига қарамайман
Ҳайбат тўла кўзларига қарамайман.

Жим кетаман.
Жимлик тўлган томчи бўлиб,
Жондан қочиб, ўз жонига соқчи бўлиб.
Бу дунёга… дилга келган овчи бўлиб
Жим кетаман.

“Дилланма”ларингни ўқийман. Фарахга, умидга, ёруғ ниятларга тўла сўзлар. “Уфққа йўл” деб номлаган экансан китобингни. Уфқлар томон кетишининг шунчалар сезганмидинг. Эртаклар ҳаётда бўлмаслигини, мўъжизалар фақат китоблардагина қолишини пайқаганмидинг. Суратларинг… Мунис, беғубор, шикаста нигоҳларга қараб видо айтиш қанчалар оғир.
Умрида сенчалик кўп мактуб олмаган инсон бўлмаса керак. Ҳар қалай менинг билганларим ичида. Мактубларки, меҳрга, тасаллига, далда-ю, муҳаббатга тўлиқ. Ҳеч ким ўзидан ортгани, югур-югур замондан безиб, зериккани ёки эрмак учун эмас, сени яхши кўргани учун ёзган соғинчли хатлар. Бундай самимийликни пулга ҳам тополмайсан ҳозир. Ҳаммага ёқимли, севимли бўлиш Оллоҳ танлаган, сийлаган бандасигагина насиб қиларкан-да, ўйлайман энди. Бир ҳовуч умрингда заминдошларингга суюкли қилиб қўйган Яратганга шукурлар бўлсин. Сени Ўзи берди, олди. Азобларини умидларга, сўзларини табассумларга, дийдорларини хотираларга қолдирган жон синглим. Дийдор қиёмагача…

Агарда қайтмасам,
Кузги боғларга
Бир насим бўламан,
Чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида
Улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман
Майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни
Топтамас бевақт.
Менинг юрагимда
Чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен
Яна жим кетаман
Нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада
Эзгин нолада
Кўзларим қайтади номозшом бўлиб…

Охирати обод бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламиз.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.