Наргиза Асадова: ҲОЛВА (ҳикоя)

0
668
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкор Наргиза Асадованинг «Аталган кунлар» номли ҳикоялар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи чоп этган китобдан муаллифнинг бир қатор ҳикоялари ўрин олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Наргиза Асадованинг «Ишқ остонаси», «Юрагимнинг сарҳадлари», «Настарин» номли шеърий тўпламлари чоп этилган. 

Н. Асадованинг янги тўпламидаги  ҲОЛВА ҳикояси билан танишасиз.

Мастура қия очиқ дарвозага яқинлашаркан, қадамини секинлатди. Ичкарига кириб, атрофга аланглади, тушлик вақти бўлганлиги учунми бирон зот кўринмайди. Ҳовлининг бир четига экилган кузги гуллар сариқ, қизил, пушти рангда жилоланар, ариқда жимир-жимир сув оқарди. Ўнг томондаги ёғоч ишкомларда офтоб нурида ҳусайнилар товланар, қушлар эса ишком тепасига қўлбола қилиб ясалган «қўриқчи»ни писанд этмай, узумларни чўқишарди.

«Ҳеч нарса ўзгармагандек, ўша-ўша…» хаёлидан ўтказди у. Ҳовли тўридаги пешайвонга яқинлашаркан, айвонга суянч бўлган ёғоч устунни беихтиёр силаб қўйди. Бир пайтлар хонадонга виқор, кўрк бўлган бу ёғоч устун энди унинг кўзига анча чўккандек, ёриқлари кўпайгандек туюлди. Барибир унга бу устун шу маскандаги бошқа нарсалар қатори қадрли, суюкли. Чунки у мана шу устунни ушлаб неча марталар художонга илтижо қилган, болалик осмонининг қўл етмас орзулари бўлмиш юлдузлар билан ўртоқлашган, сирлашган. Айвонда қанча туриб қолди билмади, бир пайт ўнг тарафга бежирим қилиб солинган янги уйдан чиқиб қолган келинчак остонада турган меҳмонга аввал ажабсиниб қаради. Сўнг:

– Ассалому алайкум, яхшимисиз, келинг, – деди ним табассум билан бошидаги симрўмолини маҳкамроқ ўраркан. Атлас кўйлак-лозимда ял-ял ёниб турган келинчакнинг кулиб турган кўзларини, самимийлигини кўриб, хонадонга гўзал ҳам ақли расо келин тушибди, деб ўйлади у.   

– Яхшимисиз Шоҳистахон, мен Мастура опангизман, адангизни жиянлари, – деди у ҳам келинчак билан хушлашиб. Сўнг қўлидаги ҳалталарни мезбонга тутаркан:

– Ибодат опани… – деди ҳамон чарос кўзлари билан ҳайрон боқиб турган мезбонга:

– Ҳа, бўлди, бўлди тошкентлик жиянлари. Анвар акам айтгандилар. Яхши етиб келдингизми? Уй ичилар тинчми? – дея келинчак уни ичкарига таклиф этди. Мастура бўлса:

– Ҳозир кираман, кираверинг, – деди боғ томонга ишора қилиб. Зийраккина келинчак эса:

– Бемалол, – деди кулиб ва дарров тоза сочиқни обдаста олдига қўйиб кетди. Мастура аста одимлаб теваракни кузатиб бораркан, ҳовли тўридаги ҳужра томон йўлини бурди. Бу ер кўздан сал нари, ҳовлининг четида жойлашган бўлиб, ҳужра у ва онасининг не-не кечмишига, хасратли кунлари-ю, орзули тунларига гувоҳ. «Янаям эскирибди» деди ўзига оҳаклари кўчиб, сувоқлари тўкилиб қолган деворларга боқиб. «Эшигиям ўша-ўша, алмаштиришмабди», ўйлади у аста ёғоч эшикни очиб, ичкарига мўраларкан. Ис босиб кетганига қараганда, анчадан бери бу жойга одам кирмаган, лаш-лушлар қалашиб ётгани эса уйнинг эски омборхонага айланганлигини англатарди. Илгари эшик тутқичи олдидаги мана бу тешикка қўли бемалол кириб чиқарди, энди эса йўқ. Сиғмайди-да, ахир орадан қанча вақт ўтди. Тоғаси раҳматли бу эшикнинг ўрнига бошқасини ўрнатиб бераман деганда, янгаси кўнмаганди. «Унинг ўрнига анави янги уйни битирсангизчи!», деганди қумсувоқ уйни кўрсатиб. Ёзда-ку билинмасди. Аммо қиш келиши билан унинг муштидек келадиган шу тешикдан хирмондек шамол гувуллаб кирар, онаси эски шолчаларни эшикка қават-қават парда қилиб осиб қўярди…

Ҳаяллаб қолди шекилли, ортидаги шарпадан Мастура тўзғиган хаёлларини йиғиб, келинчак билан уйга кирди. Ичкарида дастурхон безатилган, фақат янгаси кўринмасди.

– Ҳозир кирадилар, дастурхонга қараб ўтиринг,– деди иссиқ чой узатиб келинчак. Сўнг “Мен ҳозир”, – дедию чаққаонгина уйдан чиқди. Хонада ёлғиз қолган Мастура уйни кузата бошлади. Ўз давридан сўзлайдиган бу жиҳозлар чол-кампирнинг чоғроқ хонасини эслатар, илгари у бу уйга рухсатсиз кирмас, бугун бўлса меҳмон бўлиб ўтирибди. Гилам тепасига осилган тоғаси раҳматлининг суратига келганда, нигоҳи бирдан тўхтаб қолди. Расмда ўттиз беш ёшлар чамасидаги дўппи кийиб олган, кўзлари онасиникидек меҳрли бу инсон улар учун хотини билан неча бор  сан-манга борди-я? Икки томонга бирдек туриш, кўнгли ярим синглисига суянч бўлиш учун қанча тиришди. Тўғри, гоҳида янгасининг ёлғон-яшиқларига ишониб, уларни койиган ҳам бўларди, бироқ барибир мунг балқиган кўзларидан жигарларига нисбатан меҳр, оқибат борлиги сезилиб турарди. Ўзи бугун онаси мажбурламаганида Мастура келмасди. Тоғаси вафот қилганидан бери бу уйга келмаган, шунга ҳам анча йил бўлди. Онаси «Янганг сени кўп сўрайди, мазаси йўқ-да, бўлмаса ўзи келарди. Сен кичкинасан, бор қизим. Одам дегани кечиримли бўлади», деб қўймади. Мана энди келиб, ўтмиш билан яна бир карра юзлашгандек, унинг оғриқли кунларини яна кўргандек бўляпти. У тоғасининг навқирон суратига боқиб шуларни ўйлаб ўтираркан, уйга янгасининг кириб келганини сезмай қолди.

– Хуш келибсиз, Мастура қизим, омонмисиз? – деди янгаси унга қучоқ очиб. Қариндошлар бир-бировини бағрига босаркан, Мастура янгасининг титраганини, ҳаяжонланганини сезди. Ҳалиям овози ўктаму, лекин ўзи бир оз хоригандек, тик қомати пича чўккандек эди.

– Пешинни ўқиётгандим, узр айланай. Бу келадиган кунингиз ҳам бор экан-ку, биз тарафларга, – деди янгаси унга гинахонлик қилиб.

– Ҳа, ташвишлар билан бўлиб, келолмадик. Тўйлар яхши ўтдими? Келинлар чаққонгина хизматингизни қилиб юришибдими? – деди у ҳам мулозамат учун.

– Рахмат, айланай. Шукур, шу кунларга етдик. Ўзингиз яхшимисиз, Муроджон, болалар яхши юришибдими? Келишмадими улар?, – деди янгаси нон ушатаркан.    

– Иш, ўқиш дегандек. Бир-биримизни кутсак, ҳалиям қолиб кетамиз. Шунинг учун ўзим келавердим. Ҳаммаси салом айтишди сизларга, – деди у дастурхоннинг гулли нақшини қўли билан силаб.

Янгаси ликобчада янги узилган хусайниларни олиб кирган келинига:  

– Шоҳистахон ҳолвалардан ҳам олиб киринг, Мастура опангиз яхши кўради, –  деди унга қараб кулиб қўяркан. Сўнг бирдан нимадир ёдига тушгандек, жим бўлиб қолди.

– Ҳа, яхши кўрардим, – деди Мастура ҳам тасдиқлаб ва эсига болалигида бўлган бир ходиса тушиб кетди…

Ўшанда тоғасиникига меҳмонлар келган, бу маҳал одатдагидек дастурхон безатилар, тақчиллик замонида унда-мунда йўқ қанд, туршак, ёнғоқ, айниқса у жуда яхши кўрадиган седанали ҳолва шу куни албатта, қўйиларди. Бола эмасми, ўша ҳолвадан бир дона олгиси, егиси келди. Меҳмонларга чой ташиб юрган онасига шунча ялинса-да, уни эшитмаганга олди. Чунки билади, янгасининг феъли чатоқ.

Мастура бир чеккада ўтириб, бир гапириб, ўн кулаётган эркагу аёлларга бирма-бир қараб чиқди. Улар ғиштпечка ёнида ўтирган қизалоққа аҳамият беришмас, олдиларига қўйилган ноз-неъматларни бемалол, тортинмай тановвул қилишарди. Янгаси ҳам бисотидаги бор тақинчоқларини тақиб олган, гўё у хонзода-ю, онасига чўридек буйруқ бериб ўтирар, шу билан ўзини жуда сипо, доно кўрсатишнинг эвидан чиқарди. Мастура чиройли либослар кийиб олган меҳмонларни, улардан ҳам кўра хонтахтадаги егуликларни кузатар, тамшанар, кичкина бармоқларини ўйнаб, ўтирганлар кулса у ҳам жилмайиб, гўё ўзини ҳам улар сафидадек ҳис этарди. Шу пайт азбаройи егиси келганидан ҳамма гап билан оввора бўлганида у дастурхон томон сурилиб, аста ҳолвага қўл чўзди.

Лекин янгаси тушмагур кузатиб турган экан-да. Бирдан шахт билан урилган тарсаки, қўлчасини ловуллатиб юборди. Бир зум довдираб қолган Мастура янгасининг «Вой-вой-ей, куйдим, шу етимлардан. Тўярини билмайди, кўзи очда, кўзи. Сўраса бераман-ку, ўғирлик қилмасдан!», деганини эшитиб, ўзига келди. Қўрқиб кетганидан қўлидагисини олишни ҳам ташлашни ҳам билмай турганида, эшикдан кириб қолган онаси унинг билагидан маҳкам тутиб ўзлари яшайдиган ҳужрага олиб кетди. Ортидан янгасининг «Шуларни тўйдирамиз деб юрибмиз-да, айланай» дегани-ю, тоғасининг «Бас қил!» деб хотинига ўшқиргани эшитилди.

Улар нам ҳиди анқиб турган хонага киришаркан, кутилмаганда онаси унинг юзига тарсаки туширди. Ўзи шундоқ ҳам қўрқиб кетган Мастура энди юзларини беркитганча чинқириб йиғлаб юборди.

– Нега ундай қиласан-а, нега? Шу бир парча билан қорнинг тўйиб қолармиди? Ўзи шу туришимиз ҳам камми, болам?! – деди онаси зорланиб, кейин ўзи ҳам йиғлади. Боядан бери хўрлиги келиб йиғлаётган Мастура онасининг кўз ёшларини кўриб тинчиб қолган ва рўпарасида бир ҳовуч бўлиб титраётган бечора муштипарини юпатиш учун унинг юзларини силади:

– Бошқа бундай қилмайман, фақат сиз йиғламанг, – деди у. Ўксиб йиғлаётган онаси эса юзларини рўмолининг учига артиб, уни бағрига босди. Шу ҳолда она-бола анча ўтиришди. Кейин янгасининг овозини эшитиб, сапчиб ўрнидан тураркан, «Сен шу ерда ўтир, майлими қизим» деганча шошиб чиқиб кетди. Мастура ёшларини ямоқ босилган кўйлагининг енгига артаркан, кафтидаги ҳолвани кўриб жим бўлиб қолди. Богина ўзи тамшаниб, минг бир истиҳола, қўрқув билан олган энди шундоққина илкида турган ҳолвага бир зум тикилиб турди-да, сўнг уни ирғитиб юборди…

Ҳозир шулар хаёлидан ўтаркан, кўзи билан ер чизиб ўтирган янгасига қаради. Аёл ҳам уни англагандек, хотираларини ҳис этгандек оғир «уҳ» тортди. Кейин:

– Мастурахон, қизим. Мендан хафадирсиз-а? Хом сут эмган бандамиз-да,  билиб-билмай кўп гуноҳлар қиламиз. Лекин ўтинаман, тоғангиздан ранжиманг. Улар сизни жуда яхши кўрардилар. Касал бўлганларида ҳам алаҳсираб Ибодат билан сизни чақираверди, – деди кўзларига ёш тўлиб.

– Келишингизни аён қилгандек тушимга кириб юргандилар. Ҳадеб сўра, дермиш бояқиш. Энди билсам, узрхоҳлик сўр, деган бўлсалар керак-да. Ибодат барака топсин, келиб туради. Сизни, куёвни жуда мақтайди. Қўша қаринг, илойим. Беш кунлик дунёда бир-биримиздан гина қилмайлик, энди қизим, – деди янгаси қалтироқ қўлларини унинг кафтига босаркан.

Бир пайтлар ҳали пишиб етилмаган маккапоя попугини узиб қўғирчоқ қилиб ўйнаганида, уни ўқлов билан урган мана шу қўллар эди! Кўклам чоғи томдан қизғалдоқ териб тушиб, шодланиб онасига тутганда, «Ундан кўра, молларга ўт ўр, яшшамагур!» дея шартта гулларни майда-майда қилиб, охурга ташлаган, сал бўйи чўзилиб, хусни олланганда, тоғаси қизлари қатори унга ҳам чит кўйлак олиб келганида, пайт пойлаб кўйлакни тандирдаги ўтга ташлаган ҳам шу қўллар эди! Айтаверса эҳ-е… Энди титроқ инган бу қўлларни кечириш, унутиш мумкинми?!

Мастура оғир хаёлларига ғарқ бўлиб қанча ўтирди билмади, шу маҳал патнисга ёнғоқли, пистали, седаналию пашмак ҳолваларни солиб жилмайган кўйи Шоҳистахон кириб келди. Мастура ликобчаларни дастурхонга қўяётган ёш келинчакнинг ҳали гард қўнмаган, ҳаётнинг залвор юклари соя солмаган беғубор нигоҳларига қараб туриб:

– Шоҳистахон, ҳолва учун рахмат, барака топинг, – деб миннатдорчилик билдираркан, янгаси ялт этиб унга қаради…

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.