Наврўз айёмида Ўзбекистон халқ шоири  Абдулла Орипов таваллуд топган

0
452
марта кўрилган.

ШОИРНИНГ ҚАЙТИШИ

Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов хотирасига бағишланади.

Ғамлар қаримади, 
эскирмади дардлар,
кечаги яралар битмади ҳали.
Ҳали қароқлардан тўкилмай гардлар,
тақдир кўксимизга босди чангалин.

Халқим, 
оҳ, нақадар оғир залвори –
тағин сизиб кирди бир совуқ хабар:
Оламни тарк этди Абдулла Ориф
уммонлар ортида, бир мажруҳ саҳар.

Шу тун ухлатмади
шеър эмас алам,
Туманлар бағрига чўкдим, зим-зиё…
Қоғозсиз бир қаро чўпакдир қалам,
Шоирсиз ғарибдан ғарибдир дунё.

Ҳувиллаган боғлар шамолдан зада,
Яланғоч дарахтлар туриб қолди лол.
Ҳиссиз боғ. 
Хонтахта. 
Бўш турган қадаҳ,
қачон лабларимни этасан ишғол?!

Бўғзимга ботади кузнинг нам иси,
Тилим ботинолмас видо айтмоққа.
Қитъалар оралаб бир шоир жисми
Она тупроғига мангу қайтмоқда.

Ўртанади дилим, тарк этар наҳот,
Кўз ёшларга кўнмас, азал қаро ер.
Алвидо, алвидо, эй табаррук зот,
Ватанни кўксимга жо қилган шоир!

Энди юлдуз бўлиб чақнар фалакда,
Токи бошимизда паноҳдир осмон.
Яшайди жам бўлиб ҳар бир юракда
Абдулла Орипов ва Ўзбекистон!

Фахриддин Ҳайит

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.