Неъмат Арслоннинг  “Савти сарвиноз” номли китоби тақдимоти

0
307
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида кеча Неъмат Арслоннинг  “Савти сарвиноз”  номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. 

Унда уюшма раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид шундай деди: Халқимиз бадиий тафаккурининг маҳсули бўлган  мумтоз ва муаззам мусиқий дурдона “Шашмақом”– яъни  олти мақом  халқаро ташкилот-ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда мамлакатимиз Президенти маъруза қилиб шундай деди: “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”.

 Халқаро мақом санъати анжумани Президент қарорига мувофиқ, бу йил биринчи марта Шаҳрисабзда бўлиб ўтди. Эндиликда  уни ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган.

Немаът Арслоннинг  “Савти сарвиноз” китоби ана шу саъй-ҳаракатларга лаббай деб жавоб берди. Ушбу асарда  шаҳрисабзлик  бастакорнинг ижодий фаолияти   орқали мақом оҳанглари,  руҳи ва фалсафаси  акс эттирилган».

Муаллиф билан бўлган учрашувда  сўз олган иштирокчилар  асарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапиришди.

Тадбир сўнгида асар муаллифи Неъмат Арслон сўз олиб,  ўн йилдан буён уйлаб юрган ғоясини тезда китоб ҳолига келтиришда мамлакат  Президенти қарори  туртки бўлганини гапирди. Мамлакат Президентига, уюшмага  Тошкент шаҳридан икки хоналик уй ажратгани учун ўз миннатдрорчилигини билдирди.

Учрашув сўнгида  муаллифга  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоа фонди томонидан “Адиб ва жамият” туркумида чоп этилган китоблар  армуғон қилинди.

Р. Сафоева

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.