Одоб – киши турмуш тарзининг тарозиси!

0
365
марта кўрилган.

Мутолаа боланинг дунёқарашини кенгайтиради. Маърифатли, маданиятли, одобли  инсон бўлишга чорлайди. Шунингдек, амалиёт ҳам катта аҳамиятга эга. Бола одобни энг аввало ўз ота-онасидан ўрганади. Бола ота-онасининг ҳатти-ҳаракатларини, ўзаро муносабатларини синчковлик билан кузатади ва бевосита ўзлаштириб олади. Қисқача айтганда,  бола ота-онадан андоза олади.  

Миллий урф-одатларимизга кўра ҳар бир оилада ички одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Бу қоидалар болаларимиз таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Уйқудан барвақт уйғониш ўзбек хонадонларида яхши анъанага айланган. Онам ёшлигимда “Қизим эрта уйғон, тонг саҳарда Оллоҳ ризқ улашади. Шу насибадан мосуво бўлма” дер эрдилар. Барвақт турилган куни иш ёки ўқишнинг унумли, кайфиятнинг яхши бўлиши кузатилган.

Бизда юз-қўл ювилмасдан ҳол-аҳвол сўралмайди, дастурхон бошига келинмайди. Юз-қўл ювилгандан кейингина бир-бирлари билан сўрашадилар. Аёллар нонушта тайёрлайдилар, қиз, келинлар кўча эшиги олдига ва супаларга сув сепиб супурадилар. Оила аъзолари нонуштага иложи борича бир вақтда ўтирадилар. Уйнинг тўрида оила бошлиғи ўтиради. Дастурхонга биринчи бўлиб оиланинг ёши улуғи қўл узатади. Нонушта тугагач, бобо ёки бувилар қўл очиб дастурхонга дуо ўқишади. Овқат тановул қилиб бўлингач, ризқ-насиба учун Оллоҳга беадад шукроналик ўқилади. Идиш-товоқлар ювилиб, йиғиштириб қўйилади. Ювинди, мағзавалар кўчага ташланмайди, гуноҳ бўлади.

Анъанавий оила одобига кўра катта ёшлилар болаларга, болалар, келин ва қизлар катталарга очиқ-сочиқ ҳолда кўринмайдилар. Турли уят сўзлар, қилиқлар қилинмайди. Кўчага, ишхонага уй кийимида борилмайди. Уйда, маҳаллада, ишда, ўқишда ўзига хос миллий кийимлар ёки махсус кийимларда юрилади. Бугун урф бўлиб бораётган ажнабий кийимлар маданиятлилик белгиси эмас. Аксинча, бу маданиятимизнинг қашшоқлашуви саналади.

  Гўзал урф-одатларимизга кўра кичиклар катталардан тўрга ўтмайдилар. Аёллар ва қизлар эркакларнинг олдидан кесиб ўтмайди. Ота-онанинг олдида сўлжайиб ётмайдилар. Катталар кириб келганида, албатта ўрнидан турилади. Катталарнинг гапига уларнинг рухсатисиз аралашиш уят ҳисобланади.

 Тўйлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз бир четда қолиб, европача удумлар одат тусига кириб қолмоқда. Айниқса, келинларнинг очиқ-сочиқ  кийимларда тўй тўрида ўтиришлари қадриятларимизга мутлақо зид ҳолатдир. Ваҳоланки, келиннинг ўз қоматини очиқ кийимлари орқали  кўз-кўз қилиши одоб ҳам, маданият ҳам эмас. Шарқда келиннинг чилла даврида бегоналарнинг назари тушишидан сақлашган. Чиройли бўлиб тўйга чиққан келинга кимдир ҳавас, яна биров хасад, кимлардир сармаст кўзлари билан боқади. Булар замонавийлик эмас, одоб-аҳлоқ тамойилларининг бузилишидир.

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.