Огаҳий — мироб, шоир, муаррих ва таржимон

0
2736
марта кўрилган.

Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий 1809 йилнинг 17-декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Авазбий ўғли Хоразмий қўлида тарбия топади.

1829 йилда Муниснинг 51ёшида вафот этиши, ёш шоир учун катта йўқотиш бўлди. Огаҳий 20 ёшида Хива хони Оллоқулихон томонидан мироблик вазифасига тайинланади. Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидоийлик, ватан равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даври (1829-1857) Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши унинг номи билан боғлиқдир. Улуғ шоир отдан йиқилиб оёғи жиддий лат егач, миробликдан истеъфога чиқади ва назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. У 1874 йилнинг декабр ойида олтмиш беш ёшида вафот этади ва ўзи туғилган Қиёт қишлоғидаги “Мавлон бобо” қабристонига, амакиси Мунис қабрига ёнма-ён дафн қилинади.

Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти — «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори», 1872) бизгача тўла етиб келган. Девон анъанавий тартибда тузилган, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 мухаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида — жами 18000 мисрадан иборат. Девонга «Ашъори форсий» номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1300 мисра шеъри ҳам киритилган. Девондаги асарлар мазмун-мундарижаси марказида ишқ мавзуси туради. Алломанинг кўплаб ғазаллари ўз вақтида ҳам бугун ҳам севиб куйланиб келинади.

Шунингдек, Огаҳийнинг тарихий асарлари ўзбек тарихнавислик фани тараққиётига катта ҳисса қўшди. Улар Ўрта Осиё тарихининг ажралмас таркибий қисми бўлиб, Хоразм тарихини, Хива тарихини тадқиқ этиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Муаррихнинг асарлари тарихни, адабиётни, юртни севишга, қадрлашга, эъзозлашга даъват этади. 

* * *

Мушкин қошингнинг ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина.

Қилғил томошо қомати, зебоси бирлан оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина.

Нозу адо-ю ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам,
Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизод устина.

Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким,
Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина.

Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шому саҳар,
Булбулдек айлар юз наво минг навъи фарёд устина.

Бошимға ёғғон ғам тоши мингдин бирича бўлмағай,
Гардун агар минг бесутун ёғдурса Фарҳод устина.

Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини —
Ким,меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина.

Не журъат ила Огаҳий очғай оғиз сўз дергаким,
Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зор ношод устина.

* * *

Манга зулм айлаб ул қотил аён оҳиста-оҳиста,
Чекиб тиғини айлар қасди жон оҳиста-оҳиста.

Жафоси зўридин икки кўзимдан оқди дарёлар —
Ки, қолғой остида онинг жаҳон оҳиста-оҳиста.

Улусга айлаган зулмин кўриб ондин ҳазар қилмай,
Келиб чекдим жафосин ман ёмон оҳиста-оҳиста.

Бўлур ҳажрида зиндон гар манинг манзилгаҳим бўлса,
Гулистон балки гулзори жунон оҳиста-оҳиста.

Тўла буржом тут лутф айлаб,эй соқийки, бу ғамдин
Қутулғойман ичиб ман нотавон оҳиста-оҳиста.

Вафо йўқ даҳр боғининг гулига берма кўнглунгни,
Бугун тонгда кетар, эй боғбон, оҳиста-оҳиста.

Эмас гардунда раъд овозиким ҳижрон туни ичра,
Эрур ул Огаҳий чеккан фиғон оҳиста-оҳиста.

* * *

Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг,
Меҳри жамоли устида икки ҳилолини кўринг.

Икки ҳилолини кўруб қонмаса меҳрингиз агар,
Сафҳайи орази уза нуқтайи холини кўринг.

Нуқтайи холини кўруб сабр эта олмас эрсангиз,
Ҳусну жамоли боғида қадди ниҳолини кўринг.

Қадди ниҳолини кўруб кўнглунгиз этмаса қарор,
Жон кўзи бирла боқибон лаъли зилолини кўринг.

Лаъли зилолини кўруб жонингиз этса изтироб,
Чораи ҳолингиз учун шаҳд мақолини кўринг.

Шаҳд мақолини кўруб топмаса чора ҳолингиз,
Нуктага лаб очар чоғи ғунжу далолини кўринг.

Ғунжу далолини кўруб истасангиз муроди дил,
Огаҳийдек қучуб белин айши камолини кўринг.

* * *

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.