Оила маънавияти асосан ота-онанинг маънавияти ва дунёқарашига боғлиқ

0
2598
марта кўрилган.

Ҳар қандай ота-она ўз фарзандининг соғлом, етук, иймон ва эътиқодли қилиб тарбияланишини орзу қилади. Ота-оналар баркамол ўғил-қизларни тарбиялашлари учун жамият олдида ҳам, миллат олдида ҳам, аждодлари ва Оллоҳнинг олдида ҳам асосий жавобгардир.

 Мактаб, лицей ва коллежлар, олий ўқув даргоҳларида эса, оиладаги тарбия ривожланади, мустаҳкамланади. Сифатсиз қўйилган пойдевор устида чиройли иморатни қуриб бўлмаганидек, носоғлом оилада тарбия кўрган болалардан келажакда бирон наф кўриш мушкул.      Оилаларни мустаҳкамлаш, соғлом фарзандларни муносиб ўстириб вояга етказиш, тарбиялаш масалалари ҳаётнинг муҳим талаби эканлигини давр кўрсатиб турибди.

Мустақил ҳаёт остонасига кириб келаётган ўғил-қизларимизни оилага тайёрлаш, уларга кенг имкониятлар бериш, орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришда қўллаб-қувватлаш, тўғри йўлни кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, инсоннинг тақдири, келажак ҳаётидаги ютуқлари ёки муваффақиятсизлиги, бахтли ёки бахтсизлиги, касб-ҳунар танлаши, ҳаттоки кайфияти, унинг оилавий муҳитига боғлиқ. Оиланинг тақдири эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Оилаларнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси аждодларимиздан бизга ўтган билим ва тажриба, маданий қадриятлар асосида ва замондошларимиз эришган ютуқлари негизида барпо бўлади.

 Агар оилада тартиб-интизом бўлса, унинг аъзолари шу хислатларини хизмат жараёнига кўчиради ва ижтимоий меҳнат фаолиятида қўллайдилар. Бу эса уларнинг ўз хизмат вазифаларини  юксак даражада бажаришларига сабаб бўлади. Агар ота-она фарзандини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияласа, бу хис-туйғу унга бутун ҳаёти давомида йўлдош бўлади.

Азиз ота -оналар болангизга бефарқ бўлманг. Оила- мактаб -маҳалла  тамойили бежиз эмас. Болангизнинг мактабда, маҳаллада юриш-туришидан мунтазам хабардор бўлиб туринг. Бола тарбиясига кетказган вақтларингиз келажакда  ўзингизни хурсанд қилади.

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.