Оламдаги энг буюк ва энг гўзал ҳодиса Зулфияхоним яратган қўшиқ барҳаёт

0
620
марта кўрилган.

Гўзал айём баҳорнинг биринчи куни устоз Зулфияхоним таваллуд топган сана! Ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфияхонимнинг шеърларини ўқисангиз у қалбларга қўшиқдек оқиб киради. Таржималаричи? Унданда гўзал!

Талабалигимда Леся Украинканинг ижоди, ҳаёти ва саёҳатлари, шунингдек, Зулфияхоним таржималари билан танишар эканман қалбимга бир чўғ тушди. Адибанинг ижоди ва Зулфияхоним таржималари билан яқинроқ танишиш истаги уйғонди. Леся Украинка ижоди ва фаолияти билан танишиш жараёнида шоира Зулфия таржималарини қўлимга олиб, янада руҳлангандим. Бу таржималар қўшиқдек тилларга, дилларга ўрнашар эди. Мен диплом ишимни Леся Украинка таржималарига бағишлашни юракка туйдим.

Бизга таржимоншуносликдан дарс берган устозимиз Ғайбулла Саломов (охирати обод бўлсин) фикримни қўллаб қувватлади. Мен диплом ишимни тугатиб, устоз Ғайбулла Саломовни назаридан ўтказганимда Зулфия таржималари қисмидан домланинг ҳам ниҳоятда ҳаёжонланганини кўрдим. Шоира Зулфия таржималарининг ёнига “зўр, қойил” деб ёзиб қўйган эди. ”Жуда яхши диплом иши бўлибди, мавзу ҳам унинг ёритилиши ҳам маъқул келди. Сиз бу изланишларингизни келажакда ҳам давом қилдиринг. Ҳозир эса уни Зулфия опага ҳам бир кўрсатиб олинг”-дея маслаҳат бердилар.

Леся Украинканинг шеърларини кўпчилик таржима қилган эди. Мен изланишларимни шоира Зулфиянинг назаридан ўтказиш учун “Ўзбекистон хотин-қизлар” журналига (бугунги “Саодат” журнали)кўтариб бордим. Мен бу даргоҳга кўп бора келган эдим. Беш йил журналистикада ўқиган бўлсам, жуда кўп мақолларим чоп этилган эди. Менинг ушбу нашрда чоп этилган биринчи журналистик изланишларим ва қувончларим ҳамон эсимда. Хоразмда биринчи бўлиб рационализаторлик унвонини олган аёл, Урганч тикувчилик фабрикасининг цех бошлиғи Анажон Отаева, воҳанинг машҳур пиллакаши, Урганч туманидаги Ўрта Дўрман қишлоғидан(бугунги “Оқ олтин” жамоа хужалиги) чиққан Москвадаги халқаро кўргазмаларда бир неча марта қатнашган, қатор орденлар соҳиби Сўнажон опа Собирова, Урганч шаҳридаги Куйбишев номидаги 4-сон мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дармонжон опа Рахимова каби воҳанинг машҳур ва содда аёллари ҳақида очерк ва лавҳаларим чоп этилган эди. Бироқ, Зулфия опа билан шахсан ҳеч учрашмаган эдим. Диплом ишим муносабати билан опанинг ҳузурида бўлдим. Ижод, оила, журналистика масалаларида узоқ суҳбатлашдик. Диплом ишим у кишига жуда маъқул келди. Қўллаб қувватладилар. У пайтларда Леся Украинка ижоди ўзбек китобхони учун янгилик эди.

Кейинчалик опанинг ҳузурига бора олмадим. Иш, оила, фарзанд тарбияси билан банд бўлиб кетдим. Бир куни журналга ҳикояларимни кўтариб бордим. У пайтда адабиёт бўлимининг мудири Ойдин Ҳожиева эди. У кишига ҳикоя маъқул келиб Зулфия опага тавсия қилибдилар. У пайтда Ўзбекистон телевидениясида муҳаррир бўлиб ишлардим. Бироқ, бола тарбияси учун бериладиган таътилни ҳужжатлаштириб уйда ўтирган пайтим эди. Телефон жиринглаб қолди. Уни олдим. Меҳрибон, эътиборли устоз Ойдин Ҳожиеванинг қўнғироқдек овозини эшитиб хурсанд бўлдим. “Тезда етиб келинг, Зулфия опа сизни йўқлаяпти”дедилар. Кичкинтойимни қўшнимдан бирор соатга қараб туришларини илтимос қилиб етиб бордим. Опанинг ҳузурига кирар эканман, у кишининг очиқ чеҳра билан пешвоз чиқиши мени янада руҳлантирди. “Қаерда юрибсиз? Сизни йўқотиб қўйдик-ку ” деб самимий кутиб олдилар. Улар мени эслаб қоладилар, деб кутмаган эдим. “Абадий туйғулар” туркум қатраларим у кишига маъқул келибди. Табрикладилар. Яна узоқ суҳбатлашдик. “Фарзандли бўлибсиз, ишга жойлашибсиз. Қутлуғ бўлсин. Бироқ, ёзган асарларингиз ҳам сизнинг фарзандларингиз каби уларни ҳам бола парваришлагандек парваришлашни билишингиз керак. Таржимачилик соҳасидаги ишларингизни давом қилдиринг” деб маслаҳат бердилар.

Устознинг ушбу сўзлари ҳамон қулоқимда жаранглайди. Опанинг ҳузуридан уларнинг эътибори учун ғоят хурсанд бўлиб чиқдим. Шоира Зулфиянинг маслаҳати билан таржимачилик соҳасидаги изланишларимни кучайтиридим. Леся Украинка таржималари қаторига Олесь Гончар асарларининг таржималарини ҳам қўшиб, кандидатлик илмий ишимни бошладим. Уни ёзиб тугатдим. Имтиҳонларни топширдим. Бироқ оила, фарзанд ташвишлари билан бўлиб ёқлашга имкон топмадим. Улар қоғозларда қолиб кетишини ҳам истамадим.

Шоира Зулфиянинг ҳаёти қанчалик жасоратларга бой тарзда ўтган бўлса, украин халқининг шоираси Леся Украинканинг ҳаёти ва адабиёт оламидаги изланишлари ҳам ана шундай кечган. Бизнинг мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўлса, Украинада ҳам Леся Украинка номида болаларга атаб ёзилган асарлар учун Давлат мукофоти берилар эди. 

“Қандайдир дақиқаларда табиатнинг сирларини тушина олган куйчи инсоннинг вужуди йўқолиб кетса ҳам, у бир вақт яратган қўшиқ ҳамон барҳаёт. Оламдаги энг буюк ва энг гўзал ҳодиса шу эмасми? Ўзини инсониятга бағишлаган одам инсонлар қалбида, уларнинг ишларида абадий яшайди”,- деганди Леся Украинка ҳақида Микола Олейник.

Мен бугун Зулфия опанинг Леся Украинка шеърларидан таржималарини қайта ўқиётиб, ўзбек халқининг севимли шоираси ҳақида ҳам шундай дегим келди. Менинг назаримда гуё Микола Олейник бу гапларни шоира Зулфияга ҳам нисбат бериб айтгандек…

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 апрелда Жиззах вилоятига ташрифи давомида улкан шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, асарларидаги эзгу тушунчалар моҳиятини ёшларга етказиш лозимлигини таъкидлаган эди. Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки шоир номи билан аталувчи ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда музей халқимизнинг ардоқли фарзандларига кўрсатилган улкан эҳтиром намунаси бўлди.

Гўзал айём баҳорнинг биринчи куни устоз Зулфияхоним таваллуд топган санада яна бир карра хотирлаб, Оллоҳим устознинг охиратини обод қилсин, деб сўраб қоламиз!

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.