Оқибат

0
288
марта кўрилган.

Академик Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевнинг ёрқин хотирасига мўъжазгина чизги ўрнида

Илло, Оллоҳ раҳматига олиб, жойини жаннатдан қилган бўлсин. Пўлат Қирғизбоевич исми-шарифи бош ҳарфлар ила айтувга, ёзувга муносиб беназир инсон эди. Ул муҳтарам зотнинг илми, билими заковати ва тафаккури беқиёс бўлиб,  оқил, доно, самимий киши эдилар.

Мен у киши билан дастлаб Олий Кенгаш, кейинчалик Олий Мажлис депутатлари сифатида ўтган асрнинг 90-95 йилларида бир қўмитада фаолият кўрсатганмиз. Пўлат Қиргизбоевич Халқаро ишлар қўмитаси раиси, мен ўринбосари эдим.

 У ишининг номига ҳамду саноларни нафақат республикамизнинг илмий жамоатчилиги, балки ҳалқаро майдонда ҳам жаҳон фан арбоблари ҳануз баралла айтиб келади. Айниқса, физика, техника йўналишларида олиб борган изланишлари, тадқиқотлари, кашфиётлари билан дунёда саноқлигина олимлар мушарраф бўлган қатор мукофотлар соҳиби эканлигини, давлатимизнинг кўпдан кўп нуфузли орден ва медалларига муяссар бўлганлигини айтишнинг ўзиёқ фикримизнинг яққол далилидир.

 Мен ҳозир уларнинг ҳаммасини ёзиб ўтирмайман. Тўғрироғи, у кишининг наинки илм одами, балки, чинакам одамийлигини, одамларга меҳр-муҳаббат ила қарашини, бағоят оқибатли зот бўлганлигини биргина воқеа билан айтмоқни жоиз кўрдим.

1994 йилнинг февраль ойи охирлари эди. Отам Турдалиев Саъдулла 97 ёшида вафот этиб қолди. Раҳматли (Илло, жойлари жаннатдан бўлган бўлсин) бир умр қишлокда – Самарқанд вилоятининг Нурота тоғ тизмалари оралиғидаги Охчоб деган (хозир Кўшработ тумани худудида) мўъжазгина овулчада умргузаронлик қилди. Чўпон эдилар.

Ҳаво совуқроқ, қиш-қировли кунлар, тоғ-тошли йўллар оғир эди.

Уларда тебраниб-тебраниб фақат юк машиналаригина онда-сонда қатнаб турарди. Бир пайт тошдан тошга урилиб-сурилиб, ўнқир–чўнқирлардан эхтиёткорлик билан ўтиб келаётган машина тўгри бизнинг уйимиз олдида тўхтади. Ундан Пўлат Қиргизбоевич, Тошкент Давлат шарқшунослик институтининг ўша кездаги ректори, жаҳонга таниқли арабшунос олим, академик Неъматулло Иброҳимов ва Самарқанд вилоятининг ҳокими Пўлат Абдурахмоновлар тушиб келишди.

Ҳамма тоғ йўлида енгил машина қишлоққача етиб келганидан ҳайрон эди. Мен Тошкентдан тахминан 400-450 чақирим йўл босиб, кўнгил сўрашга, таъзия билдиришга, далда беришга боришган бу инсонларни кўриб йиғлаб юбордим.

Қуръон тиловатдан сўнг улар мени бағирларига босиб юпатдилар.

– Оллоҳ сизларга сабр берсин, – деди Пўлат Қиргизбоевич. Дунё дегани аслида ўзи шу. Ўлим ҳаммамизнинг қисматимизда бор, Номозжон, бардам бўлинг. Шахсан Президентимиз Ислом Каримов “уч-тўрт киши бўлиб бориб келинглар” – деганди…Илло, отангизнинг жойлари жаннатдан ато қилинган бўлсин…

Улар шу заҳоти-ёқ ортга қайтишди. Ҳамма жимгина кузатиб қолишди.

– Бундай оқибатли одамларнинг товонини бу овуллар ҳали кўрмаган эди. Қойил!– дейишди қишлоқдошларим.

Ўша хаво совук, йўл оғир кезларда юк машиналари тебрана-тебрана, силкина-силкина зўрға ҳаракат қила оладиган тоғ-тошли йўллардан мендек оддий бир қаламкашдан кўнгил сурашга, таъзия билдиришга енгил машинада амаллаб етиб боришган икки академик ва вилоят ҳокими номларига ҳануз дўстим, қишлоқдошларимнинг сўзлари билан “Қойил, оқибат дегани шу”– деб юраман…

Ушбу мўъжазгина дил чизгиларимни қоғозга туширишга туртки бўлган воқеа – яқинда мамлакатимиз йўлбошчиси Шавкат Миромонович Мирзиёев фармонига кўра республикамиз илмий жамоатчилигининг машҳур арбоблари турмуш ўртоқларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани бўлди. Улар орасида ҳозир сиз-у биз ҳурмат-эҳтиром билан хотирлаётган инсон–академик Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевнинг рафиқаси меҳнат фахрийси Хабибуллаева Элеонора Рахматжановна ҳам бор.

Дарвоқе, Президентимиз лутфини мазмунан талқин қилганда, атоқли олимларимиз ва ижодкорларимизнинг илмда, ижодда юксак марраларни эгаллашида, оламшумул муваффақиятларга эришувида уларга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш учун жонкуярлик қилган, барча заҳматларига шерик бўла олган  бундай аёлларимиз ҳарқанча мақтову олқишларга арзигуликдир.

Уларнинг барча хизматлари ва фазилатлари бугунги кунда қадрланаётганининг ўзи ҳам халқимиз, Ватанимиз, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган оқибатдир.

Юксак давлат мукофоти – «Меҳнат шуҳрати » орденингиз муборак бўлсин, Элеонора опа. Табриклаймиз. Соғ- саломат бўлинг.

Номоз Саъдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.