Ўсмирлик даври бу қизнинг вояга етгани эмас

0
82
марта кўрилган.

Ўсмирлик даврида қиз боланинг ҳаётида, руҳиятида, организмида жисмоний, жинсий ривожланишлар кузатилади. Ушбу даврда қизча энди “бола” ҳам эмас ва шу билан бирга ҳали “катта” ҳам эмас.

Ваҳоланки, унинг ўз-ўзини баҳолаши, қизиқишлари, қадриятлари тўлиқ шаклланмаган бўлади. Жисмоний, маънавий ва жинсий шаклланмаган қиз болани оила қуришга, фарзанд дунёга келтиришдек оғир масъулиятни гарданига юклаб қўйишга кимнинг ҳадди сиғиши мумкин? Калтафаҳм ва шафқатсиз кишининггина бунга журъати етади. Вояга етмаган қизнинг организми ҳали она бўлишга тайёр эмас, лекин айрим ота-оналар ҳақиқатдан кўз юмиб, фарзандини ўтга ташлашади. Жисмоний, жинсий томондан шаклланмаган организмда турли  жараёнлар юз бериши табиий. Сон суягининг ўсмаганлиги, камқонлик, гигиена қоидаларини билмаслиги, уқувсизлиги панд бериб қўйиши мумкин. Шунинг учун кўпгина қизчалар туғруқ пайтида нобуд бўлишяпти ёки бўлмаса, тўлақонли бола туғиш қобилиятидан йироқда.

 Биргина Урганч шаҳрининг ўзида ўтган йили 4 нафар коллеж ўқувчилари томонидан никоҳсиз ва эрта ҳомиладорликнинг кузатилиши, юқоридаги фикрларимизни яна бир бор исботлайди. Лоқайдлик, ўзибўларчилик кайфиятларига берилиш оқибатида айрим оилаларда ана шундай нохуш воқеаларнинг гувоҳи бўлиш аянчли. Ота-оналар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳар бир оила тақдири жамият тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини англаш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, қиз болани эрта турмушга бериш ва ўғил болани эрта уйлантириб қуйиш бу кўпчилик ҳолатларда ота-оналарнинг измида. Коллежда ўқиётган 15-17 ёшдаги йигит-қизларнинг 98 фоизи анкета саволларимизга  жавоб бериб, улар бу ёшда ҳали оилага тайёр эмасликларини изҳор қилишган. Афсуски бу даврда қиз боланинг тақдири ота-оналарнинг измида бўлиб, уларнинг ушбу масалага муносабатига боғлик  бўлиши мумкин.

 Катталар балоғат даврининг ўзига хос хусусиятларини, эрта оила қуришнинг ёмон оқибатларини ўз фарзандларига обдон, яхшилаб тушунтиришлари зарур. Кўпгина ўсмирлар балоғатга етиш сирларини, ўзгаришларини билмайдилар. Энг аввало, она қизига яқин инсон бўлиши, қизидаги ҳар бир ўзгаришларни назорат қилиб, тушунтириб бориши зарур. Ҳар бир ота-она ўғли, қизи билан мунтазам суҳбатлашиб, балоғат даврининг ўзига хос хусусиятларидан хабардор этиб туриши керак.

Афсуски, айрим ота-оналар эрта никоҳнинг оқибатларини жиддий ўйламасдан, “мурод” билан тўй қилишади. Оқибатда, ёшлар қийин аҳволга  тушиб қолишади. Қизча эса янги оила, янги  ҳаётга кўниколмай  узоқ қийналади. Оиланинг ишлари-ю юмушларини кўнгилдагидек бажара олмаган келинчак қайнонасидан, эридан дашномлар эшитавериб эзилади, шаклланиб келаётган ёш организми ўсиш, ривожланишдан орқада қола бошлайди. Бўлажак она, бўлажак ота ҳар томонлама соғлом бўлсагина, унинг фарзандлари ҳам соғлом бўлади. Оилада соғлом бола дунёга келиши учун эса онанинг ҳам, отанинг ҳам саломатлиги, руҳий ҳолати жойида бўлиши керак. Қизларимизнинг оила, турмуш қуришга тайёрлаш, унинг ўзига хос нозик сирлари – ўзини тутиш, гаплашиш, муомала муносабатларини мунтазам ўргатиб бориш онахонларимиздан катта масъулият талаб этади. Жисмонан ва маънан тайёр бўлмаган қизча қандай қилиб бола тарбиялайди?

Никоҳ ва оилаларнинг мустаҳкамлиги йигитларнинг, яъни бўлажак оталарнинг ҳам ҳар томонлама тайёргарлигига боғлиқ. Бизнинг тараққий топган, тафаккур юксалаётган давримизда эса айрим қишлоқ ва шаҳарларда 17-18 ёшга тўлмаган ўғил болаларни уйлантириб қўйиш ҳоллари учраяпти. Баъзан уқувсиз, ёш эрнинг  айби билан ўз вақтида шифохонага ётмаган келинчак оғир аҳволга тушиб қолади. Қон босими тушиб кетган, ранги докадек оқариб кетган аёлнинг саломатлиги ҳақида кечагина кўча чангитиб, ўйнаб юрган 17 яшар йигит нимани ҳам биларди?

Ҳали ақли тиниқлашмаган, она сути оғзидан кетмаган йигит-қизларни оила қуришга мажбурлаш ёхуд даъват қилиш ота-оналарнинг катта ва кечирилиб бўлмас хатосидир. Нозик елкаларига оила қуришдек оғир ва улкан масъулиятни юклаш, улардан билмаган нарсаларини талаб қилиш билан баробар. Оила қуриш учун ёшлар ҳам жисмонан, ҳам маънан тайёр бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.

 Назаримда, маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг ана шу муаммоларга аралашуви ҳам бу ишда кўп самара беради. Чунки маҳаллада бўлаётган барча воқеаларни энг аввало маҳалла фаоллари хабардор бўлишади. Тўй қилиб мурод қилиш ҳаммага насиб қилсин, бироқ болаларимизни кўр-кўрона чўғга ташламаслик керак.

  Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз туб негизида ўғил ва қизларимизнинг соғлом вояга етишлари, бахтли ва саодатли ҳаёт кечиришлари йўлидаги эзгу ниятлар турибди. Зеро, ҳар томонлама соғлом инсонлардан етук ва зуваласи пишиқ, камолотли фарзандлар дунёга келади. Шунинг учун соғлом авлодни дунёга келтириш ва келажакни тарбиялашда оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш орқали жамият тараққиётига муносиб ҳисса кўшиш ҳар бирмизнинг муқаддас бурчимиздир.

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.