Ота-онанг ўтирган томнинг устига чиқма, дея ўгит берилади қадимий китобларимизда, Нега-ки ота-она танланмайди. Ота-она Аллоҳ таолонинг ёзмиши, ирода ва ихтиёридир!
* Ота хонадонга ташриф буюрганда ўриндан туриб, жой бўшатиш лозим.
* Ота билан кетаётганда унинг изнисиз ундан олдин юрмаслик керак.
* Ота фарзанд учун бирон нарса мерос қолдирмаса ҳам, ундан номус қилинмайди.
* Ота бор уйда ўйланишга ва маслаҳат солишга муҳтож бўлинмайди.
* Ота ёнида ёки у кириб келганда ёнбошлаб ётилмайди.
* Ота уйда йўқ бўлиб қолинган ўринда истеъмол қилинган нарсалардан алоҳида унинг учун олиб қўйилиши фазилатдир.
* Мансабли шахс бўлсанг ҳам отанг чақирганда отингдан тушиб, олдида ҳозир бўлишга шошил! Сен иш устида мансаблисан, отанг устида эмас!
* Отангнинг ёнидаги солиҳ кишиларга нисбатан самимий ва эътиборли бўл!
* Агар отанг бу оламдан ўтиб кетса дўстлари билан муомала-муносабатларингни узма!
Жаннат оналарнинг оёғи остидадир. Ота-онанг тирик экан бу бахтинг, тахтинг, омадинг дейди халқимиз. Бу гапларда улуғвор ҳикмат бор. Чунки, ота она тирик экан улар ўз фарзандларини тинимсиз дуо қилиб, эзгу-тилаклар тилаб ўтиришдан чарчамайдилар. Дуо-и фотиҳада эса гап кўп. Халқимиз ёмғир билан ер, дуо билан эл кўкарар, деган маталлари бежиз эмас.
* Ҳадяни аввал онага сўнгра отага берилиши маҳбубдир.
* Ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ гўзал амаллардандир.
* Оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – сен ва ака-укаларинг, опа-сингилларинг сабабли эканлигини билгин!
* Сенга берган оқ сути лутфу – хурсандлик биландир, аммо сенинг унга берган таоминг баъзида миннатли ва озорлидир. Шунинг учун берган ҳар-бир луқманг лутфли бўлиши учун камтарин бўл!
* Онангга ҳар куни кўриниш бер, чунки унинг сени кўриши сенинг унга минглаган хум тиллолар туҳфа қилганингдан ортиқроқдир.
* Тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўл, қачонки агар уни йўқотсанг армондан холи бўласан.
*Ҳайит кунлари бағринга босиб, уни қучгин! У сени ҳар куни қучиб, ҳидларингдан тўйиб-тўйиб завқ олганини эсингдан чиқармагин!
gujum. uz