Ўйинчоқ танлашда адашманг: қизалоғингизни имкониятларини чекламанг!

0
229
марта кўрилган.

Буюк Британиядаги Муҳандислик ва технология институти олимларининг тадқиқотларига қараганда, болаларда илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасидаги дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашувчи ўйинчоқлар асосан ўғил болаларга мослаб ишлаб чиқарилар экан.

Маълумотларга қараганда, Буюк Британияда бугунги кунда муҳандислик соҳасида ишловчиларнинг тўққиз фоизинигина аёллар ташкил қилар экан. Олимларнинг  бошланғич синф ўқувчи қизлар ўртасида ўтказган сўровномаларига кўра 39 фоиз ўқувчи қизлар ахборот-технологияларига, 38 фоизи аниқ фанларга, 36 фоизи математика соҳасига қизиқишлари борлигини билдиришган.

Дунёдаги барча жамиятда кишилар онгида қизларга пушти, қизил, олов ранг каби ёрқин бўёқли ўйинчоқлар ишлаб чиқариш лозим деган умумий тушунча ўрнашиб қолган. Ота-оналар ҳам қизларига асосан қўғирчоқ, идиш-товоқ, шифокорликка доир ўйинчоқлар харид қилишади. Албатта мазкур ўйинчоқлар ҳам ёмон эмас, Бироқ, олимларнинг таъкидлашича, катталардаги бундай тушунча қиз болаларнинг дунёқарашини фақатгина бир ёнлама шакллантиради.
Хусусан, бизда, шарқда ҳам қизларни ёшлигидан эпли келин, меҳрибон она, намунали уй бекаси қилиб тарбиялашга ва шунга мос ўйинчоқлар совға қилишга катта эътибор қилиб келинган. Аслида бу хислатлар фазилатдир. Лекин фақатгина шундай ўйинчоқчилар билан чекланиш қизлар тафаккурини бир томонлама шакллантиришига кўмаклашади. Жажжи қизларни бўлажак олималар сифатида кўра билиш, уларни илм-фан, технология, математика, физика каби аниқ соҳаларга бўлган қизиқишларини ҳам қўллаб-қувватлаш, шунга мос ўйинчоқлар ишлаб чиқариш ва харид қилиш мақсадга мувофиқдир.

Муҳандислик ва технология институти томонидан Буюк Британия дўконларида сотилаётган биргина “Стем” фабрикаси томонидан ишлаб чиқарилган ўйинчоқлар ўрганилганда, қизлар учун ишлаб чиқарилган 10 та ўйинчоқдан 9 таси пушти эканлиги маълум бўлган. Ўғил болалар ўйинчоқларида эса бу нисбат 10 тадан биттага тўғри келади. Умуман, дўконларда турган 31 фоиз ўйинчоқлар ўғил болалар, 11 фоизи қизлар учун мўлжалланганлиги аниқланган.

“Жамиятда катталар онгида мавжуд бўлган қадимдан анъана бўлиб келаётган, яъни ўйинчоқларни жинсга ажратиш келажакда қизларнинг касб танлашига таъсир кўрсатади” дея огоҳлантиради Муҳандислик ва технология институти олимлари.

Шундай экан, қизалоқларимиз эртага олима бўлиб етишиши учун бугундан пойдевор қўйиб бориш зарур. Уларни илм-фан, технология, математика, астрономия каби аниқ соҳаларга бўлган қизиқишларини сунъий равишда сўндирмасдан, балки ўйинчоқлар орқали илҳом бериш лозим.

Ойдин Саъдуллаева

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.