Қайта қуриш дея номланган даврлар бошланиб, миллий қадриятларимизга эътибор кучайтирилган 80 йиллар эди. Наврўз айёмига бағишланган кўрсатувни Хоразмдан тайёрлаб келдим. Матнда миллий таомларни тилга олганимда гўмма сўзини ишлатдим.
Бир пайт қарасам бош муҳаррир уни чебуреки деб ўзгартириб қўйибди. Уни мен яна гўмма деб ўзгартирдим ва фикримни тушинтиришга ҳаракат қилдим. “Маҳаллий сўзлар нега адабий тилига кириб келиш керак экан” деди у. “Грузин чебурекиси кириб келса майли-ю Хоразмни гўмма сўзи кирса бўлмайдими? Гўмма сўзига адабий тилда мос маънодаги сўз, синоним бўлмаганидан кейин маҳаллийси ишлатилгани маъқул-ку” дедим. Гўмма сўзи таниқли ёзувчи Жуманиёз Шариповнинг “Хоразм” романларида ҳам ишлатилганлигини асос сифатида келтирдим. Иккаламиз баҳслашиб қолдик, ён бергим келмади.
Ўзбекистон телевидениесининг директори Тўлқин Алимовнинг( охирати обод бўлсин) ҳузурига кирдим. У киши раҳбар бўлиш билан бирга ижодкор, ҳикоянавис ёзувчи эди. Фикримни қўллаб қувватлади.
Шундан кейин ушбу сўз тилимизга кириб келди. У даврларда уч тийинлик перашкилар жуда машҳур эди. Уни гумма деб атай бошлашди. У ҳам тил қонуниятларига кўра ўзгаришларга учраб, гўмба деб атала бошлади. Ўз тилимизга хос сўз вужудга келди. Аслида бу таом икки хил бўлиб, фақат пишириш жараёни ўхшаш яъни ёғға кўмиб пиширилади. Номи ҳам шундан келиб чиққан. Гўмиб- гўмма.
Янги изоҳли луғатимизда айнан гўмма сўзи мавжуд: “Гўмма-шева. Ичига гўшт ёки баъзи сабзавотлар солиниб, ёғда пишириладиган самсанинг бир тури. Оллоқулибой кўк чойни ичиб, яна гўммани тушира кетди. Жуманиёз Шарипов, Хоразм”.
Дарҳақиқат, гўмманинг картошкали, қовоқли, кўкатли турлари ҳам мавжуд. Гўштли гўмма эса барчасининг султони.
Демак, ўзбек адабий тилида ўрни келганда шеваларни ҳам ишлатиш мумкин. Бу йўл билан ўзбек тили бойиб боради. Айниқса, миллий таомлар тилга олинганида, айнан ўзини ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист