Собиқ Совет иттифоқи даврида русча сўзлар шу даражада оғзаки тилимизга сингиб кетган эди-ки, унинг асл ўзбекчаcи эсдан ҳам чиқиб кетганди.
70-80 йилларда Ўзбекистон телевидениясида муҳаррир бўлиб ишлардим. Тошкент вилоятидаги “Дамачи” балиқчилик хўжалигидан ярим соатлик кўрсатув тайёрлаб келишди. Мен унга муҳаррирлик қилдим.
Матнда увулдироқ сўзи бир жойда балиқ тухумлари, яна бир жойда балиқ уруғлари яна бир жойда икра деб ишлатилган эди. Уларнинг баъзиларини увулдириқ сўзига алмаштириб чиқдим. Бундан ҳамкасбдошим хафа бўлди. Бош муҳаррир эса уни ёнини олди. «Нега энди хоразмча лаҳча ўзбек адабий тилига кириб келиши керак», дея эътироз билдирди.
– Фикрингиз тўғри. Бу сўз Хоразмда ҳалиям ишлатилади. Бувиларимиз балиқ тозалаётганимизда “балиқни ўтини ёриб юборма, увулдириқи аччиқ бўлиб қолади”, дея ўргатиб турарди. Аслида бу ўзбек тили яъни қадимий туркий сўз, – дея изоҳ бердим.
Ўшанда катта баҳслардан кейин икра сўзи увулдириқ сўзига алмаштирилди.
Ушбу мақолани ёзиш жараёнида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни очиб қарадим. Унга шундай изоҳ берилган экан: “УВУЛДИРИҚ балиқнинг ва бошқа баъзи сувда яшовчи жониворларнинг тухумчалари, уруғи, икра”. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (2006-2008 йил).
Ушбу фикрларимни айтишимга сабаб Ўзбекистон телевидениесида сухондонлар, кўрсатув бошловчилари ҳамон русча сўзларни ишлатиб юборишади. Яна инглизча сўз ва ишоралардан ҳам фойдаланишади.
Халқимизга маданият-маърифат тарқатаётган кишилар ҳар бир сўз- у жумласига эътиборли бўлиши лозимлигини эслатмоқчиман.
Айниқса, ёш журналистларнинг иш столида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бўлиши ва уни тез-тез очиб ўқиб туришларини тавсия қилардим. Зеро халқимиз «Она тилим- жону дилим» иборасини бежиз ишлатмайди. Зеро, ўзбек тили мавжуд экан, миллатимиз мавжуд!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист