Ўзбекистон байроғини спорт майдонларида кўтаришни орзу қилган бола ҳақида мулоҳаза

0
315
марта кўрилган.

Зафар уйга йўл олар экан,  мактабда кўрган ҳужжатли кино — жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон  байроғини ҳилпиратиб, ғурур билан гир айланаётган болалар кўз олдига келди. «Қани эди мен ҳам спорт майдонларида жавлон урсам, бунинг учун нимадан бошлашим керак экан-а. Уйга боргач холамдан сўрайман», дея кўнглидан ўтказди. Қатъий қарорга келганига ўзи ҳам хурсанд бўлиб тез-тез юриб кетди. Уйга келгач эшикни бир-икки марта қоқиб кўрди, қўнғироқни босди. Аммо ҳеч ким очмади. Кайфияти тушиб, орзулари ҳам саробга айланиб остонага ўтириб олди. Холаси бугун ҳам ишда ушланиб қолган чоғи. Акс ҳолда…

Уйнинг калитини ташлаб кетса бўларди-ку,-кўнглидан ўтказди у. Папкасини ерга қўйиб, совуққотган қўлларини чўнтагига тиқди. Орадан икки соатча ўтдики, холаси келавермади. Кўчанинг у ёғидан, бу ёғига юриб, кутди, тоқати тоқ бўлди. Бу пайтда қўшни болалар  кўчага қорбўрон ўйнагани чиқишганди. Бола ота-онаси билан яшаётган жўраларига ҳавас билан қаради.

 Кутавериб зериккан ва совуққотган болакай шоҳ кўчанинг бошида янги очилган «Интернет кафе», «Компьютер ўйинлари» деб ёзилган  эшик томон юзланди. Баҳонада исиниб оламан, дея ўйлади у. Чўнтагида кеча холаси берган- Россиядан ота-онаси жўнатган пуллардан бир талайи  бор эди…        

Ҳа, ҳамма нарса оддий эътиборсизликдан бошланади. Бир қараганда, нима қилибди, бола бироз кутганида холаси ҳам етиб келарди-ку, дейиш мумкин. Аммо ана шу бой берилаётган «икки соат» лар давомида унинг  руҳиятида нималар юз беришини, ҳаёлидан қандай фикрлар ўтишини, тенгдошлари иссиққина уйларига кириб, овқатланишаётган пайтда эшиги олдида дийдираб турган ҳолатини ўзингиз тасаввур этиб кўринг. Қолаверса,  ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ва мажбуриятлари қаерда қолди, деган ҳақли савол туғилганида янада хушёр бўлишимизга тўғри келади. Хола, амма, буви, амаки ва тоғалар ўз йўлига. Ота-онанинг ўрнини ҳеч ким босаолмайди. “Етти янга йиғилса, бир оначалик бўла олмас” деган халқ матали бежиз айтилмаган, ахир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидаёқ, юртимизнинг келажаги бўлган фарзандларимизга эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг ҳар томонлама ўниб-ўсиши, камол топиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, уларни яқиндан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида аҳамият берилган эди.

Ҳа, бизнинг ўзига хос шарқона миллий  анъаларимиз, қадриятларимиз мавжуд..Уни халқ мақоллари ҳам ифодалаб турибди. «Бир болага етти қўшни ота-она», «Қўшнинг тинч сен тинч», «Онасини кўр, қизини ол», «Катта арава қаердан юрса кичик арава ҳам шу ердан юради» каби ҳикматларимиз тагида олам-олам маъно ётибди. Фарзандга эътибор ана шундай беназир қадриятларимиздан бири. Ҳар бир фарзанд ўз ота-онаси бағрида тарбия кўриши, камол топиши учун ҳукуматимиз  оталарча қайғуриб келмоқда. Гоҳо одамларимиз орасида қўпол бўлсада, «Ит ҳам туғади, аммо у ўз боласини кўчага ташлаб кетмайди», «Нимани эксанг шуни ўрасан» деган эътирозли фикрларни эшитиб қоламиз. Бу гапларда жон борга ўхшайди…

Фарзандни дунёга келтириб, боғча ёшига етгач қариндошлари қўлига  ташлаб кетаётган ота-оналар ҳар дамда топилади. Улар бир йил эмас, нақ беш-ўн йил ана шу алфозда ўз болалари тақдирини ўзгалар ихтиёрига топширишади.

Қаровсиз қолиб, кўча таъсирида тарбия топган айрим болалар бугун интернетда турли беҳаё фильмлар томошабинига, дўстлари орасида «митти» ёвуз ва босқинчига айланиб қолмоқда. Жангари фильмлар ва турли ўйинлар эса бола руҳиятини ўз домига тортмоқда. Назоратсиз қолган болаларнинг  жам бўлиб пана-панада сигарета чекишлари  бугунга келиб одатий холга айланди. Ота-оналар, катталарнинг лоқайдлиги, бепарволиги оқибатида гўзаллик ўз ўрнини  жоҳилликка, эзгулик ўз  ўрнини ёвузликка,  раҳмдиллик ўз ўрнини шавқатсизликка бўшатиб  бермаяптими? Уларга бу «имкониятларни»  ўзимиз ўз қўлимиз билан яратиб бермаяпмизми?!

Тўғри, ҳар кимнинг фарзанди ўзига азиз. Ҳеч ким ўз фарзандини ёмонга чиқаргиси йўқ. Аммо ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Кўз қорачиғидек авайлаб-асраб вояга етказган боламизни бировлар хор қилишига, ёки изза этишларига сир-сира йўл қўймаймиз. Бироқ, аслида нималар бўляпти?

Хоразм вилоятида вояга етмаган болалар ўртасида жиноят  ва хуқуқбузарликларни келиб чикиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт- шароитларни таҳрир қилиб кўрайлик.

Вилоят ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими томонидан рўйхатга олинган жиноятларнинг аксарияти уйида қаровсиз, ота-она назоратидан четда қолган болалар томонидан содир қилинаётганлиги аниқланган. Фарзандга бу қадар эътиборсизлик қилинмаганида эҳтимол вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар содир этилиши ошмаган бўлармиди?!

Рақамларга эътибор берайлик, ўтган  йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган барча турдаги жиноятлар 13,1 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 19,2 фоизга  ўсган. Хусусан,  гиёҳвандлик жинояти 100 фоизга, номусга тегиш жинояти 50 фоизга, босқинчилик жинояти 100 фоизга, ўғирлик жинояти 17,6 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш жинояти 66,7 фоизга  ошганлигини кузатиш мумкин. 38 та жиноят 42 нафар вояга етмаганлар томонидан содир қилинган бўлиб, улардан  22,2 фоизини мактаб ўқувчилари, 63,1 фоизини коллеж ўқувчилари содир қилган. 

Вилоятимиз аҳолисининг 32, 7 фоизини вояга етмаган болалар ташкил этади. Тақдиримиз эртага аҳолининг қарийиб учдан бир қисмидан иборат бўлган инсонлар қўлида эканлигини  тасаввур этиб кўрсак, хавотиримиз ўринли эканлигини англаймиз.

Шунингдек, диний экстремистик оқим аъзолари, муқаддам судланганлар, оилавий жанжалкашлар, спиртли ичимликларга ружу қўйганлар оилаларида вояга етаётган  болалар 6807 нафарни ташкил этади. Хўш, ушбу тоифадаги носоғлом оилаларда  фарзандлар ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб улғаядилар, деб ким кафолат бераолади?! Бу муаммонинг  бир томони. Вояга етмаганлар томонидан содир қилинаётган  жиноятларни таҳлил қиладиган бўлсак, биз-катталар- янада хушёрроқ бўлишимиз лозим деган хулосага келамиз.

Яна бир статистик маълумотларга эътибор берайлик. Маълумотларга қараганда, болаларнинг «Меҳрибонлик уйларига келиб қолиши сабаблари қуйидагича таърифланади. Ота-онаси вафот этганлар 13 фоизни, ота-онаси руҳий касаллар 3 фоизни, ота-онаси борлар 22 фоизни, кам таъминланганлар 6 фоизни, ота-онаси ташлаб кетганлар 37 фоизни, қамоқдагилар 19 фоизни ташкил этар экан. Демак, ота-онаси томонидан ташлаб кетилаётган ҳамда ота-онаси бор болалар кўпчиликни ташкил этар экан. Хулоса чиқаришга ҳамиша улгурамиз, бироқ ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмас экан. Янада хушёрлик, янада огоҳлик давр талаби эканлигини  қайта-қайта таъкидлайверамиз. Аммо айрим масъулиятсиз ота-оналар ва катталарнинг айби билан болалар оила тарбиясидан четда қолиб, турли нопок йўлларга кириб кетаётганликларидан ёки жиноятчига айланиб қолаётганликларидан кўз юмиб бўлмайди.

 Тўғри, масъул ташкилотлар, ўқув муассасалари, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти. Режалар тузилиб, профилактик ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Бироқ соғлом оила муҳитида она-онанинг ролини  ҳеч ким бажараолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури”  ва  вилоят  ҳокимлигининг  бу юзадан тасдиқланган  “Хоразм вилоятида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури”  талабларидан келиб чиққан ҳолда вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш  борасида ички ишлар идоралари томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.  Вилоят ички ишлар идораларининг саъий ҳаракатлари билан  ушбу Дастур ижроси бўйича маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва ёшлар фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларда масъуллар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва тамаки чекишга қарши қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари ва спорт соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Ҳар йили Урганч туманидаги “Шодлик” болалар оромгоҳида вилоят ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг мавсумий дам олишлари ташкил этилиб, улар билан турли тарбиявий, маданий-маърифий  ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишларини ҳамда уларнинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтларида бўлишларини олдини олишга қаратилган тадбирлар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигидаги мониторинг гуруҳлари томонидан 188 маротаба қўшма рейдлар ўтказилди. Ушбу рейдлар давомида тунги пайтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз кўнгил очиш масканларида юрган 36 нафар, ҳуқуқбузарлик содир қилган  470 нафар ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилган 74 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, қонуний чоралар кўрилган.

Вояга етмаганларни тунги пайтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз кўнгилочар масканларга киритган 23 нафар масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1882-моддаси тартибида  қонуний чоралар кўрилган.

Шунингдек, фарзандларини ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракат, яъни тиламчилик қилишга ундаган Боғот туманида яшовчи 2 нафар ота-она Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 188-моддаси тартибида жавобгарликка тортилган бўлса, фарзандларини маъмурий ҳуқуқбузарлик  содир қилишга, яъни ёнилғи мойлаш маҳсулотларини сотишга ундаган  Урганч шаҳрида яшовчи 2 нафар ота-она Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1881-моддаси тартибида маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Янгибозор ва Қўшкупир туманларида порнографик мазмундаги материалларни тарқатиш билан шуғулланган 2 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг  189-моддаси тартибида жавобгарликка тортилган бўлса, Урганч шаҳрида порнографик  нарсаларни тайёрлаш  ёки тарқатиш  билан шуғулланган бир нафар шахс  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 130-моддаси тартибида жиноий жавобгарликка тортилганлар.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган вояга етмаганлар ва фарзандларига таълим тарбия бериш мажбуриятини лозим даражада бажармаган ота-оналарга нисбатан маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга 872 та ҳужжатлар юборилган. Комиссиялар қарорларига асосан 415  нафар вояга етмаганлар ва 208 нафар ота-оналар янгидан ички ишлар идораларига профилактик ҳисобга олинганлар. Шунингдек, 19 нафар вояга етмаганлар махсус ўқув тарбия муассасаларига юборилган, 9 нафар ота-оналар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар.

Бу каби рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин.  Фарзандининг  тарбияси билан тўлиқ шуғулланмаган, болани ўз ҳолига ташлаб ёҳуд бировнинг тарбиясига бериб қўйган ота-оналар эртага ўз мажбуриятларини бажармаганликлари учун афсусланиб қолмайдиларми? Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдидаги ва аксинча ҳар бир фарзанднинг ота-онаси олдидаги муқаддас бурчи ва мажбуриятлари бор. Конституциямизда ана шу  ҳуқуқий муносабатларга  қадриятларимиз нуқтаи назаридан юксак баҳо берилган. Конституциямизнинг XIV- боби «Оила»  бўлими 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар» дейилса,  шу бобнинг 66-моддасида «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» дея белгилаб берилган.

Муқаддас ҳадиси шарифларида «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-аҳлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир» дейилган. Фарзанд Оллоҳ томонидан инсонга ҳадя қилинган  улуғ неъмат ҳамда омонотдир. Омонотга хиёнат қилиб бўлмаганидек, фарзандлар олдидаги  бурчимизни виждонан адо этмаслик адолатсизликдир. Чунки бола тақдири- бизнинг тақдиримиз.Улар мамлакатимизнинг келажагини бунёд этувчилардир. Шунинг учун фарзандларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик, ҳурматли ота-оналар.

               Дилбар БЕКЧАНОВА,

                        журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.