Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  юртимизнинг бугуни ва келажаги кўзгуси!

0
65
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХI сессиясида  1992 йили Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  юртимизнинг бугуни ва келажаги кўзгуси бўлиб, унда халқимизнинг иродаси, адолатли жамият барпо этишдаги интилишлари, эзгу-истаклари мужассамлашган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига конституция куни муносабати билан йўллаган табригида шундай дейди: “Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик… Дунё миқёсида “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда”.

Мамлакатимиз етакчисининг ушбу фикрлари ҳақиқат! Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган асосий Қобусномадир. Бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз – буюк ҳаёт қомусимиз турибди. Конституциямиз суверен давлатимизнинг қонунчилик-ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори ва мустақил миллий давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди. У инсон манфаатлари учун хизмат қилаётган олий ҳужжат вазифасини бажармоқда. Асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиргани туфайли уни давлатимиз рамзи десак ҳам бўлаверади.

Шунингдек, Конституциямизда белгиланган давлатимиз рамзлари ҳам мавжуд. Унинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари  – байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.

Нега шундай деймиз?! Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратди.  Шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилди. Бош қонунимиз давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагини таъминлашда асосий бош ҳуқуқий ҳужжат сифатида халқнинг дилини, йўлини ёритди!

Бош қонунимизнинг ўзига хос хусусиятларидан бири  халқимизнинг бой тарихий тажрибасини ўзида мужассамлаштирганлигидир. Ушбу  йилда Ўзбекистон Конститутцияси умумхалқ референдуми асосида қайта қабул қилинди. Чунки, муайян вақт ўтиши билан ҳар қандай қонун ҳужжатларини замон билан ҳамнафас тарзда жамиятнинг турмуш тарзига мослаштириш зарурий эҳтиёжга айланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида ҳам ушбу жараёнлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститутцияси  умумхалқ мухокамасига тавсия этилди.

 Янги таҳрирдаги Конституция учун киритилган ўзгариш ва янгиликлар юзасидан халқимизнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Фуқароларимизнинг таклиф — тавсиялари инобатга олинди. Шунинг билан бирга, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам мутахассислар эътиборидан четда қолмади.

Мамлакатимизнинг Бош қомусини янги таҳрирда жамият ҳаётига татбиқ этиш фуқароларимизнинг фаровон турмуш тарзига хизмат қилмоқда.

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишлаб турли хил тадбирлар ўтказилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, олий ўқув юртларида миллий ғурурни юксалтириш мақсадида турли тадбирлар уюштирилмоқда. Бош қомусимизга бағишланган иншолар, расмлар, фотолар танлови ташкил этилмоқда. Масалан, Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими  ва АОКАнинг Хоразм вилоят бўлими ҳамкорлигида Урганч шаҳар 24-сон ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим  мактаби ўқувчилари ўртасида “Конституция ёш мусаввирлар наздида” мавзуида  кўрик- танлов ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси молиявий кўмаги билан бир гуруҳ фахрий журналистларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Ана шундай маънавий -маърифий тадбирлар зарурат эканлигини GUJUM.UZ сайти саҳифаларига қараганимда ҳам ҳис қиламан. Сайтимиз 2017 йили  ташкил этилган бўлса,  у пайтларда кирилл ва лотин алифбосидаги саҳифаларимизга кирувчиларни алоҳида-алоҳида ҳисобини олардик.  Лотин алифбосидаги саҳифаларимизга криллдаги саҳифаларимизга нисбатан кўп ўқувчи кирар эди.  Айниқса, «Ўзбекистон – алломалар юрти», Ўзбекистон Конституцияси, Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон мадҳияси, Наврўз байрами каби мавзулардаги мақолаларга кўплаб муштарийларнинг киришини кузатар эдим. Сўзсиз улар ёшлар, чунки улар лотин алифбосида ўқишади, турли танловларда, тадбирларда қатнашишади, интернетдан манба сифатида фойдаланишади.

Улуғвор байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги барчамизга қутлуғ бўлсин! Юртимиз янада гуллаб-гуркираб яшнайверсин! Ватан келажаги бўлган фарзандларимиз илдизи бақувват  дарахтдек ўсиб улғайсин ва Ватанимизнинг юкини ўз елкасига  юклай оладиган муносиб фарзандлар бўлиб улғайишсин.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.