Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеъри: БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ

0
7275
марта кўрилган.
Мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, хотин-қизларимизнинг оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасидаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик, фан-техника, инновация, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда алоҳида ташаббус кўрсатиб, самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёлларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
 
 Халқаро хотин қизлар байрами тантанасидаги нутқида мамлакатимиз Президенти шундай деб таъкидлади: Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун хотин-қизларимиздан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида ўзининг ноёб истеъдоди билан Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этган атоқли олимларимиз, шоир ва адибларимизнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам борлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Уларнинг кўпчилиги бугунги даврамизда иштирок этмоқдалар. 

Ҳақиқатан ҳам, ўзининг илмий ва адабий мактабини яратган улкан олим ва ижодкорнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Буни билган билади, билмаганлар билиб қўйса, фақат фойда бўлади. 

Мана шундай меҳрибон, оқила, зукко опа-сингилларимиз ўз умр йўлдошлари – машҳур илм-фан ва адабиёт намояндаларини доимо қўллаб-қувватлаб, уларга илҳом бағишлаб келганлари, маънавий таянч бўлиб, фидойилик намунасини кўрсатганлари ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқдир” .

Улар сафида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси,  Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди раҳбари Салямова Назира «Фидокорона хизматлари учун» орденини олишга муяссар бўлди.
 
 
Майли-да, кимгадир
Ёқса, ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хохласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…
 
Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени, ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат, йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг — онанг сени
Чиройли туққан!..
 
Менга бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг соҳилларидан.
Ўзинг айт, сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун –
Кокилларидан?..
 
Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил, яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.
 
Мен эса ошиғинг
Сенинг — энг ғариб.
Тундан сўз қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.
 
Иста, тиз чўкаман
Ҳозир олдингда,
Севдим, севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..
 
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.