ҚАДР КЕЧАСИ-Қуръон нозил бўла бошлаган кечада азизлар, тоқатингиз етганича зикрлар қилинг. Қуръон тиловати билан банд бўлинг. Ўзингиз, оилангиз, юртингиз ва барча уммат учун хайрли дуоларингизнинг ижобатини сўранг. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор беринг.
АЛЛОҲИМ! Ҳаётимизни ўзинг яратган гўзал гуллардек безагин, дилларимизни нурафшон айлагин. Ёстиғим жойнамоз, уйқум намоз, ҳар нафасим зикр бўлсин!
АЛЛОҲИМ! Ҳар нафасда тилимни зикрдан, қалбимни шукрдан ва ақлимни фикрдан айирма.
АЛЛОҲИМ! Бошимдан оёғим ва қўлим бармоғи учига қадар, ёшлигимдан бугунимга қадар, ҳаётимдан мамотимга қадар барча гуноҳларим учун тавба қилдим!
АЛЛОҲИМ! Ўлим ҳақдир, Азроил алайҳис саломни менга табассум ила юзлантир! Кўзим нурини, ақлим шуурини, қўл ва оёғим кучини, бутун вужудим қувватини олиб қўйма.
АЛЛОҲИМ! Назарим ибодат, сукутим тафаккур, сўзларим зикр бўлсин! Бизни ўз нафсимизга ташлаб қўйма.
АЛЛОҲИМ! Онадан туғилгандек пок ҳолда Сенга юзланишимиз учун Ўзингга илтижо қиламиз. Бизларни солиҳ қулларингдан айла! Амал дафтаримизда савоби тўхтамайдиган амаллардан ёзилишини насиб эт! Жаннатингга дахл айла. Ўзинг кўмак бер!
АЛЛОҲИМ! Оиламга ёмонлик истаганларга Ўзинг кифоя қил! Пасткаш, номардлардан бизни узоқ тут!
АЛЛОҲИМ! Гуноҳлари авф этилган сиддиқлардан бўлишимизни насиб эт! Бизни сиддиқларнинг суҳбатига, зикр халқаларига восил айла!
АЛЛОҲИМ! Ота-онамни Ўзинг авф эт! Устозларимни раҳматингга ноил айла! Қабрда юзимни қаро қилиб қўйма.
АЛЛОҲИМ! Бу дунёда ичганимиз зам-зам, у дунёда эса кавсар бўлсин! Бу дунёда юрган йўлимиз ҳидоят, у дунёда эса сирот бўлсин! Бу дунёдан олганимиз гўзал ахлоқ, у дунёда эса бароат бўлсин! Бу дунёда кирган еримиз Маккаю Мадина, у дунёда эса жаннату Аъло бўлсин! Бу дунёда зиёратларимиз Байтуллоҳ, равзаи мутоҳҳара, Қуддусу Шариф, Арофат, Мино ва Муздалифа, у дунёда эса Пайғамбарлар мажлиси бўлсин! Бу дунёда назаримиз Каломинг, у дунёда эса Жамолинг бўлсин! Икки дунёда тақво, солиҳ амал ва гўзал ахлоқ ҳамроҳимиз бўлсин!
АЛЛОҲИМ! Зурриёдларимиз ушбу дунёда кўзимизни қувонтирсин, охиратда эса иззат тожи кийдирсин!
АЛЛОҲИМ! Дастурхонимиз илм, суҳбатдошимиз олимлар бўлсин!
АЛЛОҲИМ! Бу дунёда дўстларимиз ҳақ аҳли ва ғариб-мискинлар, у дунёда эса Пайғамбарлар жамоаси бўлсин!
АЛЛОҲИМ! Дунёда иззат билан яшашни, вафотда шаҳодат билан кетишни, қайта тирилишда ҳисобсиз жаннатга киришимизни насиб айла.
АЛЛОҲИМ! Уммати Муҳаммад насиб этганига, иззатлаганингга шукроналар бўлсин!
АЛЛОҲИМ! Дунёни кезиб юрган пандемиянинг ёмонлигидан бизни, оиламиз аҳлини асра, бу балодан бизни, юртимизни, халқимизни, уммати Муҳаммаднинг барчасини, жамики инсониятни ўзинг асрагин ва дунёмиздан йироқлатгин.
Ер-у кўкни яратган фотир ўзингсан. Ер юзига Одам Атомизни сарвар қилиб яратган Қодиру мутлоқ Ўзингсан АЛЛОҲИМ!
Ўзингга суянамиз, ўзингга таянамиз, фақат Ўзингдангина мадад кутамиз! АМИН! АМИН! АМИН!
GUJUM.UZ