ҚАЙНОНАМ САБОҚЛАРИ: ҲАР СЎЗИ ҲИКМАТ ЭДИ…

0
697
марта кўрилган.

Инсон барча нарсани унитса ҳам янги ҳаётга, оила остонасига, келинчаклик оламига ташлаган дастлабки қадамларини ҳеч унитмайди. Ана шу одимларимни эслаганимда ҳамиша шукрона айтаман.

Катта хонадонга бош келин бўлиб тушдим. Қайнонам тўққиз нафар фарзанд кўриб вояга етказган, мулоҳазали, оғир-босиқ аёл эди. Тонг саҳарда кўча, ҳовлини супуриб бўлгунимча қайнисингилларим нонушта тайёрлашарди. Бир куни қўлимни ювиб энди қаторга қўшилиб ўтирсам, онажоним (қайнонам дейишга тилим бормайди) имо қилиб, мени четга чақирди.

–   Қизим, бу ҳовли-эшик менгача, сиз келгунча ҳам супириб-сидирилган. Укаларингиз, сингилларингизнинг кўзи сизда. Ҳеч қаерда ёш келин-куёвни ҳаётга тайёрлайдиган мактаб йўқ. Улар учун биринчи ибрат бўласиз. Янги келинчаксиз, қора гулли кўйлак кийганингиз яхшимас. Ёш келинчакка ярашмайди.  Сепингиздаги энг чиройли кийимларингизни тепиб-тепиб кийинг. Дастурхон бошида чиройли либосларингизни кийиб ўтирсангиз, ҳаммамизнинг баҳри-дилимиз очилади. Уй юмушини ҳеч ким тугатолмайди. Келинчаклик даврингиз эса ғанимат. Пардоз-андоз қилишга эринманг. Фарзандлик бўлгач, кўп нарсага улгурмай қоласиз. “Қуш инида кўрганини қилади”, –деган нақл бежизмас. Мен ўқимаган, бир оми аёлман. Болаларимни ҳаётга тайёрлашда сиз менга кўмакчи бўлишингиз керак. Ҳар сўзингиз, кийиниш-юриш туришингиз – бир мактаб экани эсингиздан чиқмасин, – деди. Шундан кейин оилада ўзимни эркинроқ тута бошладим. Меҳмондай қимтиниб эмас, энг фаол мезбонга айланишга ҳаракат қилдим.

Уйимизга жуда кўп меҳмон келарди. Водийликлар удумига кўра, дастурхон ёзишдан олдин қўлга сув қуйилади. Чилопчин билан обдаста қайнонамнинг уйида елим халта билан ўраб қўйилар эди. Бир гал олиб чиқиб келган меҳмонларнинг қўлига сув тутдим. Уларни кузатгач, офтобга қўйиб қуритилган ўша анжомларни ўз жойига қўйишим талаб этилди. Бу ҳолат менга унча хуш келмаётганини юз-кўзимдан сезган онам менга уқтира бошлади:

 – Болам, қайнонам бунча инжиқ экан, деб дилингиз хижил бўлмасин. Бирорта сандиқ ёки жавонимда қулф йўқ. Болаларимдан бошқа ҳеч нарсанинг ҳисобини билмайман. Аммо, тўртта нарсага ҳушёр бўлишингизни талаб қиламан. Дастурхон солишдан олдин меҳмоннинг кўзи тушадиган биринчи нарса – шу чилопчин бўлади. Баъзи хонадонларга меҳмонга борсангиз, кирланиб қорайиб кетган идишга қўл ювасиз. Кўнглингиз ғашланиб, таъбингиз хира тортади. Бир бош қўйни пишириб дастурхонга тортган бўлса ҳам, ўша уйда таом емайман. Чойнакнинг жўмраги кирланган бўлса, чой ичган пиёладан қаймоқ ё тухум иси келиб турса таъбим тортмайди. Меҳмонга кийиладиган оёқ кийим чиройли, покиза бўлишини хуш кўраман. Бир маросимга боришдан олдин қизларим кавуш-маҳсимни чиннидай қилиб артиб тозалаб қўяди. Чунки, мезбон ҳар остона хатлаганда меҳмоннинг оёқ кийимига кўзи тушади. Қўли билан ушлаб четга олади. Кўча супураётган пайтингиз олисдан одамнинг қораси кўринса ўзингизни четга олинг. Тўйга отланган одамларнинг юз-кўзини чангга буркаб, кўнглига озор берманг. Ўғлимнинг ҳурматини қилсангиз укалари ҳам қадр қилишни сиздан ўрганади.

 Айтганларини қилдим. Меҳмоннинг оёқ кийими йўлда ғуборланган бўлса, ювиб, артиб қўйишни ўргандим, болаларимга ҳам шуни ўргатдим.

– Мени айтганим бошқа, сиздан кўргани “парактика” бўлади-да, болам, – деганлари рост экан. Қайнисингилларим ҳам тушган жойларида тиниб-тинчиб кетишди. Энди хотира сандиғимни титкилаб кўрсам, онамизнинг ҳар бир гапи, ҳар ишининг ўзи бир маънавият дарси экан.

– Мен момоқайнонанинг қўлига келин бўлиб тушганман. Энам юролмай бир жойда ўтирардилар. Хизматини қилганим учун кўп дуо олганман. “Тупроқ олсанг – олтин бўлсин болам. Бошқоронғилик пайтингда кўнглинг нима тусаса, энамга эримга, боламга деб илиниб ўтирма. Бу нозик палла саноқли кунларда ўтиб кетади. Юрагингнинг остидагини эҳтиёт қилсанг, ҳеч нарсадан сиқилмасанг, шу бир донагина сағиримнинг аторофи тўла паҳлавон бўлади”, – дея елкамни силаб қўярдилар. Бу қайтар дунё мендан сизга, сиздан келинингизга қайтаверади, деб ўз тарихидан ҳам гапириб қўярдилар.

Рўзғоримиз тўкис, еб-ичиш, кийишдан ҳеч камимиз бўлмаса-да, ҳаммамиз тенг меҳнат қилардик. Ипак қурти боқардик, гўдакларимизни онамизга қолдириб, ғўза чопиққа чиқиб кетардик. Маҳалла қизларининг сарпосини тикиб ўтирсам беминнатим таом пишириб егани чақирарди. Сингилларим ҳам мендан чеварчилик сирларини ўрганди. “Оила – катта салтанат, эрнинг вазири– аёл, ижрочи сизлар-да, болам”,– деб, бизларни эркалатиб қўярдилар. Китоб ўқишга вақт топинг, болам. Шоир қизни келин қилдим, деб қувонганман. Чарчасангиз, рўзғор юки оғирлик қилганда ота-онангизга бориб дард айтманг, менга айтинг. Сиз энди бизнинг боламизсиз, дердилар!

Қайнотамнинг ишдан қайтишига алоҳида тайёргарлик кўрардик. Ҳовлилар супурилиб, сувлар сепиларди. Ўзи учун ажратилган кўрпача ёзиларди. Онам қаерга тўй-маъракага борсалар ҳам, дадам ишдан келганларида уйда бўлардилар. Ҳовлимиз жаннатнинг ўзи эди. Уларнинг бирор марта дадамга гап қайтарганини, ёки буюрган ишларини малол олганини эшитмаганман. Бир куни қайнотамдан ноҳақдан койиш эшитган онамга раҳмим келиб: “Мен бундай иш қилганим йўқ, десангиз бўлмайдими, онажон, индамай кетаверасизми?”,-десам: “Рўзғор тарозисида бири баланд келса, бири паст келиши керак. Агар эр-хотин тенг келаман деб, аравани икки тарафга тортса, оила бут бўлармиди. Бири қаҳр қилганда, бири меҳр билан қараса ўртадаги илоҳий ришта мустаҳкам бўлади. Дадангиз ҳам бироздан сўнг ўзи хато қилганини англаб, мулзам бўлади”,- дедилар.

Қишин-ёзин қошидан ўсма узилмайдиган онамиз ҳаммамизга ўсма қўйдирарди: “Бу дунёга ҳаммамиз меҳмонмиз. Меҳмонга бораётган одам покиза, чиройли бўлиб боради. Уйда худди меҳмондай ораста бўлинглар. Токи эрларингиз менинг хотиним оламда энг саришта, гўзал аёл, деб қувониб юрсин,” — дерди. Бир даста садарайҳон солинган гулдон доим хонтахта устида турарди. Тўнғич фарзандим дунёга келган куни, тонг саҳарда ҳамшира бир қучоқ гул билан хонамга кириб келди: Гулдасталар билан қайнонангиз келди. Бизга аталган гуллар ҳам бор экан, деб кулиб қўлимга шишачада сиқилган ўсма ҳам тутқазди. Севиниб кўзларимга ёш келди. Шу биргина меҳр билан барча тортган азобларим ёдимдан чиқиб, дилим ёришди. Бола билан ўралашиб, уй юмушига ортмай қолсам, онажоним: “Битта болага шунча абгор бўлсангиз, кейин нима бўлади”, – деб койиб берарди. Бир куни қўшиқ хиргойи қилиб бешик тебратиб ўтирганимни кўриб, қизим, алла айтинг, қўшиқ бошқа, алла бошқа. Она сути болага озиқ бўлса, алла унинг кўнглини тарбия қилади, дегандилар.

Энди  ўзим келин тушириб қайнона бўлганимда, ўша кунлар бир-бир кўз олдимдан ўтади. Қайнонам кенг феълли аёл бўлгани учун мен яхши келин бўлдим. Оилам мустаҳкам бўлди. Уч нафар фарзанд кўрдик. Тўнғичимиз эл хизматига елка тутди. Қизларим ойдек келин бўлди, тушган хонадонида дуо олиб хизматини қилишяпти. Гоҳида мен қандай қайнона эканман? — деб ўйлаб қоламан. Келинимга сабоқ бўлгувчи қандай хислатим бор? Сал нарсага жизғанак бўлиб, бировнинг боласини рангини сарғайтириб қўймасмиканман, деб ўйланаман. Бироқ, лаҳза ўтмай, қалбимга муҳрланган онажоним сабоқлари бор-ку, нима ғамим бор, дея шукрона қиламан.

Набирамизнинг исмини Оминахон деб, атадик. Қош-кўзи, қарашлари, табиатидаги майинлик ҳам худди онамизга ўхшайди. “Онажон” деб эркалаймиз. Ҳаёт давом этади. Яхшидан боғ қолади, деган ибора замирида катта маъно бор экан. Улкан дарахтлар илдизидан унган ниҳолларимиз бўйига қараб қувониб яшашлик бахти ҳаммамизга насиб этсин.

Мунаввара УСМОНОВА, шоира

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.