Қисаси ар рабғузий: Авж ибн Унуқ қиссаси

0
1316
марта кўрилган.

Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг машҳур асари Мустақиллик шарофати билан тарихимизга қайта кириб келди. Собиқ советлар даврида ҳаёти ва ижоди ўрганилиши тақиқланган алломанинг ушбу машҳур асаридан намуналар 9 синф дарслигидан жой олди. “Қисаси Рабғузий” асари ўзбек насрий адабиётининг биринчи йирик намунасидир.

Мустақилликдан кейин мактаб дарсликларга киритилган, эл орасида қадимдан машҳур бўлган бу асар “Пайғамбарлар қиссаси” ёки “Авлиёлар қиссаси” деб ҳам юритилади. Зеро, асарда Одам Атодан бошланиб, Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарлар ҳақида зикр этилади. Китобда афсонавий пайғамбарлар билан бирга пайғамбарлаштирилган шахсларга (Довуд, Сулаймон, Искандар Зулқарнайн) ҳам катта ўрин берилган.

Асар муқаддимасида айтилишича, қўлёзма Хоразмда Работўғуз деган жойнинг қозиси Бурҳонуддин ўғли Носируддин томонидан мусулмон динини қабул қилган, эътиборли мўғул бекларидан ҳисобланган Носируддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра, ҳижрий 709 (милодий 1309-1310) йилда ёзилган Носируддин Рабғузий асарни деярли бир йиллик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳижрий 710 йилнинг ҳут (мелодий 1310 йил 21 февраль-21март) ойида ниҳоясига етказади. Бу ҳақида қўлёзманинг сўзбошисида (Рабғўзийнинг ўзи томонидан) кенг қамровли шарҳ берилган.

Мустақиллигимиз шарофати ва бир гуруҳ олимларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан китоб жавонларимиздан ўрин олган Носируддин Бурхонуддин Рабғузийнинг (охирати обод бўлсин) қиссаси Рабғузий асари XIV асрнинг бошида яратилган бўлсада ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шарқона фалсафамизга, миллий қадриятларимизга ҳамоханг асар ўз гўзаллиги билан дилларни равшанлаштиради. Шунинг учун бу қўлёзмадан ҳар бир китобхон, жумладан мактаб ўқувчилари ҳам баҳраманд бўлишини истадик. Уни янада соддалаштиришга, ҳозирги ўзбек тилимизга мослаштиришга ҳаракат қилдик.

Қадимий туркий тилда ёзилган икки жилдли ушбу дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.

Бебаҳо асарнинг навбатдаги қисмида  Авж ибн Унуқ қиссаси билан таништирамиз. 

Авж ибн Унуқ қиссаси. Унуқ Одам Атонинг қизи бўлиб, Авж унинг ўғли эди. Тўфонда у ҳалок бўлмади. Чунки, сув унинг тиззасидан келарди. Тоғлар устида ўтириб, қўлини сувга тиқиб балиқларни ушлар ва уларни офтобга тутиб пишириб ерди. Жуда ҳамиятли, тўғри сўз ва садоқатли эди. У умри давомида ёши катта бир хотин олди, яна  ёш, гўзал бир қизга ҳам уйланди. У ёш қиз билан яшаш учун одам бормас бир чеккада баланд тоғ устида шинамгина уй қурди.

Авж иш билан кетганида  қиз зерикиб тоғнинг этагига келди. Бир йигитга кўзи тушди. Шайтоннинг васвасасига учради. Эрига берган ваъдасини унитди. Улар бир-бирига ошиқ бўлишди. Эри иш билан кетганида суҳбатлашиб юришди. Аммо, қовушмоққа ҳийла топмадилар. Йигит бир кампирга дардини айтди. Шайтон васвасасига илинган маккор кампир унга ўргатди: «Ўзинг сиғадиган бир сандиқ ясатгин ва унга кир». У шундай қилди. Сандиқнинг ёнида кампир Авжни пойлаб ўтирди. У ўтиб кетаётганида деди: ”Ўғлим, сандиқда бировнинг омонати бор. Бироқ, уни фақат сенга ишонаман. Уйингда турсин”.  Авж омонатни уйининг ёнида қўйди.

Авж яна иш билан кетганида, хотини сандиқнинг қулфини очди. Йигитни чиқарди. Бир неча кун бирга бўлишди. Авж келганида, тупурилган жойни кўрди. Кўнглига шубҳа тушди. Хотинини туфуртириб кўрди. Ўхшамади. Тўғрисини айтишни талаб қилди. Қиз ҳақиқатни гапирди. Авж уларнинг иккаласини сандиққа жойлаб, жазолади. Сўнгра кампирни излаб кетди. Уни ерга отиб юборди. Тепасига ёзилди. Кампир нажосат остида қолиб ўлди.

Ривоятларда айтилишича, Авж бирор элдан ўпкаласа, шаҳарчанинг бир томонига бир оёғини иккинчи томонига бир оёғини қўйиб ёзилар ва шаҳарчани ахлатига ботириб ҳалок қиларди.

Яна бир ривоятда айтилишича Авж Мусо пайғамбар давригача яшаган экан. Мусонинг қўшини тўрт ёғоч ерни тутиб турарди. Уларни ўлдириш Авжга ҳеч нарса эмасди. У битта тоғни қўпориб қўшин устидан ташлаб юбормоқчи бўлганида, Мавло таоло ҳудҳуд қушга илҳом берди. Авжнинг бошида турган тоғни тилди. Тоғ унинг бўйнига халқа бўлди.

Ундан кейин Мусога ёрлиқ бўлди, ургил дейилди. Мусо билан жанг қила олмади. Мусонинг бўйи ўн икки қари эди. Яна қўлида ҳассаси бор эди. У яна ўн икки қари сакради. Таёқи Авжнинг тиззасига тегди. Авж ерга йиқилди. Мусо қавми уни янчиб ташлади. Бир оёғини олдилар. Узунлиги тўрт ёғочлик эди. Айтишларича, уни денгизга кўприк қилдилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.