Қисаси ар-Рабғузий: Қобул ва Ҳобил қиссаси

0
21194
марта кўрилган.

Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган. Унда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилддан иборат  ушбу бебаҳо дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.

Дурдона асарнинг навбатдаги қисмида Одам Ато ва Момо Ҳавонинг дилбандлари Қобул ва Ҳобил ҳақида ҳикоя қилинади.

 Қобул ва Ҳобил қиссаси. ҲАДИС: Қариндошларга силаи раҳм қилиш, хуш-хулқлик ва яхши қўшничилик-юртни обод ва инсон умрини зиёда этади.

Қуръони Каримда шундай дейилади: Сен уларга Одамнинг икки ўғли воқеасини ҳақиқат қилиб ўқиб эшиттиргин, вақтики, улар ҳар икковлари қурбонлик қилдилар, уларнинг фақат битталарининг қурбонлиги қабул қилинди.

Одам Ато билан Момо Ҳаво иккаласи қўша-қўша фарзанд кўрдиларким уларнинг авлоди қирқ минг элга етди. Қачон Қобил туғилса у билан бирга Иқлима отли ғоят гўзал қиз туғилди. Икки йилдан кейин Ҳобил туғилди. У билан туғилган қиз Абудо эса ғоят кўрксиз эди.

Одам Ато ўз анъанасига кўра Қобил билан туғилган қизини Ҳобилга, Ҳобил билан туғилган қизни Қобилга бермоқчи бўлди. Бироқ, Қобил унамади. У ўзи билан туғилган қизни сўради. Одам Ато шариат кўтармайди, деса, у менга қариндош бўлса, бу ҳам қариндош деб талашди. Одам Ато уларга қурбонлик қилишни буюрди. Кимнинг қурбонлиги қабул бўлса, кўркам қиз Иқлимани олишини айтди. Ҳобил семиз қўй келтириб оёғини боғлади. Қурбонлик қилинадиган ерга жойлаштирди. Самодан олов келиб, қўйни куйдирди. Қобилнинг қўйини куйдирмади.

Иблис Қобилга деди: Ҳобилнинг қурбонлиги Одам Ато шуни хоҳлагани учун қабул бўлди. Чунки, уни ер юзига ўзидан кейин халифа қилмоқчи.

Қобилнинг алами келди, шайтон васвасасига илинди: Ҳобилни ўлдираман, халифалик ҳам, қиз ҳам ўшанда ўзимга қолади, дея ўйлади. Бироқ, уни қандай ўлдиришни билмас эди. Бир куни дашту биёбонда Иблисни кўрди. У бир қушни тутиб, катта тош тагига жойлади. Устидан катта харсанг билан уриб янчди. Қобил уни кузатиб, Ҳобилни ана шундай ўлдиришни режалаштирди. Ҳобил қумликда дам олиб ётганида тош билан уриб ўлдирди. Қон тўкмак, одам ўлдирмак одамзотга Қобилдан мерос қолди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ал-Мустафо алайҳис-салом шундай дейдилар: “Кимки, бир яхши одатни чиқарса, унга ўша одатнинг савоби бўлур. Кимки, ёмон одат чиқарса,унга ўша одатнинг гуноҳи қолур ва шунингдек, то қиёмат кунига қадар ўша ёмон одатга амал қилганларнинг ҳам гуноҳи ўша одамга бўлур”.

Қобил Ҳобилни ўлдирганида у йигирма ёшда эди. Қобил Ҳобилни бир қопга тиқиб орқалаб юрарди. Нима қилишни билмасди. Тангри икки қарғани юборди. Улар уришдилар. Бири-иккинчисини ўлдирди, сўнгра тумшуғи билан ерни ковлаб уни кўмди. Қобил уни кузатиб, ўзининг хаёлига шу иш келмаганига ачинди. Бироқ, қариндошини ўлдириб қўйганига афсусланмади, қарғачалик ақлим йўқ экан, деб ўкинди.

Тангри уч ҳолдан Муҳаммад Мустафо алайҳиссаломга хабар берди: Биз Бани Исроилга шуни ҳукм қилиб ёзиб бердики, кимики бирор одамни ўлдирмаган ёки бирор фасот иш қилмаган бир тирик жонни ўлдирса, у гўё тамом одамларни ўлдирган бўлур ва кимки бир жонни ўлимдан сақлаб қолса, у гўё ҳамма одамларни ўлимдан сақлаб қолган бўлар.

Уламолар айтмишлар: Қобилнинг ўкинчи Ҳобилни ўлдирганлигида эмас эди, аксинча қарғачалик ақли йўқлигига эди. Ўлдирганига ўкинса кофир бўлмасди. Одам Ато Ҳажга бориш олдиндан Ҳобилни кўкка топширди. Мен келгунимча сақлагил деб, у қабул қилмади. Еру тоғларга илтижо қилди. Улар қабул қилишмади. Қобил омонатга хиёнат қилди. Ҳобил ўлдирилганида туну кун ер табранди. Ҳобилнинг қони ерга сув синггандай сингди. Одам Ато Ҳаждан қайтганида, барча қавми қаршилагани чиқдилар. Улар орасида Ҳобилни кўрмади. Сўради. Қобил айтди: “Ҳобилнинг қўйлари мени яйловимга кириб қоляпти. Шунинг учун келолмас”.

Одам Ато айтди: “Сен бундоқ дерсан, бироқ, Ҳобилнинг қони ер тагида инграяпти. Қобил айтди: “Қани?” Одам Ато деди: “Ҳобилнинг қони тўкилган ерга Тангрининг лаънати бўлсин”. Шу дақиқада Ҳобилнинг қони ер юзига қайтиб чиқди. Шу-шу қон ерга сингмас бўлди. У ерда оқ тиканак бирла юлғун унди. Чўлу биёбандаги қурт-қушлар қочиб, тоққа яшириндилар. Қариндош орасида меҳр-оқибат қолмади деб, Одам Ато билан Момо Ҳаво юм-юм йиғладилар. Одам Ато зор-зор йиғлаб марсия айтди. Ер юзинда илк марта шеър айтган Одам Ато эди.

Тағайярат ул биладу ва ман алайха

Ва важҳул арзи муғаййирун Масиху

Фаажабаҳу иблис лаънатуллохи алайҳа

Тағайяра куллу зи-лавнин ва таъмин

Ва қад башаштил важҳил малиҳу

Би қатли Қобилин Ҳобилин ахаху

Фа ё асафа алал важҳис-сабиҳи

Ва бадалатил-арзу аслан ва ҳамтан

Ва фил-фирдавси анҳарун сабиҳун

Фа ҳал ана мин ҳаётий мустариҳун

Ва ё асафа ала Ҳобилин иннани

Қатилан қад тазаманнаҳу аз-зариҳу

Танҳа алал-билади ва сакиниҳа

Ва фил-фирдавси зақа бика ал фасиҳу

Вал қалбука мин азад-дунё муриҳун

Ва ажабаку Ҳаввоу разияллоҳу анҳа

Туннажи фа иннака шайтанун лаинун

Яфизу ал важҳу малъунун қабиҳун

Таваллу даҳри кунта лана адувван

Лаинан ла ямуту фа тасмариҳу

Ривоятда айтилишича: Қобил Ҳобилни ўлдиргач, иблис унга “Мавло Таоло нега сени қурбонлигингни қабул қилмади, биласанми? Деди. Чунки, сен ўтга сиғинмайсан. Бутга сажда қилмайсан. Шароб ичмайсан”. Шундан кейин Қобил бутга топинди, шароб ичди, маишатлар уюштирди. Одам Ато бу ҳақда хабар топгач, Қобилни бу ишлардан қайтармоқ бўлиб, қирқ минг йигитни жўнатди. Улар келиб Қобилни айтгандек кўрдилар. Дунёдаги фосиқ ишлар қиёматга қадар Қобилдан қолди. Охират бўлганида улар ўз аҳволини кўриб, Яратганга ёлвориб йиғлагайлар. “Эй парвардигоримиз, жину инсларни, бизларни тўғри йўлдан адаштирганларни кўрсатгилки, биз уларни қадамларимиз остида олайлик, токи улар энг паст хорланганлардан бўлсинлар”.

У ҳолда хитоб келгай: Эй Иблис, дўзахийлар сани истарлар”. Иблис айтгай: Мен ҳам уларни истарман. Мавло Таоло дўзах ичинда бир минбар қўйдиргай. Иблис у минбарга чиқиб: Албатта, мен бундан илгари мени шерик қилганларингиздан безорман. Ўзингизнинг ақлу фаросатингиз қайда эди?” Дўзахийлар жавоб беролмаслар.

Яна айтмишларким: Қобил Ҳобилни ўлдиргач, Иқлиманинг қўлидан тутиб, Яман вилоятига борди, ўтга сиғина бошлади. Одам ўғилларидан ким унда ўтар бўлса, лаънатлаб бир тош отар эди. Бир ўғли кўзсиз бўлди. Унинг ёнига келдилар. “Отанг ўз қариндошларини ўлдирди” деди. Кўзсиз отасини тош олиб ўлдирди. “Нега отангни ўлдирдинг?” деб сўраган ўғлонни ҳам ўлдирди. Таъма, фисқу фасод, ёзувлик туфайли Қобилнинг авлод — аждоди ҳам ҳалок бўлиб, дўзахий бўлди.

Яна бир хабарда андоқ келур: Одам Ато Яратгандан Ерни менинг измимга бергил деб тилади. Ерга фармон бўлди. Одам нени айтса шуни қилғил деб. Одам Ато айтди: Ер ютсин Қобилни. У тўпиғигача кўмилди. Қобил қўрқди. Айтди: Эй, ота, раҳм қилғил: Сен қариндошингга раҳм қилмадинг, илтижонгни қандай қабул қилурман?. Яна Ерга фармон берди. Ер уни тиззасигача ютди. У яна ялворди: Эй, ота, сен жаннатда гуноҳ қилдинг тангри сени кечирди. Тила, мени ҳам кечирсин. Одам Ато жавоб берди: Мен буғдой едим. Сен қон тўкдинг, қандай кечирсин? Яна ерга айтди: “Ютгил!” Ер Қобилни белигача ютди. Қобил яна ёлворди. Эй, ота, Худонинг юз минг улуғ раҳмати бор. Унинг тўқсон тўққизи Ер юзидаги мўминларга, бир улуши барча одамларга берилган дердинг. Тилагил, менга ўша бир улушдан берсин. Одам айтди: Сен қариндошларингга раҳм қилмадинг, ул раҳматдин сенга улуш йўқ. Яна ерга буюрди. Ер Қобилни бўғзига қадар ютди. Қобил Одам Атодан умидини узди. Оллоҳдан сўради: Илоҳим, отамдан эшитдим, сени Раҳмон, Раҳим икки отинг бор. Ул раҳмонлик фазилатинг ила мени бу азобдан қутқаргил. Қутқармас бўлсанг, Раҳмон отингни ўзингдан кетказгил. Овоз эштилди: Эй, Қобил мен барчани азобдан қутқаргайман. Раҳмон отимни кетказмагайман. Ерга хитоб келди: Қобилни жойлаштир. Тангри фармони билан бир фаришта келди. Қобилнинг оёғидан тутиб, машриқдан мағрибгача бўлган етти йўлга чалди, ҳалок бўлди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.