“Қисаси Рабғузий” асари: Ҳуд алайҳиссалом қиссаси

0
1217
марта кўрилган.

Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган. 

Қадимий туркий тилда ёзилган икки жилдли ушбу дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.

Бебаҳо асарнинг навбатдаги қисмида Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти билан таништирилади.

Ҳуд алайҳиссалом ҳақида Қуръони Каримнинг Фажр” сурасида тилга олинган(Р.З.;Н,С,).

Нуҳдан кезин Ҳуд яловоч бўлди уч юз йил кечиб,

Юрир эрди кўп халойиқдин, шариъатдан қочиб.

Тунла –кундуз Ҳуд тегурди Тегримизнинг ёрлиғин,

”Сакиз ужмоққа келинг”, теб ҳақни ботилдин сижиб.

Рабқа ёзиб, йўлдин озиб, сунмадин динға бўюн,

Ҳақға тониб, халқға ёниб, бутга сиғиниб, хамр ичиб,

Олмадилар Ҳуд сўзин, битмадилар Мавлоға.

Ҳеч ким эрса айтмаган сўз айтдилар явлоқ ажиб,

Айди:”Ё қавми убадуллоҳа” андин ўзга тенгри йўқ,

Сиғинған Ҳақ ҳазратинға йиғлади ёшин сочиб.

Умасға тегди эрса ун келтирду ёлбориб,

Айтди инграб: ”Анта рабби қодирун ҳаййун мужиб”

Етти тун, саккиз кун ичра йўқ бўзун қилди уғон,

Йиғна юртугунча елдин одийларга йўл очиб.

Ҳуд пайғамбар алайҳис-салом тўқиз яшаюрда одий бўзуни келди

Ва ила Аадин ахаҳўм Ҳудан

Рабғўзий китобида ёзилича беш пайғамбар араблардандир. Ҳуд, Солих, Шис, Исмоил ва Муҳаммад алайхиссалом. Ҳуднинг тўлиқ исми шарифи Ҳуд ибн Абдуллох ибн Риёх ибн ал Ҳулуд ибн Од ибн Аваз ибн Ирам ибн Сом ибн Нух алайҳиссалом. Ҳуд пайғамбаримизнинг аждодлари орасида Од исмли бобоси бор. Демак унинг қавми бобосининг исми билан аталади.

Од қабиласи кишиларига ўхшаш кучли, басавлат, пахлавон кишилар бошқа жойларда бўлмаган. Улар қумли, саҳроли ерларда қоматларига мос баланд-баланд устунли мухташам чодирлардан ясалган гўзал ва улуғвор шаҳарда истиқомат қилганлар. Қабила аъзолари девқомат, серсавлат, ва бақувват бўлишсада, фикр доиралари тор бўлган. Ўзларини маънавий юксалтириш борасида изланмаганлар.

 Бўйлари тўрт юз қарига (ўлчов бирлиги-  қўл учидан билаккача бўлган узунлик) тенг келарди. Тўрт юз қари осмонга сакраб, пастга тушганларида тиззалари қадар ерга кириб кетар эдилар. Куч –қувватда ён атрофда уларга тенг келадиган қабила йўқ эди. Ўзларига кучларига яраша олтин-у кумушдан бут ясаб, унга сиғинар эдилар. Биздек кучли қавм ер юзида йўқ дея ўзига бино қўйиб, мағрурланар эдилар. Оллоҳ берган савлат билан фахрланар эдилар. Улар кичик жуссали халқлар устидан масхаралаб кулардилар.

Од қавми бошига иш тушса,  Маккага қурбонлик қилардилар. Улар Маккага  Мозид ибн Саъд, Луқмон ибн Од (у Луқмани Ҳаким эмас) Қайл ибн Умар деган уч кишини юбордилар. Мазид ва Луқмон мусурмон эдилар. Маккада уларнинг  Муовия исмли қариндоши бор эди. У бадавлат, сахий ва жуванмард эди. Улар бир ой унинг меҳмони бўлиб, маишат қилдилар. Асосий мақсадни ҳам унитдилар. Улардан Муовия ҳам нафратланди. У хизматкорларига ёмғир тилаб айтиладиган қўшиқларни куйлашни сўради. Зора ўзларига келиб, мақсадни бажариб, уйларига қайтишса деб, умид қилди. Ҳақиқатда улар қўшиқни эшитиб, мажбуриятини эсладилар Каъбага келиб, қурбонлик қилдилар.

Қайл деди: Оллоҳим агар Ҳуднинг айтганлари рост бўлса бизни сероб қилгил. Садо эшитилди: Эй, Қайл бу булутлардан бирини  танла. Қайл булутларга қаради. Улар оппоқ, қоп-қора ва қизил тусли эди. Қора булут ёмғирли бўлади деб ўйлаб, уни танлади. У танлаган азоб булути эди. Фаришталар  елни игна кўзидек очдилар. Шамол етти кун ва саккиз тун давом этди. Қаттиқ эсаётган шамол мустаҳкам чодирларни ҳам йиртиб, бузиб учириб юборган. Ҳатто одам териларини шикастлаб, аъзоларини тўрт томонга учирди. Бирор жон қолдирмай ҳаммасини ҳалок қилди. Қавм аҳлининг жуссаси қанчалик кучли, бақувват бўлишига қарамай, ҳеч нима қила олмади. Ҳатто Ҳолчоп исмли энг кучли одам шамолнинг йўлини катта тош билан тўсмоқчи бўлди. Ел уни тош билан бирга учириб кетди. Улар қирқ кун-у тун қийналиб ҳалок бўлишди.

 Қайл буни эшитиб деди: “Эй, Оллох бу рост бўлса мени ҳам ҳалок қил  Ел келди. Қайлни ҳам чалди. Мазид ва Луқмон иккаласи омон қолдилар. Эшитганларини, кўрганларини барчага айта бердилар.

 Фаришталар Ҳуднинг атрофига чизиқ тортдилар. Унга ҳеч нима қилмади.

 Бугунги кунда ишлатиладиган айёми ажуз сўзи ана шу кундан қолган. Шунинг учун эрта баҳор келадиган совуқни айёми ажуз атайдилар.

Ҳуд пайғамбар ҳикояти орқали Рабғўзий куч-қувват, мол-мулк ҳар доим ҳам фойда бермаслигини, шунинг учун дунёдаги барча нарсани   мол-мулк билан ўлчашлик хато эканлигини таъкидлайди. Дунё неъматлари инсонга синов учун берилиши ёки берилмаслигини уқтиради. Муллиф ўзига бино қўйишлик, манманлик, таккабурлик, бошқаларга беписанд муомалада бўлиш охир-оқибат фалокатга олиб келади, эзгулик, имон, эътиқодгина мақсадга етказади, дея хулоса чиқаради.(Р.З.;Н.С.)

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.